Олмалиқ кон-металлургия комбинатида хорижий сармоядорлар иштирокида халқаро форум ўтказилди

19:38 06 Июль 2023 Жамият
423 0

Фото: “Халқ сўзи”

Аввал хабар берганимиздек, Олмалиқ шаҳрида “Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг узоқ муддатли ривожлантириш истиқболлари” мавзусида форум бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” йўналишидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ташкил этилган ушбу анжуманда комбинатнинг 50 га яқин хорижий бизнес ҳамкорлари иштирок этди.

Форумда ОКМКни яқин йиллардаги ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, хорижлик сармоядорлар иштирокидаги семинар ва суҳбатларда комбинатдаги ишлаб чиқариш жараёнлари кейинги йилларда изчил барқарорлашаётгани айтиб ўтилди.

— Бугунги кунда ОКМК мис-молибден, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича Марказий Осиёда етакчи саналиб, мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та йирик компаниялар сафига киради. Йиллик мис ишлаб чиқариш ҳажми 148 минг тоннадан зиёдни ташкил этиб, 18 турдаги маҳсулотларни 20 та давлатга экспорт қилмоқда,- дейди ОКМК АЖ Бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов. —Комбинатнинг хомашё захирасини “Қалмоққир”, “Сариқ-Чўққи”, “Ёшлик-1» очиқ конлари ва 4 та ерости конлари ташкил этади. Ушбу конлар “SRK Consulting” компанияси иштирокида ўрганиб чиқилиб, уларнинг захиралари JORC кодексига мувофиқ қайта баҳоланди ҳамда конларнинг математик-геологик модели яратилди. Баҳолаш хулосаларига кўра, “Ёшлик-1» кони дунёда маъдан таркибида олтин-мис ҳажми бўйича “йирик кон”, дея тан олинган.

2030 йилгача комбинатни ривожлантириш концепцияси доирасида “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” ва 3-Мис бойитиш фабрикасини қуриш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Шунингдек, янги металлургия мажмуаси объектлари ва 4- ва 5-сон мис бойитиш фабрикаларини лойиҳалаш-қурилиш ишлари бошланди.

“Ёшлик-1» конини ўзлаштириш” лойиҳасини амалга ошириш натижасида 2030 йилда 500 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин, 300 тонна кумуш ишлаб чиқаришга эришилади.

Форумда иштирок этган “JP Morgan” банки, “Deutsche Bank”, KfW-IPEX Bank” ҳамда “Glencore”, “Фалк Porsche” “Siemens”, “Zippelin”, “PWC”, “Ernst & Young”, “KPMG”, “SAP”, “Terralink”, “Aveva”, “Datamine”, “Сифра”, “Noventiq Worley”, “К&К Gold GROUP”, “Sebine Technology”, “Sepro mineral system”, “МE SOLUTIONS GP”, “ABM Anlagenbau und Maschinentechnik”, “Xingtai МE Mining Equipment”, “RWS optimum”, “UET Consulting”, “CRRC Daliаn” каби ўнлаб компаниялар вакиллари ҳам ОКМКдаги барқарорлик изчил давом этаётганини таъкидлашди.

— Хорижлик сармоядорларнинг комбинат билан ҳамкорлиги тараққий этиб бораётганидан мамнунман,-деди “JP Morgan” банкининг ижрочи директори Юнгха Ким. — Бундай нуфузли корхона билан шериклик натижалари доимо самарали бўлади. Мамлакатингизда тадбиркорларга, хорижий сармоядорларга ҳар томонлама қулай имкониятлар яратилганидан мамнунман.

— ОКМК маҳсулотларининг сифат даражаси мукаммаллашиб, хориж бозорларини эгаллаётгани кишини мамнун этади,-дейди “Glencore” компаниясиянинг харидлар бўйича директори Мария Самойлова. — Бу, айниқса, мис ва рух маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги янги лойиҳаларда кўзга яққол ташланади.

— Комбинат келажаги ниҳоятда истиқболли,-дейди “Фалк Porsche” компания таъсисчиси Фалк Порше. — Корхона ишчи-хизматчиларининг моддий ва маънавий имкониятлари йил сайин кенгайиб бормоқда. Бу албатта, мамлакатингизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар мевасидир. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви, яқин ва узоқ Шарқ ва Ғарб давлатлари билан эркин савдо режимлари, GSP+ бенефициари мақоми, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишлари, бой хомашё ресурслари ҳамда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги буларнинг барчаси узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг истиқболли йўналишларидир.

Тадбир давомида “B2B” музокаралари ва «Кон-металлургия саноатида рақамли трансформация”, “Комбинатда истиқболли лойиҳалар ва чиқиндиларни қайта ишлаш,” «Кон-металлургия саноатида тоғ-кон-металлургия ва юқори технологик ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, «Тоғ-кон саноатида барқарор ривожланиш”, “Транспорт соҳасида замонавий ва илғор технологияларни жорий қилиш” мавзуларида панель сессиялари ҳамда лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер