Нью-Йоркдан навбатдаги чартер рейс билан 233 йўловчи олиб келинди

11:57 14 Август 2020 Жамият
426 0

Нью-Йоркдан Uzbekistan Airways​ авиакомпанияси самолётида навбатдаги чартер рейс билан 233 нафар йўловчи Тошкентга олиб келинди.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ахборотига кўра, махсус рейс Республика махсус комиссиясининг чартер рейсларни ташкил этиш жадвалига мувофиқ маҳаллий вақт билан 13:00 да (Тошкент вақти билан 22.00) Жон Кеннеди халқаро аэропортидан амалга оширилди. Самолёт бугун куннинг биринчи ярмида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўниши кутилмоқда.

Самолёт бортида АҚШ ва Канадада вақтинча ва доимий яшаётган 214 нафар Ўзбекистон фуқароси (шундан 10 нафари ёш болалар), АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасининг 14 нафар дипломати ва улар оила аъзолари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги халқаро мактабларга ишлаш учун таклиф этилган 5 нафар ўқитувчи бор.

Барча йўловчилар авиачипталарни сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш пайтида улар талабига биноан махсус ажратилган жойлар ва меҳмонхоналарда 10 кунлик карантинда қолиш қоидаларига риоя қилишлари зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Америка Қўшма Штатларидаги дипломатларимизга кўра, июнь-август ойларида Америка қитъасидан 1 минг 414 нафар Ўзбекистон фуқароси, шунингдек, 45 нафар чет давлат фуқароси мамлакатмизга олиб келинган. 

Мазкур чартер рейс учун йўловчилар рўйхатини шакллантириш июнь ойида бошланган. Шундан буён Ўзбекистонга қайтишга кўмаклашишни сўраб 853 нафар ватандош мурожаат қилди. Лекин, рўйхатга олинганлардан 564 нафари Ўзбекистонга келиш фикридан қайтишганини маълум қилди. Улар «Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент» йўналишидаги мунтазам парвозлар тикланишини ҳамда коронавирус билан боғлиқ вазият юмшашини кутишга қарор қилди.

13 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонга қайтиш мақсадида ташкил қилинадиган навбатдаги рейс учун рўйхатдан ўтган фуқаролар сони 75 кишини ташкил этмоқда.

Америка Қўшма Штатларидаги дипломатик ваколатхоналаримиз, «Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент» йўналиши бўйича махсус чартер рейсларни амалга ошириш Республика махсус комиссиясининг олдиндан тасдиқланган қарорига биноан амалга оширилишини, улар жадвали ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинишини эслатиб ўтди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги ва Нью-Йоркдаги дипломатик ваколатхоналари келгуси ойларда Тошкентга боришни режалаштирган ватандошлардан элчихона ёки Бош консулхонага мурожаат қилиб, йўловчилар рўйхатида қайд этилишни сўрамоқда. Консуллик идоралари вакилларининг алоқа маълумотлари дипломатик ваколатхоналар веб-сайтларида мавжуд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?