ОАВни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга қисқаради
Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”
Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, архив иши соҳасида зарур инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга давлат органларининг фаолиятида ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини жорий этиш, кўрсатилаётган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш ҳамда нодавлат архивлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурати ҳозир ҳам мавжуд.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг қонунларига фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун билан юридик шахсларни Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тартиб-таомили ҳам соддалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунга оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга камайтирилишини, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга эса адвокатга гувоҳнома бериш муддати камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, адвокатлик бюроларини, адвокатлик фирмаларини ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳамда юридик маслаҳатхоналарни қайта рўйхатдан ўтказиш функциялари адлия органларидан Давлат хизматлари марказларига ўтказилмоқда. Бунда рўйхатдан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божлари миқдорлари ҳам камайтирилмоқда.
Шунингдек, боғдорчилик-узумчилик ширкатларини, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳам Давлат хизматлари марказларининг зиммасига юклатилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка гербли гувоҳномаларда давлат герби ва QR-код (матрик штрихли код) тасвири мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб мустаҳкамлаб қўйилишини, жамғариб бориладиган пенсия тизимида 16 ёшга тўлган фуқароларни ҳисобга олиш тартиби жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг давлат органи сифатидаги мақомини аниқлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиришга мувофиқ, нодавлат архивлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби соддалаштирилмоқда, лицензияни ёки қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳаракатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, қайта расмийлаштириш учун йиғим тўланмаган ҳолда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қайси рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга мувофиқ амалга ошириладиган бўлса, ўша ҳужжатни қайта расмийлаштириш тартиби соддалаштирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тартибга солиш, уларнинг рўйхатини кенгайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатганлик ва мурожаатларни кўриб чиққанлик учун ундириладиган тўловлар миқдорларини камайтириш хизмат қилади.
Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлашда, шунингдек, нодавлат архивларнинг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиб-таомилини соддалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг