Оналар ва болалар ўртасида касалликлар кескин камаяди

10:50 16 Май 2022 Жамият
1280 0

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Саломатлик ҳақида сўз кетса, кўз ўнгимизда, аввало, оналар ва болалар гавдаланади. Чунки улар табиатан ҳимоя ва кўмакка муҳтож.

Аммо шу пайтгача юртимиздаги 227 та туғуруқ муассасаси замонавий тиббий ускуналар билан етарли даражада таъминланмагани, мавжудлари маънан эскиргани сабабли охирги 10 йилда оналар ва гўдаклар ўлимининг интенсив кўрсаткичи деярли ўзгаришсиз қолаётгани ачинарлидир.

Хўш, бу оғриқли муаммоларни бартараф этиш учун давлатимиз томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

— Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “2022 — 2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарор бу йўналишдаги барча масалалар ечимини қамраб олди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова.

— Масалан, туман (шаҳар)ларда болалар поликлиникаси мавжуд эмаслиги сабабли бемор болалар амбулатор тизимни четлаб, тўғридан-тўғри вилоят ҳамда республика шифохоналарига мурожаат қилишга мажбур эди.

Жумладан, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига 2020 йилда 187 мингга яқин мурожаат бўлган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 276 мингдан ошган. Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам мурожаатлар сони 2020 йилдаги 68,5 мингтадан 2021 йилда 87,4 мингтага етган. Бундай ҳолатларни Тошкент ва Бухоро вилоятлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Шунингдек, мавжуд болалар шифохоналари респиратор ва бошқа юқумли касалликлар авж олган даврларда 100 фоизгача қўшимча босим билан ишлаётгани ҳам сир эмас.

Айниқса, мавсумий нафас йўллари касалликлари кўпайган вақтларда тегишли койка-ўринлар етишмаслиги оқибатида бемор болалар санитария талабларига зид равишда ёрдамчи хоналарга жойлаштирилар эди.

Қарорга мувофиқ, энди шу йил 1 майдан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида болалар бўлими ташкил этилиб, унинг таркибида педиатрия йўналишидаги барча мутахассислар фаолият юритади.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ҳужжатга биноан, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари ташкил этилиши ҳам болалар саломатлиги ҳамда ҳаётини асраш борасида муҳим қадам бўлди.

— Болалар касалликларини ташхислашда ҳудудлардаги лаборатор текширувларнинг ҳаққонийлиги ва аниқлиги устидан ташқи сифат назорати ўрнатилмаган, шунингдек, текширувлар халқаро стандартларга мос келмасди, — дейди Э.Баситханова. — Боз устига, ўғил-қизлар ўртасида ногиронликка олиб келувчи касалликларни эрта аниқлашда махсус генетик текширувларни ўтказиш учун етарли шароит бўлмаган.

Энди бу муаммо ҳам барҳам топади. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида жажжи беморларда ирсий-генетик, шу жумладан, орфан касалликларни эрта ташхислаш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораторияси ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер