«Оҳангаронцемент»да саноат кластери ишга туширилди

17:45 15 Апрель 2021 Кластер
1747 0

«Евроцемент груп» холдинги таркибига кирувчи «Оҳангаронцемент» АЖ негизида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича саноат кластери ташкил этилди. Кластер доирасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилган. «Қуруқ» усулда йилига 3 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга цемент янги заводи, йилига 100 минг куб метр юқори маркали бетон ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватга эга бўлган янги линия, йилига 4 минг тонна оловга бардошли ғишт ишлаб чиқариш янги линияси шулар жумласидандир. Кластерни ривожлантиришга киритилган жами инвестициялар 200 миллион долларни ташкил этади.

Кластернинг асосий лойиҳаси – замонавий «қуруқ» усулда цемент ишлаб чиқарувчи завод бўлиб, уни қуриш учун мақсадли баённома 2017 йил 15 февраль куни «Евроцемент груп» АЖ ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ўртасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлараро ўзаро иқтисодий ҳамкорлик бўйича комиссия йиғилиши доирасида имзоланганди. Модернизация ва саноат қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум эса 2017 йил 5 апрель куни Москва шаҳрида Россия ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари ва Бош вазирлари ҳузурида имзоланди. Лойиҳа икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим қисмига айланди ва 2019-2024 йиллар давомида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик дастурининг истиқболли лойиҳалари рўйхатига киритилди.

2018 йилнинг октябрь ойида майдони 10 гектарни ташкил этадиган қурилишига тамал тоши қўйилди. Янги технологик линия қурилиши амалдаги корхона ҳудудида мавжуд инфратузилмалардан максимал даражада фойдаланган ҳолда барпо этилди. Эътиборлиси, олиб борилган изланишлар натижасида 2021 йилнинг 28 январь куни клинкер куйдириш цехида айланма печь ишга туширилди ва биринчи клинкер олинди, 12 февраль куни эса биринчи марта юқори сифатли 500 маркали портландцемент олинди.

— Йилига 3 миллион тонна қувватга эга янги юқори технологияли цемент ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши мавжуд «ҳўл» усулда маҳсулот ишлаб чиқарувчи заводнинг атроф-муҳитга таъсирини яхшилаш бўйича навбатдаги инвестиция режасини амалга киритишда қўл келади, — дейди «Оҳангаронцемент» корхонаси бош директори Геннадий Куликов. — Йилига жами 5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий мажмуа халқаро стандартларга замонавий талабларига жавоб беради.

Маълумот учун айтиш керакки, ушбу завод ҳозир Марказий Осиёда энг йириги ва МДҲдаги энг замонавий корхона ҳисобланади. Ишлаб чиқариши тўлиқ автоматлаштирилган. Энергия ресурсларини тежаб қилиб, барча бўлинмаларига 85 та янги фильтр тизимлари ўрнатилгани туфайли атроф-муҳитга кам таъсир кўрсатади.

Дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчи брендларидан келтирилган замонавий ишончли «бешинчи авлод» ускуналари билан жиҳозланган.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?