Оналар она табиатни асрашда ҳам ўрнак

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухорода Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан «Оналар она табиатни асраш жарчисидир» деб номланган илмий-амалий анжуман ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда зиёлилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошидаги «Аёл маърифати» жамоатчилик кенгаши ҳамда «Оқила аёллар» ҳаракати аъзолари, ҳамкор ташкилотлар масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари иштирок этди.
«Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати доирасидаги мазкур тадбирнинг Бухоро туманидаги «ВАРНEТ» мажмуасида ўтказилган асосий қисмида вилоят ҳокими Б. Зарипов сўз олиб, она табиатни асраб-авайлаш юртимиз, хусусан, воҳанинг мураккаб иқлим шароитида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Анжуманда давлатимиз раҳбарининг «Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак!» деган даъватидан келиб чиққан ҳолда қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Фуқароларда экологик маданиятни юқори поғонага кўтариш, яшил ҳудудлар барпо этиш, сувни тежаш, ён-атрофни озода сақлаш, табиатни асрашга оналик ҳисси билан қараш каби вазифалар шулар жумласидандир.
Тадбир доирасида олима ва ихтирочи хотин-қизларнинг илмий ишланмалари, томорқадан даромад топаётган аёлларнинг маҳсулотлари кўргазмаси, гулчилик, кўчат кўпайтириш бўйича ўқув машғулотлари ташкил қилинди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ш. Умаров ҳамда соҳа олим ва мутахассисларининг чиқишлари асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 25 мартдан 25 апрелга қадар «Яқин қўшнимга, яқин ўртоғимга 5 туп кўчат, 5 туп гул ва китоблар совға қиламан!» деб номланган бир ойлик лойиҳа ўзаро ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этиладиган бўлди.
Тадбирнинг амалий қисми Бухоро туманидаги «Истиқбол» маҳалласида 1 гектар майдонда «Оила боғи» барпо этиш билан давом этди. Маҳаллада ташкил этилган томорқа маҳсулотлари кўргазмаси, сабзавот ва гул савдо-ярмаркаси, фольклор ансамбли чиқишлари, мушоира, китобхонлик тарғиботи (китоб совға қилиш), «Қизлар сайли», «Сумалак сайли», «Асал кўргазмаси» каби тадбирлар иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.
— Она табиатни асраб-авайлашда хотин-қизларнинг алоҳида ўрни бор, —дейди анжуман қатнашчиси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи Марҳабо Пардаева. — Дейлик, оналаримиз кўчат ўтқазиш, боғ барпо этиш орқали фарзандларига ўрнак бўлади. Натижада ўғил-қизлар юрагида табиатга нисбатан меҳру муҳаббат туйғулари илдиз отади. Шу нуқтаи назардан ҳам ушбу илмий-амалий анжуман фойдали кечди.
Тадбир доирасида Бухоро шаҳридаги 5-мактабгача таълим муассасасида «Мен экологик фаол бўламан» мавзусида маърифий кеча, Бухоро давлат техника университетида эса «Яшил тарбиядан яшил ихтироларгача, яшил тараққиётда аёлларнинг ўрни» деб номланган илмий-амалий семинар ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, ҳовлисида иссиқхона барпо этиб, рўзғорини бут, бозорни тўкин этаётган оилалар тажрибаси ўрганилди.
Анжуманда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг