«Олтин тўп» қасоси олинган оқшомда «FIFA The Best 2024» ғолиблари аниқланди: Винисиус, Анчелотти ва Мартинес – йилнинг энг яхшилари

09:59 18 Декабрь 2024 Спорт
328 0

Кеча, 17 декабр куни Қатарда ФИФА томонидан ташкил этилган тантанали маросимда 2024 йилги «The Best» совринининг барча номинациялари бўйича ғолиблар номи эълон қилинди.

«Реал Мадрид» футболчиси Винисиус Жуниор ФИФА талқинига кўра, ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ушбу соврин учун Килиан Мбаппе, Эрлинг Ҳоланд, Лионел Месси, Родри, Жуд Беллингем каби юлдузлар ҳам номзод эди.

Йилнинг энг яхши мураббийи соврини ҳам «Реал Мадрид» клубига насиб қилди. Карло Анчелотти ФИФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилиб, совринни Арсен Венгердан қабул қилиб олди. Мукофот учун Пеп Гвардиола, Лионел Скалони, Луис де ла Фуенте ва Хаби Алонсо каби мураббийлар ҳам даъвогарлик қилган эди.

Дарвозабонлар орасида «Астон Вилла» клубининг аргентиналик посбони Эмилиано Мартинес йилнинг энг яхшиси деб топилди. Бу номинацияда Андрей Лунин, Эдерсон, Жанлуижжи Доннарумма ва Майк Менян каби номзодлар бор эди. Шунингдек, ФИФА йил голи сифатида «Манчестер Юнайтед» футболчиси томонидан «Эвертон» дарвозасига урилган акробатик суперголни танлади ва унга «Пушкаш» мукофоти топширилди.

ФИФА талқинига кўра, мавсумнинг рамзий жамоаси ҳам эълон қилинди. Дарвозабон Эмилиано Мартинес, ҳимоячилар Дани Карвахал, Антонио Рюдигер, Рубен Диаш ва Вилям Салиба, ярим ҳимоячилар Родри, Жуд Беллингем, Тони Кроос ва Ламин Ямал, ҳужумчилар эса Эрлинг Ҳоланд ва Винисиус таркибдан ўрин олди.

Ғолибларни аниқлашда футболчиларнинг 2023 йил 21 августдан 2024 йил 10 августгача бўлган даврдаги натижалари инобатга олинган. Соврин эгалари миллий жамоалар сардорлари, мураббийлар, мухлислар ва ОАВ вакиллари овозлари орқали аниқланган.

Ўзбекистон номидан ушбу овоз беришда миллий терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец, сардор Элдор Шомуродов ва медиа вакили Даврон Файзиев иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?