ОАВ вакиллари учун «EAST MINING INVEST» МЧЖ ҚКга пресс-тур ташкил этилди

16:45 08 Февраль 2023 Иқтисодиёт
346 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамкорлигида “ARTON” бренди остида автоклав газобетон блоклари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «EAST MINING INVEST» МЧЖ ҚКга пресс-тур ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Бутун дунёда қурилиш жараёнида сўнгги йилларда энергия тежамкор, инновацион қурилиш материалларидан фойдаланишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу эса бино-иншоотнинг таннархини арзон бўлиши ва қурилиш ишларини тез фурсатда, сифатли амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ривожланган давлатларда ғишт ўрнига энергия тежамкор газобетондан фойдаланиш кенг оммалашган бўлиб, мамлакатимизда ҳам ушбу қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш, бу йўналишда жаҳон тажрибасини қўллашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан газобетон ишлаб чиқариш бўйича бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Натижада янги корхоналар фаолияти йўлга қўйиляпти.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда 14 та автоклав усулда газобетон блоклари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлиб уларининг йиллик қуввати 3,4 млн метр кубни ташкил этади. 2022-26 йилда автоклав усулда газобетон ишлаб чиқариш бўйича 1,2 трлн сўмлик 6 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Янги саноат корхоналари Сирдарё, Навоий, Хоразм, Андижон вилоятларида фойдаланишга топширилади.

Ушбу йўналишда энг йирик корхона Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида жойлашган «EAST MINING INVEST» МЧЖ ҚК ҳисобланади. Бу ерда йилига 500 минг метр куб газобетон ишлаб чиқарилади. Корхонада Германиянинг “Wehrhahn GmbH” компаниясининг сўнгги русумдаги, энергия тежамкор ускуналари ўрнатилган. Ишлаб чиқариш тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, маҳсулот тайёрлаш учун хорижий ва маҳаллий етук мутахассислар жалб этилган.»East Mаnning Invest" МЧЖ ҚК 2021 йилда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» ва «Ўзчармсаноат» уюшмалари ҳамкорлигида амалга оширилган инвестиция дастури доирасида Тошкент вилоятида ўз фаолиятини бошлаган. Лойиҳа қиймати 22 млн доллар бўлиб, бу ерда 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Эътиборлиси, Республикада автоклав усулда газобетон ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона иккинчи босқичда фаолиятини бошлаш арафасида. Корхона ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш мақсадида Германиянинг “Wehrhahn GmbH” компаниясидан сўнгги русумдаги, энергия тежамкор автоклав печларини олиб келди. Ҳозирда ускуналарни ўрнатиш ишлари якунланмоқда. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 минг метр кубга етказилади.

Маълумотларга кўра, аҳолини газобетонга бўлган талабини қоплаш мақсадида “ARTON” компанияси томонидан Андижон, Хоразм ва Навоий вилоятларида ҳам инновацион корхона барпо этиш режалаштирилган

Маълумот учун, Газобетон – ғовак (тешик-тешик) бетоннинг бир тури бўлиб, замонавий қурилиш материали. Уни баъзан «сунъий тош» деб ҳам аташади. Оддий бетондан фарқи – таркибида 1-3 миллиметрли пуфаклар мавжуд бўлиб, улар туфайли бетон енгил, етарли даражада мустаҳкам, иссиқ ва совуқдан яхши ҳимоялаш хусусиятларига эга бўлади. Шунингдек, табиий газни 8 марта кам сарфлаши, энергия тежамкорлиги ва энг асосийси, унумдор тупроқнинг ишлатилмаслиги билан пишиқ ғиштдан бир неча маротаба афзаллиги билан ажралиб туради.1 метр куб метр ғишт 1800-2000 кг оғирликка эга бўлса, шу ҳажмдаги газобетоннинг оғирлиги атиги 500-700 кг ни ташкил этади.

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер