Она замин қалқони
16 сентябрь — Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни
Суюндик МАМИРОВ/«Халқ сўзи». Озон қатлами сайёрамизни қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қилувчи қалқон вазифасини бажаради. Афсуски, ҳозирги даврда бу қалқоннинг ўзи ҳимояга муҳтож. Ер шарида экологик муаммолар ортиб бораётгани, атмосферага зарарли моддаларнинг катта миқдорда чиқариб юборилиши натижасида озон қатлами емирилиши инсониятни хавотирга солмоқда.
Дарҳақиқат, бундан тахминан 620 миллион йил аввал пайдо бўлган ушбу қатлам ер юзидаги жамики тирик организмларни қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурлари таъсиридан асрайди, яъни ерга тушаётган нурли радиациянинг қарийб 93-99 фоизини тутиб қолади.
Озон қатлами турли сабабларга кўра, сийраклашиши мумкин. Масалан, табиий сабаблардан бири вулқон отилиши ҳисобланиб, у билан бирга таркибида олтингугурт бирикмалари отилиб чиқади. Олтингугурт ҳавода бошқа газлар билан аралашади. Шу жараёнлар натижасида озон қатламини емирувчи сульфатлар ҳосил бўлади. Инсон фаолияти билан боғлиқ жараёнларни эътиборга олмасак, табиий ҳодисалар натижасида озоннинг пайдо бўлиши ва емирилиши тезлиги тенг, яъни стратосферада озон концентрацияси деярли ўзгармайди.
Бу жараённи инсониятнинг илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш фаолияти тезлаштириб, сайёрамизни қуёш радиациясидан ҳимоя қиладиган озон қатлами шиддат билан юпқалашишимга олиб келди. Маълумотларга қараганда, озон қатламининг емирилиши натижасида энг катта туйнуклар Ернинг жанубий ва шимолий қутбларида қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, озон емирувчи моддаларнинг аксарияти глобал исишни келтириб чиқарувчи газлар ҳисобланади. Шундай экан, озон қатламининг емирилиши мислсиз иқлим ўзгаришига, одамнинг иммун тизими пасайишига, тери саратони касаллиги кўпайишига, ўсимликлар ривожига, умуман, инсониятнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади.
Озон қатламини муҳофаза қилиш масаласи барча мамлакатларни ҳамжиҳатликда фаолият юритишга ундайди. 1985 йил 22 март куни Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинди. Эътиборли жиҳати, 1987 йил 16 сентябрь куни ушбу конвенция асосида Монреал протоколи имзоланди. Мазкур протоколга асосан жаҳон ҳамжамияти хлорфторуглерод (ХФУ) ва бошқа озон қатламини емирувчи моддаларни ишлаб чиқаришни кескин қисқартириш мақсадида бирлашди. Бугунги кунда 200 га яқин мамлакат томонидан ратификация қилинган Монреал протоколида озон қатламини емирувчи 100 га яқин моддалардан фойдаланишни босқичма-босқич қисқартириш бўйича вазифалар қатъий белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси 1993 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Монреал протоколига қўшилди. Мамлакатимизда озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш чора-тадбирлари самарали амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирги вақтда бундай моддаларнинг 99,9 фоизи муомаладан чиқарилган.
Мухтасар айтганда, дунё ҳамжамияти томонидан озон қатламини тиклаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ҳисоб-китобларга кўра, асримиз ўрталарида мавжуд озон туйнуклари тўлиқ қопланиши кутилмоқда. Бунга Ўзбекистон ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётгани барчамизни мамнун этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг