Одамийликнинг энг олий мезони

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Бемор икки олам ўртасида ҳаёт учун курашмоқда. Ҳаёт гўзал, яшаш бахт. Беморга қон керак, у кўп қон йўқотган. Бир томчи қон, минг томчи қон... Хуллас, унга ҳаёт бахшида этувчи тоза инсон қони... Мана шундай оғир лаҳзаларда донор деган ҳаёт бахш этувчилар ўша беморнинг жонига оро киради. Икки олам ўртасида ўлим билан курашаётган инсонга қон бериб, унинг қиёматлик қондошига айланади. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Донорлар қадрини бошига иш тушганлар билишадики, ҳаётга қайтган инсон биргина «Дунё тургунча туринг...» – деган илтижоли каломи билан дил изҳорларини баён қилади, холос. Аслида бу калом ортида жон талаш бўлиб ётган инсоннинг қалб тубидаги энг тоза тилаклари бўлади. Донор – тоза қон эгаси, қолаверса, кимга, қайси беморга қон берганини билмайди, лекин кимнинг бўлмасин, бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолганини билади. Балки у бемор дард билан олишаётган эркакдир, аёлдир, эҳтимол, беғубор қалб эгаси бўлмиш болакайдир... У яшаши, хасталикни енгиши керак.
Озарбайжонлик машҳур шоира ва давлат арбоби Ганира хоним Пашаева вафотидан ўн йил олдин – 2013 йилда ёзган васиятини ўқинг. Мана шу васиятдан бир парча:
«Кўпдан бери мени ўйлантириб келаётган бир масала бор ва мен унга юрагимдан жой бердим. Мен бу масалада биринчи навбатда ўзим қарор қилишим керак эди. Бир қарорга келганимга ишонч ҳосил қилган заҳоти, ниҳоят, онам, синглим, қисқаси, оилам билан очиқ суҳбат қуришга, аҳдимни айтишга қарор қилдим. Бундай суҳбат улар учун психологик жиҳатдан оғир кечган бўлсада, шукрки, қарорим моҳиятини (узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг бўлса ҳам) тушунишди.
Ушбу қадамни қўйиш орқали биз яна ҳаётга қайтолмасак, бошқа бировга яшашга ёрдам бера оламиз. Орган донорлиги — бу инсоннинг ўлимидан кейин унинг аъзоларини бошқа одам учун ишлатишга рухсат бериш ҳаракати. Масалан, ҳаёти диализ аппаратига боғлиқ бўлган буйрак касалига қабрда ҳеч бир ўлган одамга керак бўлмайдиган буйраклар билан ҳаётга қайтишига ёрдам бера оламиз...»
Нурафшон шаҳридаги Муқимий маҳалласи «Зиёлилар» кўчасида истиқомат қилувчи Мақсуджон Қўшматов «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятининг Нурафшон шаҳри сув таъминоти корхонасида иқтисодчи бўлиб ишлайди. Ўз қони билан кўпларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшаётган донорни шу кунларда муборак 80 ёшни қаршилаб умргузаронлик қилаётган Мавлуда ая Қўшматова дунёга келтирган. Мақсуджон шаҳардаги 4-умумий ўрта таълим мактабини тугаллаб, Тошкент шаҳридаги Ҳисоб-кредит техникумида ўқиди. Йигитлик бурчини бажариб қайтгач, неча йилдирки ота касбида фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Мавлуда ая ҳам уч йилдан буён фаол донорлардан ҳисобланади. Она-бола донорлар одамларга ҳаёт бахш этишдек эзгу ва хайрли ишнинг бошини тутган фарзанди билан фахрланади. Аслида соғлом ва жисмонан бақувват инсонлардагина тоза қон бўлади. Шу қон хаста бемор вужудига кириб, чанқаган организмни сувга тўйинтиргани каби тўйинтиради, озиқлантиради, жонлантиради, тиббиёт тили билан айтганда, қайтадан ҳаёт бахш этади. Донорликнинг масъулияти билан бирга шарафи ҳам жуда катта. Буни дилдан ҳис қилган Мақсуджон Қўшматов ҳеч иккиланмай, бир йилда 4 марта 450 граммдан тоза қон топширади.
Қаҳрамонимиз қадрдон дўсти – «Беғараз донор» гуруҳи аъзоси, фаол донор Баҳром Қўчқоров таъкидлаганидек, бу ишнинг савоби катта, қон бериш жонни сақлаб қолиш билан баробар, деган ақидага амал қилиб иш тутади.
Эллик уч ёшида юрагида инсонларга яхшилик қилишдек шижоат жўш уриб турган қаҳрамонимиз Ватан тинчлиги ва халқ осойишталиги учун жон беришга ҳам тайёр эканини ҳар юрак зарби ва қатъий нигоҳидан сезиш қийин эмас. Аммо у жон эмас, қон берган ҳолда олижанобликнинг энг олий кўриниши амалда кўрсатиб, тириклик қўшиғини куйлаб келмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг