ОКМКда 99,9 фоиз соф ҳолдаги рений метали олинди

08:19 16 Сентябр 2021 Жамият
511 0

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар бўйича илмий ишлаб-чиқариш бирлашмаси мутахассислари янги меҳнат ютуғини қўлга киритишди. 2016 йилдан буён амалга оширилаётган илмий изланишлар, лаборатория синовлари ўз самарасини берди. Бу ерда рений метали соф ҳолда олина бошланди. Комбинат муҳандислари ва олимларининг таъкидлашича бу ноёб маҳсулот кукуни аслида Мис эритиш заводининг нодир металлар ишлаб чиқариш цехида тайёрланадиган перренатаммонийдан олинади. Беш йиллик тадқиқот ва сермашаққат меҳнатлар эвазига99,9 фоиз соф ҳолдаги рений метали олишга муваффақ бўлинди.

Яқин келажакда бу янгилик саноат усулида кенг миқёсда ишлаб чиқарила бошланади. Менделеев даврий жадвалининг 75-ўринида жойлашган бу металл ўзига хос ноёб физик-кимёвий хусусиятларга эгалиги таъкидланмоқда. Масалан,нефтни қайта ишлаш корхоналарида ундан катализатор тайёрлашда асосий компонент сифатида фойдаланилади. Авиасозлик ва электротехника соҳаларида эса деталлар учун асосий элемент ҳисобланади.Ренийўзининг ноёблиги туфайли ҳаттоки, Ядро саноатида ҳам асқатади. Унга инсон саломатлигини тиклашда ҳам эҳтиёж борлигини инобатга оладиган бўлсак, ОКМК меҳнат жамоаси эришган ютуқнинг аҳамияти нақадар беқиёс эканлиги янада ойдинлашади.Рений камёб жавоҳир бўлгани туфайли, унинг жаҳон бозоридаги қадри жуда баланд. Харидорлар ренийнинг 1 грамми учун 9 АҚШ доллари миқдорида сармоя тикишади.

«Халқ сўзи»—«Народное слово» газеталари таҳририяти номидан ОКМК меҳнат жамоаси, муҳандис-техник ходимлари ҳамда олимларини бу юксак муваффақият билан муборакбод этамиз!

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?