Обод маҳаллалар кўпаймоқда

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бугун маҳаллалар аҳоли муаммоларини ечишга қодир идора сифатида ўзини тобора яққол намоён этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган жойлардаги оғир ҳудудлар деб белгиланган аҳоли манзилларида «Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла» мезонлари асосида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоятидаги тўрт сектордан энг оғир шароитдаги биттадан маҳалла танлаб олиниб, йўл хариталари ишлаб чиқилди. Нарпай туманидаги Бўстон маҳалласи ҳам шароити оғир ҳудудлардан ҳисобланади. Маҳалла Бўстон ва Қўштепа қишлоқларидан иборат бўлиб, 546 хонадон мавжуд. Шундан 28 та шароити оғир, ногиронлиги бор, боқувчиси йўқ хонадонлар аниқланди.
Маҳаллада инфратузилмани ривожлантириш учун вилоятдан 23 та, тумандан 45 та ташкилот бириктирилган. Қўштепа қишлоғидаги 120 ўринли 58-умумтаълим мактабида қарийб 300 нафар ўқувчи таълим олади. Дастур доирасида «Мароқанд сифат» кластер корхонаси ушбу қишлоқда 300 ўринли янги мактаб қуришни режалаштирмоқда. Янги мактаб фойдаланишга топширилгандан сўнг, эски мактаб биноси давлат мактабгача таълим ташкилотига мослаштирилади. Бу ердаги ерости ичимлик суви аҳоли истеъмоли учун яроқсиз ҳисобланади. Юқори ҳудуддаги табиий булоқ сувини жамлаб бошқа маҳаллалар қаторида «Бўстон» қишлоғига ҳам қувурлар келтирилиб, соатбай тоза сув берилмоқда. Эндиликда шу булоқни таъмирлаб, 15 километр тармоқ тортиш режалаштирилган. Маҳаллада табиий газ йўқлиги туфайли аҳолини суюлтирилган газ баллон билан таъминлаш учун хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Хатловда аниқланишича, қўшимча 270 дона маиший газ баллонига эҳтиёж сезилади.
— Дастур доирасида республика бюджетидан қўшимча 1 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда, — дейди «Бўстон» маҳалласи раиси Феруза Қаршиева. — Бу маблағ йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ижтимоий масалаларни ечиш ва аҳолига қулай турмуш шароити яратишга сарфланади.
«Бўстон» маҳалласи Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан тумандаги 7 та, вилоятда 101 та оғир маҳалла тоифасига киритилган. Бундай оғир ҳудудлардаги аҳолини камбағалликдан чиқариш учун томорқа хўжаликларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Бўстон», «Янгиариқ» маҳалласининг бир қисми, яъни 5043 нафар аҳолисига кўп тармоқли поликлиниканинг «Ойбек» филиали тиббий хизмат кўрсатади. Маҳалла биночи ёнида қўшимча тиббий контейнер ҳам ўрнатилган. Унда уч нафар ҳамшира аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу аҳолининг тиббий хизмат учун уч-тўрт километр масофага қатнашининг олдини олади.
— Маҳаллада 546 хонадон, 654 оила, 2505 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Бўстон» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Нурали Тоғаев. — 131 та камбағал оила, 140 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган. Ишсизлик даражаси 20 фоизни ташкил қилади. Маҳалламиздаги 10 та камбағал оиланинг хонадони «Оптима агро» кластер фермер хўжалиги томонидан таъмирланади. Шундан 4 таси янгидан қурилади. Аҳолини камбағалликдан чиқариш учун чорвачиликни ривожлантириш, банкларнинг кўмагида қўшимча драйвер сифатида боғдорчилик, узумчилик йўналишини йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. «Қўштепа» қишлоғида аҳоли тасарруфида ўртача 20 сотихдан, «Бўстон» қишлоғида ўртача 8-10 сотихдан томорқа майдони мавжуд. Аммо суғориш муаммоси туфайли ердан фойдаланиш имконияти паст. Ҳозирда «Қўштепа» қишлоғига томорқа учун сув келади. «Бўстон» қишлоғида томорқани суғоришнинг имкони йўқ. Кластер корхонасининг насосидан фойдаланган ҳолда сув етказиб бериш орқали томорқа деҳқончилигини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ҳозирда маҳаллада хорижга ишлашга кетган 32 нафар фуқаро бор. Улар билан боғланиб, ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Маҳалладаги энг ночор 28 оила тижорат банкларига бириктирилиб, уларнинг ҳар бирига имтиёзли шартлар асосида 100 бошдан товуқ бериш режаси ишлаб чиқилган.
— Қишлоғимиз 1970 йилларда ташкил қилинган. Ўшанда бир нечта уй бўлган бўлса, ҳозир 275 та хонадон, 1400 аҳоли бор, — дейди «Қўштепа» қишлоғи оқсоқоли Абдусалом Ғуломов. — Айни пайтда қишлоқда 17 та ички кўча бор. Йил бошидан буён шу кўчаларга 470 машина қизил қум тўшалди. Бу шағалдан мустаҳкам. Биз учун арзон. Электр тармоқлари учун 80 та бетон устун ўрнатилди. Ёпиқ кабеллар тортилди. 1 та 250 кВтлик янги трансформатор қўйилди. Хонадонлар ўрганилиб, эҳтиёжи бор оилаларга газ баллон бериш чоралари кўрилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг