Омоч билан деҳқончилик мактабини яратган қизилтомликлар

16:53 27 Сентябр 2024 Жамият
292 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/“Халқ сўзи”. Ҳали ҳам омоч билан ер ҳайдаб деҳқончилик қиладиган, бошоқли, дуккакли экинларни қўлда ўриб, ҳўкиз, от ёрдамида янчиб ҳосилини оладиган, оддий тегирмондан воз кечмаган қишлоқлар борлигини тасаввур этиш қийин. Аммо Қамаши туманидаги Қизилтом қишлоғи аҳолисининг кундалик турмуш тарзи шундай. Сабаби баланд тоғлар орасида жойлашган бу манзилга техника олиб келиш, олиб келганда ҳам уни ёқилғи билан таъминлаш имкони йўқ.

Шунга қарамай, қишлоқ аҳли томорқачиликда тилга тушаётгани эътиборга молик. Биз қизилтомликларнинг деҳқончилик ишлари билан танишиш мақсадида ушбу қишлоққа томон йўлга тушдик.

Қизилтомга бориш учун дастлаб Қарши шаҳридан Қамаши туманининг Қизилтепа қишлоғига қадар қарийб 70 чақирим йўл босиб ўтиш лозим. Бу ердан то Майданак чўққисига боргунингизга қадар эса яна 80 чақирим тоғли йўл, 20 дан ортиқ қишлоқларни босиб ўтасиз. Майданак чўққисига етгач йўл ҳам, қишлоқлар ҳам тугагандек таассурот уйғонади. Чунки нарёғи ям-яшил арчазорга бурканган баланд чўққилар, уларнинг ортида ёввойи табиат гўзалликларидан бошқа бирор нарса бўлиши мумкинлигига ишониш қийин. Аммо ана шу чўққилар ортида нафақат туман, балки Қашқадарё вилоятидаги энг чекка қишлоқлардан бири — Қизилтом қишлоғи жойлашган. Қишлоқдаги юздан ошиқ хонадонда мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Баланд тоғ қоялари оралаб ўтган тупроқ йўл орқали Қизилтомга бориш осон иш эмаслигини сафаримиз давомида ҳис этдик. Майданак чўққисига қадар оддий машиналарда ҳаракатланиш мумкин бўлса, нарёғига тоғ йўлларида юришга мослашган махсус техникалар зарур. Уларсиз Қизилтомга бориб бўлмайди. Шу боис ҳам бу қишлоқ ташқи оламдан анча узилиб қолган. У ерга масъул раҳбарларнинг ҳам оёғи доим етавермайди, муаммолар ҳам кам эмас. Аммо биз ҳозир булар ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Ана шу гўзал табиат қўйнидаги одамларнинг қийин мураккаб шароитда ҳам деҳқончилик қилиб, бу борада ўзига хос мактаб яратгани ҳақидаги таассуротларимизни сиз билан бўлишишни истаймиз.

Қизилтомнинг гир атрофи баланд қоялар билан ўралган бўлса-да, аҳоли деҳқончилик қиладиган сойликдаги тупроқ ниҳоятда майин, унумдор экан. Шу қишлоқлик Турсоат Боллиев бунинг сабабини қуйидагича тушунтирди.

— Қишлоғимизга техникалар кириб келиши осон иш эмас, — дейди у. — Техника бўлганда ҳам ёқилғи бўлмайди. Шу сабаб барчамиз ҳўкиз билан омоч тортиб, ер ағдарамиз. Натижада ер қотиб қолмайди. Тупроққа доим қўлда ишлов берилгани боис тошлардан тозалаб турилади. Бундан ташқари, бу ерларга турли минерал ўғитларни олиб келиш ҳам муаммо. Асосан маҳаллий ўғитлардан фойдаланамиз. Тупроғимизнинг майин ва унумдорлигининг боиси шунда.

Турсоат Боллиевнинг маълумот беришича, экин ерларининг бир қисми ҳудуддаги булоқдан суғорилса, лалмикор майдонларда арпа, буғдой, нўхат, зиғир, махсар ва шу каби экинларни етиштириш имкони мавжуд.

Аҳоли суғориладиган майдонларда асосан картошкачилик билан шуғулланар экан. Бу борада улар катта тажриба тўплашган. Омоч билан ҳайдалган ерда булоқ сувини симириб етилган картошкалар салмоқ борасида ҳам, чирой борасида ҳам ҳар қандай бозорнинг олд маҳсулоти бўла олади.

— Ҳар йили 60 сотихдан кўпроқ майдонда картошка етиштираман, — дейди шу қишлоқлик Феруз Раупов. — Йилига 50 тонна атрофида сара картошка оламиз. Бундан ташқари, лалми майдонда нўхат, арпа етиштирамиз. Ҳовлида мевали дарахтларимиз, бироз чорвамиз бор. Йил бўйи томорқа ва чорва ишлари билан банд бўламиз. Шу меҳнатларимиз ортидан дастурхонимиз тўкис, ҳаётимиз фаровон.

Биз борган куни Қизилтомда барчанинг кайфияти чоғ, эркакларнинг аксарияти ҳашарга чиқиб кетишган экан. Уларнинг айтишича, Ҳукуматимиз томонидан “Барча ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларининг шабадаси Қизилтомга ҳам етиб кела бошлабди. Тегишли дастур асосида қишлоққа келаётган йўлнинг бир қисмида таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган, бундан руҳланган қишлоқ одамларининг ҳам ўзлари ташаббус кўрсатиб, ҳашарга ошиққан экан.

Одамларнинг айтишимча, қишлоқ аҳлининг ҳаёти янада фаровонлашишида бу йўл жуда катта аҳамиятга эга.

— Барча хонадонлар томорқадан картошка ҳосилини йиғиб олишгач, уни туман марказига олиб бориш учун юк машинаси ёллаймиз, — дейишди улар. — Ўтган йили битта юк машинаси 5 миллион сўм билан келганди. Мана энди йўл яхшилангач, 2 миллион сўмга ҳам келадиган юк машиналари топилади. Ёки ўзимиз туман марказига бориб қайтишимиз учун камида 1 миллион сўмни йўлга сарфлардик. Энди шунинг ярми билан ҳам марказга бориб келиш имкони туғилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?