Олий таълимда кластер ва интеграция cифат ҳамда рақобатни таъминлайди

15:05 14 Апрель 2022 Жамият
1264 0

Фото: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти Ахборот хизмати

Бугун Янги Ўзбекистон ўзининг узоқ муддатга мўлжалланган тараққиёт стратегияси асосида тобора олдинга илгариламоқда. Бизнинг ўз йўлимиз, қатъий фикримиз, эзгу мақсадларимиз бор. Бунинг учун иқтисодий имкониятларимиз, илмий салоҳиятимиз ва маънавий қудратимиз етарли.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимида 3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлган мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисодиёт, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб хизмат қилганлигини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистраль транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади.

Ана шундай салоҳиятнинг бардавом бўлиши, мамлакатимизнинг янада тараққий этиши бугун боғчалардан тортиб олий таълим муассасаларида билим олаётган фарзандларимиз, ёшларимизнинг интилиши, ғайрати ва шижоатига кўп жиҳатдан боғлиқ. Зеро юртимизда уларнинг пухта билим олиши ва малакали мутахассис бўлиб улғайиши учун катта имкониятлар яратилган.

Бугун олий таълим тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг амалдаги исботини биргина фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашуви мисолида кўриш мумкин. Узоқ йиллардан буён ўзгаришсиз фойдаланилган ва маънан эскирган кўплаб дарсликлардан воз кечиш пайти келди. Энди профессор-ўқитувчилар илмий-тадқиқот ишларини бевосита йирик корхоналарда, уларнинг замонавий лабораторияларида олиб борадилар. Масалан, ўтган йили 25 декабрда ишга туширилган “Uzbekistan GTL” заводи ана шундай имкониятларни яратиб бермоқда.

Ёдингизда бўлса, “Uzbekistan GTL” заводининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз томонидан Қашқадарёда ёшларни касб-ҳунарга ўқитишни янада янгича ёндашув асосида ташкил этиш, ўқув дастурлари ва ўқитиш методикасини замонавий ишлаб чиқариш талаблари асосида қайта кўриб чиқиш юзасидан муҳим кўрсатмалар берилди.

Фото: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти Ахборот хизмати

Бундай йирик мажмуанинг фойдаланишга топширилиши институтимиз фаолиятида, ўқув ва илмий жараёнларда, таълим самарадорлигини оширишда ҳам муҳим пойдевор бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари нутқида қайд этилганидек, Қашқадарё вилоятида Ўзбекистондаги биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солиниши баробарида вилоятимизнинг нефть, газ ва кимё саноатининг истиқболли йўналишларини таъминлаш, юқори самарадорлигини янада ошириш учун мутахассис кадрлар тайёрлашнинг янги дастур ва режалари ишлаб чиқилмоқда. Шўртан газ-кимё мажмуаси МЧЖ, Муборак нефть ва газни қайта ишлаш заводи ҳамда “Uzbekistan GTL” корхонасида шу соҳа бўйича кадрлар тайёрлаб берадиган олийгоҳлардаги тегишли кафедраларнинг филиаллари очилмоқда. Улар зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар фан-таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ривожига хизмат қиладиган таълим кластерини яратишга асос бўлди.

Вилоятимиздаги шу соҳага ихтисослашган йирик саноат корхоналарининг тегишли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги янада кучайди. Бунинг учун иқтидорли талабаларнинг шу заводларда ўз мутахассислиги бўйича амалиёт ўташи йўлга қўйилди. Нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчиларимизнинг ҳам стажировкаси шу ерда ўтказилмоқда. Ўқув-амалиётлар ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита, узвий олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарининг мутахассислари таълим жараёнига жалб этилмоқда. Улар олийгоҳларда талабаларга ўз соҳалари бўйича дарс бермоқдалар, амалий машғулотларни олиб бормоқдалар. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг бу босқичи малакали мутахассисларни тайёрлаш, амалдаги ўқув қўлланмалари ва дарсликларининг сифатини яхшилаш, энг асосийси, таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Корхоналар ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.

Президентимизнинг кўрсатмаларини ҳаётга татбиқ этишда олий таълим муассасаларининг йирик нефть-газ корхоналари билан ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда “Uzbekistan GTL” МЧЖ корхонаси ўртасида ушбу олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишлари бўйича факультетларининг ўқув жараёнларини амалиёт билан биргаликда “Uzbekistan GTL” заводида ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.

* * *

Яқинда “Uzbekistan GTL” корхонаси томонидан мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётларига қабул қилиш бўйича танлов ўтказилди. Унда жами 800 нафар иштирокчидан 102 нафари ушбу корхонада кенгайтирилган амалиёт ўташ имкониятига эга бўлди. Ана шу иқтидорли ёшларнинг 40 нафари, яъни 39 фоизи Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаларидир.

Фото: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти Ахборот хизмати

Ушбу амалиёт учун ўтказилган танловдан шуни англаш мумкинки, энди меҳнат бозорида малакали мутахассисларга талаб ортади. Натижада олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити юзага келади. Бу, ўз навбатида, уларни тинимсиз изланишга, ижодкорликка, янгиликка интилишга, фаолиятини ислоҳ қилишга, профессионал ўқитувчилар билан ҳамкорликни кучайтиришга ундайди. Президентимиз томонидан бугун олдимизга қўйилган вазифа ҳам ана шундан иборат.

Мазкур амалиёт давомида ўз иқтидори, меҳнатсеварлиги, кўникмаларини амалда қўллай ола билган талабалар жорий йилнинг июль-август ойларида ушбу заводда иш ўрганувчи ходим сифатида муддатли меҳнат шартномаси асосида иш ҳақи тўланадиган ишга қабул қилинади.

Бундан ташқари, “Uzbekistan GTL” нефть-газ-кимё саноати учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган етакчи ОТМлар учун махсус хоналар ҳозирланган. Бу хоналар тажрибасини ошираётган ёш олимлар учун заводдаги лабораторияларда ўтказган тадқиқотларини умумлаштириш, мутахассислар билан ўзаро фикрлашиш, илмий изланишлар олиб бориш, турли учрашувлар, давра суҳбатларини ташкил этишга хизмат қилмоқда.

Бугун олий таълим муассасалари ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни тобора мустаҳкамлаб бориши зарур. Бу, ўз навбатида, кўплаб ўқув қўлланмалар ва дарсликларни ана шу корхоналардаги технологиялар, лабораториялар асосида шакллантиришни тақозо қилади. Давр шиддат билан ўзгаряпти. Юртимиз саноати кун сайин ривожланяпти, хориждан янгидан-янги технологиялар кириб келяпти. Бизнинг кадрлар уларни бемалол бошқара олиши учун ҳам ўқитиш методларимизни фақат назарий эмас, кўпроқ амалий жиҳатдан кучайтиришимиз лозим. Замон билан ҳамқадам бўлмасак, орқада қоламиз.

* * *

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида олий таълим билан қамров даражасини жорий йилда 38 фоизга, 2026 йилга қадар 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш мақсади ҳам ўз аксини топган. 2022 йилда қабул параметрлари кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида шакллантирилади. Бунинг натижасида таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси юзага келади, олий таълим муассасалари талабдан келиб чиқиб мутахассис тайёрлайди.

Фото: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти Ахборот хизмати

Ишлаб чиқариш, илм фан ва таълим ўртасидаги интеграцияни  такомиллаштириш мақсадида вилоятдаги 61 та ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилган. Бу келишувларга мувофиқ, «Шўртан газ-кимё мажмуаси» МЧЖ, “Uzbekistan GTL”, «Ўзбурғунефтгаз» АЖ, Муборак нефть ва газни қайта ишлаш заводи, «Талимаржон иссиқлик электр станцияси» АЖ, «Муборак иссиқлик электр маркази» АЖ, «Ўзстандарт» агентлиги Қашқадарё филиали, «Қарши ёғ-экстракция» МЧЖ, Қашқадарё вилояти Марказий банки, «Косон ёғ-экстракция» МЧЖ каби корхоналар ва ташкилотлардан дарс жараёнига 74 нафар мутахассис ходим, шундан талабаларнинг битирув малакавий ишларига, магистрлик диссертацияларига ва докторантларга илмий раҳбарлик қилиш учун 31 нафар малакали мутахассис жалб этилди.

* * *

Давр талабидан келиб чиқиб, институтимизда йил сайин янги йўналишлар очилмоқда. Масалан, охирги 2 йилда бакалавриат таълим йўналишларида 8 та, магистратура мутахассисликлари бўйича эса 15 та янги йўналиш ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб янги «Логистика (агрологистика)”, «Банк иши ва аудити», «Гидротехника қурилиши», «Сув таъминоти ва канализация тизимларини лойиҳалаштириш ва эксплуатацияси», «Электроника ва асбобсозлик», нефть-газни қайта ишлаш саноати объектлари бўйича «Бино ва иншоотлар қурилиши» таълим йўналишларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 2021/2022 ўқув йилидан эса қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш бўйича касб таълими ҳамда мехатроника ва робототехника каби йўналишлари ташкил этилди.

Институтда илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш мақсадида 8 та илмий мактаб ташкил этилган, мутахассислик кафедралари қошида 9 та илмий-тадқиқот марказлари фаолият олиб бормоқда.

Институтимиз дунёнинг 95 та нуфузли олий таълим муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Имзоланган ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар доирасида 2020-2021 ўқув йилида институт профессор-ўқитувчиларидан 3 нафари стажировкага, 4 нафар тадқиқотчи таянч докторантурага жалб этилди. Жорий ўқув йилида эса Европа Иттифоқи Erаsmus+ лойиҳаси бўйича 18 нафар профессор-ўқитувчи ва 20 нафар иқтидорли талаба алмашинув дастурларида иштирок этмоқда. Биргина мисол, айни пайтда институт ёш олимларидан 6 нафари Беларус миллий техника университетида стажировка ўтаяпти.

2021 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари маблағлари доирасида «Бўлажак олим» танловида институтнинг ёш олимлари ва иқтидорли талабалари – Сетора Сафарова, Ғулом Рўзиқулов, Шерзод Қурбонов томонидан тақдим этилган    3 та стартап лойиҳа ҳамда «Транспорт воситалари муҳандислиги» кафедраси катта ўқитувчиси Акмал Каримов илмий ғоя танлови ғолиби, деб топилди ва уларнинг илмий изланишлари жами 364 миллион сўм миқдорида молиялаштирилди.

Бир сўз билан айтганда, фан, таълим ва интеграциянинг ривожи барча соҳаларда тараққиётнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Биринчи навбатида, олий таълим муассасалари фаолиятида туб бурилиш юз беради, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланади. Натижада сон салмоғига эмас, балки таълим сифати самарадорлигига эътибор кучаяди. Янги авлод дарсликлари кўпаяди, олийгоҳларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланади ва малакали мутахассисларни тайёрлаш имкониятлари ортади. Айнан ана шу кадрлар, Президентимиз таъбири билан айтганда, миллий саноатимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшадиган «олтин фонд»имизга айланди.

Орифжон БОЗОРОВ, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?