Оқ уйга кўчишга тайёрланаётган Трамп Байден билан кўришди
Фото: AP
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ва мамлакатнинг амалдаги раҳбари Жо Байден сиёсий майдондаги чуқур келишмовчиликларга қарамай чоршанба куни ҳокимият алмашинуви фонида учрашиб, Украина ва Яқин Шарқ масалаларини муҳокама қилишди.
Оқ уй матбуот котибининг журналистларга айтишича, сиёсатчилар миллий хавфсизлик ва мамлакат ҳамда дунё олдида турган муҳим ички сиёсат масалаларини муҳокама қилган. Унинг қўшимча қилишича, 2 соатлик учрашув самимий ва мазмунли ўтган.
“Байден Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ миллий хавфсизлиги учун фойдали эканлигини таъкидлади, чунки кучли ва барқарор Европа Американи урушга тортилишидан сақлайди”, — дейди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистларга. Трамп эса Россия — Украина урушини зудлик билан тугатишга ваъда берган. Аммо уни қандай амалга оширишни маълум қилмаган.
“New York Post” газетаси эса сиёсатчилар Яқин Шарқ масаласи бўйича ҳам узоқ гаплашганини ёзди.
Иккала етакчи ҳам ҳокимият алмашинуви силлиқ кечишини таъкидлаган. Байден ушбу жараённи интиқлик билан кутаётгани ва Трампга хуш келганини айтган.
“Сиёсат жуда қийин ва кўп ҳолларда унчалик ёқимли соҳа бўлмаса-да, лекин бугунги кунда бу жараённи қадрлайман. Ҳокимият алмашиши силлиқ кечади мен бунга ишонаман”, — дейди Трамп.
Икки сиёсатчи бир неча йиллар давомида бир-бирини танқид қилиб келишди. Уларнинг жамоалари иқлим ўзгаришидан Россиягача, савдо-сотиқгача бўлган сиёсат бўйича турли позицияларга эга.
81 ёшли Байден Трампни демократияга таҳдид сифатида кўрсатган, 78 ёшли Трамп эса Байденни қобилиятсиз деб атаган. Трамп 2020 йилги сайловда мағлуб бўлганидан кейин кенг тарқалган фирибгарлик ҳақида ёлғон даъволар қилган эди.
Биринчи хоним Жилл Байден ҳам ушбу тадбирда иштирок этган. Оқ уй Трампга рафиқаси Мелания Трамп учун қўлёзма табрик хатини берганини ва унинг жамоаси алмашинув жараёнларига ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Трамп ўз ғалабасини Вакиллар палатасидаги республикачилар билан нишонлаган. “Edison Research” чоршанба куни республикачилар Вакиллар палатасида кўпчиликка эга бўлишини тахмин қилди, яъни Трамп партияси Конгресснинг иккала палатасини ҳам назорат қилади.
Оқ уйга келаётган Трамп ўз жамоаси аъзоларининг баъзиларини эълон қилган. Ҳали у офис майдони ва унга керак бўладиган жиҳозлар рўйхати бўйича келишувга имзо чекканича йўқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Бош прокуратура Алламжонов суиқасдига оид қўшимча ахборотни очиқлади
- 2025 йилда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар қанчага оширилиши маълум бўлди
- ДХХ ва Мудофаа вазирлиги раҳбариятидаги тайинловлар расмий эълон қилинди
- Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги Янгиҳаёт ва Бектемир туманларига ташриф буюрди — Фоторепортаж
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг