Ўқитувчи меҳнати ўқувчи муваффақиятида кўринади
Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Пойтахтимиздаги адиблар хиёбонида йигирмадан ортиқ атоқли адибларимизнинг ҳайкаллари саф тортиб турибди. Шулар қаторда қорақалпоқ элининг суюкли шоири Ибройим Юсупов ҳайкали ҳам ўрин олган. Нукус шаҳрида Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабининг қурилиши ҳам айнан, Президентимиз ташрифида илгари сурилган ташаббусдир. Ҳозирда мазкур ижод мактабида билимли, иқтидорли ўқувчилар таълим олмоқда.

Мактабда ўқувчиларнинг чуқур билим олиши учун барча шароит мавжуд. Жумладан, ёш таржимонлар, веб-дизайн, компьютер графикаси, тасвирий ва рақамли санъат, аудиовизуал асарларни яратиш ва қайта ишлаш, актёрлик маҳорати каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ижод мактаби ўқувчилари турли кўрик-танловларда совринли ўринларни эгалламоқда.

— Жорий йилда 10 та синфда 190 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда, — дейди Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабининг ихтисослик фанлари бўйича директор ўринбосари Зулфия Сатбаева. — Ўқувчиларга ўттиз нафардан ортиқ юқори малакали ўқитувчилар интерактив тарзда чуқурлаштирилган билим бермоқда. Ижод мактабимизга туманлардан келиб таҳсил олаётган ўқувчилар учун 160 ўринли ётоқхона мавжуд. Жорий йилда 33 нафар ўқувчи битирадиган бўлса, уларнинг 5 нафари инглиз тилидан C1, B2, бир нафар ўқувчи япон тилидан халқаро даражадаги сертификатларни олишга муваффақ бўлди.

Албатта, ўқитувчининг меҳнати ўқувчиларнинг муваффақиятида кўринади. Мазкур ижод мактабидан фанлар олимпиадасида Қутлибика Базарбаева, Аруна Ташкентбаева, Гулниса Жумабаева, Дониёр Муратбаев фаол иштирок этиб, фахрли 1-2-3- ўринларни қўлга киритди. Фанлар олимпиадасининг ИВ республика босқичида қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан 11-синф ўқувчиси Гоззал Рейпназарова 2-ўринни, 11-синф ўқувчиси Гулдана Қидирбаева фахрли 3-ўринни эгаллашди. Мактаб ўз номига яраша ёш ижодкорларни етиштириб чиқаришда ўзига хос тажрибага эга. Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан «Ижод боғидан гулдаста» номли тўпламда 12 нафар ўқувчининг китоби чоп этилди. Яқинда Агентлик ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликдаги «Менинг биринчи китобим» лойиҳасида 9-синф ўқувчиси Нурдана Бисенбаеванинг тўплами ҳам нашрдан чиқарилди. У ижод мактаблари ўртасида ўтказиб келинаётган «Ижодий олимпиада»да фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

Ибройим Юсуповнинг ижоди қорақалпоқ шеърияти, адабиётида азим чинорга қиёсланади. Нукуснинг марказий кўчаларининг бирида жойлашган мазкур ижод мактаби олдида шоир Ибройим Юсуповнинг ҳайкали ўрнатилган. Атоқли шоир Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясининг муаллифидир. Адиб ихлосмандлари унинг шеърлари ва достонлари, ҳикоя ва пьесалари, долзарб публицистикаси билан яқиндан таниш. У Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоиридир, қўша-қўша орден ва медаллар соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори ҳисобланади. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Олий Мажлислари депутатлигига сайланган. Айни пайтда мазкур ижод мактабининг ёшлари ҳам оламшумул кашфиётлари, ноёб ижодлари билан ўз юртини дунёга танитмоқда. Ибройим Юсупов ижодининг маънавий бойлиги қанчалик юксаклигини Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ўз битикларида ҳам ифодалаган:
Кимдир қайта насиб этса гар дунё,
Бундоқ яшардим деб надомат этди.
Кимгадир бу армон керакдир,
Аммо Ибройим Юсупов бир келиб кетди...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг