Олис ҳудудлардаги педагог-тарбиячилар «Ақлвой»да малака оширади

16:21 12 Март 2025 Жамият
360 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз мактабгача таълим ташкилотларида фаолият олиб бораётган педагог-тарбиячиларнинг малакасини ошириш, уларни янги билимлардан хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрда қабул қилинган «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида республикамизнинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун мобил малака ошириш хизматлари жорий этилмоқда.

Яқинда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан шу мақсадда Самарқанд вилояти Педагогик маҳорат марказига автобус топширилди.

— Эндиликда «Ақлвой» автобуси вилоятнинг энг олис маҳаллаларидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларининг малакасини оширишга хизмат қилади, — дейди Педагогик маҳорат маркази директори ўринбосари Анвар Хуррамов. — Автобус бир вақтнинг ўзида 14 нафар педагог- тарбиячиларга машғулотлар ўтишга мўлжалланган ўқув ўринлари, 10 дона ноутбук, 1 дона интерактив монитор, ёзув доскаси, 1 дона интернет тарқатувчи қурилма (Wi-Fi router) билан таъминланган.

Махсус жиҳозланган автобус узоқ ва чекка ҳудудларда жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун бирмунча қулай бўлди. Чунки уларга энди вилоят марказига бормасдан узлуксиз касбий ривожланиш, билимини бойитиш учун имконият яратилди. Шунингдек, «Методик маҳорат куни» ва «Методик маҳорат соати»лари ҳам тегишли ҳудудларда семинар-тренинг, интерфаол шаклларда ташкил этилади.

Мобил малака ошириш машғулотларининг дастлабкиси Қўшработ туманидаги «Заркент» маҳалласида жойлашган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун ўтказилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер