Яхшилик жавобсиз қолмайди

14:05 04 Март 2025 Жамият
195 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Баҳорнинг илк кунлари Қўқон давлат педагогика институтининг педагогика ва ижтимоий фанлар факультети 1-босқич талабалари ибратли ташаббуси туфайли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг маломатига қолди. Улар дарсдан сўнг шаҳарнинг катта кўчаларидан бирини турли чиқиндилардан тозалашди. Шундан сўнг ҳудуддаги якка-ёлғиз кексалар, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар хонадонларини саранжом-саришталаб дуосини олишди. Шундай хайрли ишга бел боғлаган йигит-қизлар тенгдошларига ўрнак бўлиши учун иш жараёнидаги лавҳаларни ижтимоий тармоққа жойлади. Афсуски, уларни қўллаб-қувватлаш ўрнига эзгу ташаббуслари нотўғри талқин қилинди. Бир тоифа фойдаланувчилар ёшларнинг бу хатти-ҳаракатларини шунчаки «пиар» дея аюҳаннос солган бўлса, иккинчи тоифа мажбурий меҳнатга йўйиб, ҳар хил изоҳлар қолдиришди.

— Очиғи, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур ташаббусга ўта салбий муносабатда бўлганини тушунмадик, — дейди лойиҳа ташаббускори, педагогика ва ижтимоий фанлар факультети 1-босқич талабаси Ойдиной Холмирзаева. — Тенгдошларимиз ҳам маҳалла ёки шаҳар кўчаларининг озода ва обод бўлишига ўз ҳиссасини қўшишини истагандик. Бизни айблаётган ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам бўш вақтини фақат интернет тармоқларида ўтказиб, бизни муҳокама қилгунча ёрдамга муҳтожларга қарашсалар яхши бўларди. Ахир, интернет фақат муаммоларни ёзадиган майдон эмаску, ўз ўрнида эзгу ишларнинг ҳам тарғиботига эҳтиёж сезилади.

Дарҳақиқат, кўкламда ҳашарлар уюштириш, хонадонлар, маҳаллаларни озода ва саришта қилиш, ўзаро меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг азалий анъанаси эмасми? Бу ишни мажбурий меҳнатга чиқариш қанчалик тўғри? Бундан кимга қандай наф тегади? Аслида талабалар бу ишни кўнгил истаги билан бажарди. Улар ҳеч кимдан олқиш кутгани йўқ. Тўғри, яхшилик жавобсиз қолмайди. Аммо инсонийлик, яхшиликка мойил ёшларни бир оғизгина ширин гап билан олқишлаб қўйиш шунчалик қийинми?

Мамлакатимизда кейинги йилларда баркамол авлод орзуси йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани барчамизни беҳад қувонтиради. Янги авлодни кучли билим ва кенг дунёқарашга эга бўлиб, мустақил фикрлай олиши ислоҳотларнинг муҳим самараси эканлиги аниқ. Ташаббус йўқ жойда тараққиёт бўлмайди. Биз қачон яхши ниятда қадам ташлаган ёшларга балли, дея бунданда катта ташаббусларга рағбатлантиришни ўрганамиз?

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?