Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳисоботи эшитилди

19:33 27 Февраль 2024 Сиёсат
175 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 27 февраль куни Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Омбудсманнинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисоботи таҳлил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳисобот йилида Омбудсман номига 18 622 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 15 934 таси фуқаролардан, 2 662 таси маҳкум ва маҳбуслар ҳамда уларнинг яқинларидан, 26 таси чет эл фуқаролари ва хорижий давлатлар омбудсманларидан келиб тушган.

Вакил томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга таъсир чоралари шаклидаги ҳужжат киритилган. Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан судларга киритилган даъво аризаларининг аксарияти қаноатлантирилган.

Омбудсман ҳамда Вакил бошчилигидаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ўтган йилда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга оширилган бўлиб, ташрифлар чоғида аниқланган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда салбий ҳолатларнинг ҳанузгача сақланиб қолинаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тақдимномалари киритилган.

Қайд этиш жоизки, Омбудсман томонидан нафақат ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисидаги шикоятлар, балки Интернет жаҳон ахборот тармоғида бу каби ҳолатлар юзасидан тарқалган хабарлар ҳам тўлиқ назоратга олинган ва тегишли тартибда расмий муносабат билдирилган.

Қўмита аъзолари Омбудсманнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этилган ҳисоботни тинглаб, қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини ижобий кўрсаткич сифатида қайд этилди.

Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалалар ижобий ечим топиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Мажлис якунида сенаторлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Хусусан, рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган даврда Омбудсманга мурожаат қилишнинг тез ва қулай имкониятини берувчи «мобил илова»нинг ишлаб чиқилиши ва йўлга қўйилишига қаратилган таклифлар илгари сурилди.

Мажлис сўнгида кўрилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?