Оғир маҳалладан обод маҳаллага

13:17 17 Декабрь 2025 Жамият
346 0

Кечагина «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» орқали қўллаб-қувватланиб, ўзини иш билан таъминлаётган фуқаролар бугун маҳалласининг иш берувчи тадбиркорига айланаётгани юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол самарасидир. Бир пайтлар ёрдамга муҳтож, деб қаралган оилалар ва ёшлар бугун ўз меҳнати, интилиши ва қатъияти билан нафақат ўз рўзғорини тикламоқда, балки бошқаларга ҳам иш ўрни яратиб бермоқда. Чиндан ҳам, қўллаб-қувватловни тўғри англаб, имкониятини топган инсон ҳар қандай шароитда қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир. Бугун “ишсиз маҳалла” ёки “кам таъминланган оила” деган қарашларни тарихга айлантираётган, ўз тараққиёти билан бошқаларга намуна бўлаётган маҳаллалар Андижон вилоятида ҳам тобора кўпайиб бормоқда.

Жорий йилда вилоятдаги мавжуд 16 та шаҳар ва тумандан 32 та оғир маҳалла танлаб олиниб, айнан шу ҳудудларда манзилли ишлар ташкил этилди. Натижада маҳаллаларнинг инфратузилмаси шаклланиб, аҳоли ҳаётида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Йўл, электр, сув каби энг зарур масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Хусусан, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича 198 километрдан ортиқ масофада шағаллаш, асфальтлаш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Электр таъминотида узлуксизликка эришиш мақсадида 66 та янги трансформатор пунктлари ўрнатилиб, 58 таси таъмирланди. 3600 та бетон таянчлар қўйилди, 154 километр масофага янги электр тармоқлари тортилди. Ичимлик суви таъминоти ҳам четда қолмади: 56 километр янги тармоқ барпо этилди, 3451 метр қувур таъмирланди, 4 та янги сув иншооти қурилиб, 19 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Буларнинг барчаси қоғозда эмас, одамлар ҳаётида сезилаётган ўзгаришлардир.

Масалан, Пахтаобод туманидаги “Ҳаётбахш” маҳалласини олайлик. Бу ерда жорий йилда 191 та бетон таянч ўрнатилди, 10 километр масофага электр тармоқлари тортилди. Энг асосийси, 29 километр ички йўллар асфальтлаштирилди.

— Кўчаларимиз лойлигидан юриб бўлмасди, — дейди ушбу маҳаллада яшовчи Зайнабхон Мамасолиева. — Ёзда майли, лекин куз-киш фаслида ёмғир ёғса, болаларимиз 1,5–2 километр йўл босиб, мактабга қатнарди. Бугун эса 17 км.дан иборат кўчаларимизнинг ҳаммаси асфальтланди. Йигирма олти йил ичимлик сувига ечим тополмаганмиз. Маҳалламизнинг қуйи қисмида оқувчи каналдан сув ташиб ичган кунларимиз бўлди. Шукрки, ҳозир ҳар бир хонадонда тоза ичимлик суви бор. Табиий газ, электр билан боғлиқ муаммолар ҳам ортда қолди. Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади.

Бундай ўзгаришлар фақат битта туман ёки маҳалла билан чекланиб қолгани йўқ. Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ишлар изчил давом этмоқда. Балиқчи туманининг ўзида 18 та маҳалла биноси таъмирланиб, замонавий қулайликлар яратилди, 2 таси янгитдан қурилди. Шу билан бирга, 14 та мактаб, 10 та мактабгача таълим ташкилоти, 8 та поликлиника таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

— Илгари касал бўлиб қолсак, туман марказига боришга мажбур эдик, — дейди “Гўравон” маҳалласида яшовчи Абдураҳмон Чирмашев. — Энди эса маҳалламизнинг ўзида 18-оилавий поликлиника иш бошлади. Шароити жуда яхши. Шу ернинг ўзида кўрикдан ўтиб, ташхис қўйилади, кундузги стационарда даволаниш учун ҳамма имконият бор.

Оғир маҳаллалардаги ишлар фақат инфратузилма билан чекланиб қолмаяпти. Аҳолини доимий даромад манбаига эга қилиш, ўз имкониятларини ишга солиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жами 23 минг 600 та хонадонда кузги экинлар экиш ишлари олиб борилди. Бу эса кўплаб оилалар учун қўшимча даромад, дастурхонга барака дегани.

— Ҳамма нарса ҳаракатга боғлиқ, — дейди Қўрғонтепа туманидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Набижон Раҳматуллаев. — Ҳовлимиз, еримиз бор, деҳқончилик қилишга, чорва ёки парранда боқишга шароит бўлса, нега фойдаланмаслигимиз керак? Ахир бу тайёр даромад манбаи-ку. Шахсан ўзим бир йилда ўртача 200 миллион сўм соф даромад оламан. Асаларичилик қиламан, қўй-сигир боқаман, лимон етиштириб, кўчатчилик билан шуғулланаман. Салкам 70 ёшни қарши олсам ҳам тинмайман. Ҳовлимда иш қилсам, танам яйрайди. Ҳам соғлом юраман, ҳам даромад топаман. Эҳтиёжманд оилаларни кўрсам, уйимга чақириб қўлига кўчат тутқазаман. Шу кўчатни парвариш қилсанг, бир-икки йилда камида 10 миллион даромад қиласан, дейман. Мен яхши шароитда яшаб туриб, кимдир қийналиб юрса, бефарқ қарай олмайман. Одамларга меҳнат қилишни, ўзини боқишни ўргатиш керак.

Бугун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асл моҳияти қоғозда ёки шиорларда эмас, балки ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида, қилган меҳнати ва эришган натижасида намоён бўлаётгани қувонарлидир. Агар ҳар ким “мен нима қила оламан?” деган савол билан иш бошласа, инсон қадри ҳақиқий маънода юксалади. Юртимиз янада обод ва фаровон бўлади. Чунки инсон қадри — бу эътибор, ишонч ва амалий меҳнат билан барпо этиладиган улуғ қадриятдир.

Саминжон ҲУСАНОВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер