Нуруллоҳ Остоннинг ёруғ сўзи

Таниқли болалар шоири Нуруллоҳ Остон 70 ёшга тўлди
Уни яхши танимас эдим. Аммо таниқли шоир Чоршамнинг дала ҳовлисидаги тадбирда ҳамда Тошкентдаги кутубхоналардан биридаги ижодий учрашувда самимий гурунглашиб, ижодкор Нуруллоҳ Остонни қайтадан кашф этгандек бўлдим.
У ижодий учрашувда сўзга чиқди. Бадиий ижод ҳақида ажойиб фикрлар билдирди. Ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантириш машаққатлари тўғрисида ўзининг мулоҳазаларини, шу билан бирга айрим таклифларини ҳам айтиб ўтди.
Нуруллоҳ Остон тарихий романлар ҳақида сўзлар экан, ўтмиш хусусида тўлқинланиб гапирди. Унинг билимдонлиги, ижодга иштиёқи ва ёниқ шеърлари тадбир иштирокчиларини лол қолдирди. Кейин мухлислар ундан айрим шеърларини ўқишни илтимос қилишди. Шоир асарларини ифодали, ниҳоятда чиройли ўқиди.
Севгилим, сен гулим,биринчи гулим,
Сочингга етмади узатган қўлим.
Юракда дарбадар бир тўлқин қолди,
Туташмас йўлингга тўлқин-да, йўлим.
Таниқли шоир Турсунбой Адашбоевнинг қайд этишича, талантли шоир Нуруллоҳ Остон ижодининг асосий йўналиши мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга қаратилган бўлиб, шеърларида кичкинтойларнинг соф туйғулари, шўх, беғубор қилиқлари, ота-оналарига, дўстларига муносабати пишиқ-ихчам сатрларда очиб берилади. Кузатувчан шоир болалар дунёсига хос хусусиятларни ёрқин тасвирларда беради, ранг-баранг шеърлар содда ва равон тилда ёзилгани боис ўқувчини ўзига жалб этади.
Шоир ижодида сўз танлаш ва уларни маҳорат билан болалар идрокига етказишга интилиш анъанаси бор. Бу, аввало, катта авлод болалар шоирларидан олган сабоқлари натижасидир. Қолаверса, жаҳон болалар шоирлари ижодини ўзбек тилига ўгириб, тажриба орттирган шоир болалар шеъриятига қўйиладиган талабларни яхши англайди. У бадиий образлар ва таъсирчан сўзларни саралаб тақдим этар экан, том маънода тарбиячи ва мураббий вазифасини бажаради. Ижодкор болалар кўп нарсани англашига ва ҳис қилиш қобилиятига эга эканини тушунади, шунинг учун шоирнинг шеърларида ана шу жиҳатлар бўртиб кўзга ташланади.
Швед болалар адабиётининг қироли деб ном олган болалар шоири Леннарт Хельсинг болалар адабиёти чегараларини сон-саноқсиз янги мавзулар, янги қаҳрамонлар, ўйноқи оҳанглар билан чексизликкача етказган. “Ҳар қандай панд-насиҳатли санъат яхши эмас, лекин ҳар қандай яхши санъат ибратлидир”, деган эди Леннарт Хельсинг.
Болалар учун мўлжаллаб ёзилган шеър ва достонлар енгил ўқилиши ва болалар томонидан қийналмасдан идрок қилиниши жиҳатидан аҳамиятлидир. Шоир шеърларида мураккаб сўзларни деярли ишлатмайди ҳамда ўзига хос ташбеҳлар қўллаш орқали жўнликдан қочади. Равонлик ва соддалик, халқ оғзаки ижодига, сўзлашув тилига яқинлиги шеърларнинг бадииятини янада оширади. Шоир болаларга панд-насиҳат қилиш ниятидан йироқ, шунинг учун у ўқувчига ўзининг дўстидай, тенгдошидай, суҳбатдошидай муносабатда бўлади ва самимият уйғотади. Шу билан бирга, шеър ва достонлар композицияси яхлитлиги, ундаги мавзуларнинг тизимлилиги, изчиллиги ҳамда бир-бирига боғлиқлиги, уйғунлиги ўқувчини зериктирмайди.
Бу-истеъдодли болалар шоири Нуруллоҳ Остон ижодига кекса авлод вакили томонидан берилган юксак баҳодир!
Шоир абадий мавзу-муҳаббат хусусидаги асарларида кўнглида туғён урган дардларини, изтиробларини қоғозга тўкади. Бу нолалар оҳ-воҳлар эмас, балки юрак қатида яширинган олов туйғулар эканини англайсиз. Мисраларга шундайгина кўз югуртириб бўлмайди. Ундаги ижодкор ғояси, лирик қаҳрамон дилидаги тўлғанишлар сизни ўйлашга, фикрлашга ундайди. Шеърни ўқир экансиз қалбингиз чарақлаб кетади. Дилингиз севги суруридан ларзага келади. Беихтиёр яна сатрлар мутолаасига киришасиз.
Карвон йўлларида чашма кўрингай,
Қарасанг, мен каби ташна кўрингай.
Севги маҳдудлари ошна кўрингай,
Адашган қайга йўл тутдинг.?
Нуруллоҳ Остоннинг болалиги Самарқанд туманидаги Туркманқишлоқда кечди. Ҳатто мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ шеърлар, турли жанрлардаги мақолалар ёзишга киришган эди. Бошқа синфдошлари мен инженер ёки агроном бўламан, деса у камтарликни йиғиштириб қўйиб, “Мен келажакда албатта шоир бўлиб етишаман!” деяр эди. У йигирма олти ёшида Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тугаллаганида ҳам қирқ саккиз варақли умумий дафтари шеърий сатрларга тўла эди. Нуруллоҳ Остон бу асарларининг кўпчилигини болаларга бағишлаб ёзганини курсдошлари ҳамон қувончдан энтикиб эслашади.
Куртаклади токимиз,
Гулга кирди нокимиз.
Кўкда қушлар чулдирар,
Ерда майса гуркирар.
Кичкинтойларга атаб ёзилган юқоридаги асарларни фақат болаларгина эмас, ҳатто катталар ҳам қувончу завқ билан ўқишига ишонгинг келади. Чунки муаллиф шеърдан кутилмаган хулосалар чиқаради, болалар қалбини очишга интилади. Бундай асарлар табиийки кичкинтойлар тасаввурини кенгайтиради, тушунчасини оширади. Энг асосийси шеърлар болаларни зериктирмайди. Шунингдек, асар сюжети ҳам болаларбоп. Бундан ташқари улар тушунишга қийналмайди, шоир тили содда ва ширали. Шеърдаги образлар, ташбеҳлар асарда илгари сурилган фикрни ўқувчи тез илғаб олишига имкон беради. Болаларга хос табиийлик, қувноқлик ҳамда самимият шоир битикларида балқиб туради.
Боғча ва мактаб ёшидаги болалар учун тайёрлаган китобларидан бирининг номи “Қирдаги қуёшчалар” деб номланган.
Ёнди кўкнинг найзаси,
Унди ернинг майсаси.
Шамол келди, ел келди,
Шовқин билан сел келди.
дея ёзади у кичкинтойларга бағишланган “Ҳамал” шеърида. Бошқа бир асарида эса болалар жуда қизиқадиган воқеаларга эътибор қаратади.
Табиийки, мактабгача ва мактаб ёшидагилар учун асар яратишнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Аввало муаллиф кичкинтойлар характерини, унинг қизиқишларини яхши ўрганиб олиши, уларни қизиқтирадиган сюжетлар асосида шеърий ҳамда насрий асарлар яратиши даркор. Бу борада Нуруллоҳ Остон маҳорати тобора ошиб бораётганини қуйидаги мисралардан ҳам англаш қийин эмас.
Болакайлар мўлтирар,
Қорбобо не келтирар?
Қопида совға-салом,
Тилида ширин калом.
Шоирнинг болалар учун “Юлдузлар чақнаган тун”, “Баҳор рақси”, “Тонгга пешвоз чиқайлик”, Қўрқмас улоқча” деб номланган шеърий тўпламлари нашр этилганини алоҳида қайд этишни истар эдим..
Унинг катталар учун ёзган шеърлари ҳам ўқувчиларнинг маънавий мулкига айланган. “Йўлдаги булоқ”, “Юрагимнинг безовта гули”, “Қадим йўлларда”, “Осмон тўла фаришта”, “Фасли кўклам”, “Фасли ишқ”, “Ҳидоят чароғи” номли тўпламлари юртимизнинг кўпчилик кутубхоналаридан жой олгани диққатга сазовордир.
Нуруллоҳ Остоннинг ҳажвий асарлари ҳам оз эмас. У “Расмий лақма”, “Йиғлайдиган ўлик”, “Кесакнинг таъсири” каби юморга бой ҳажвий жанрлардаги китоблари билан ўзбек адабиёти хазинасини бойитди. Унинг “Уйланиш”, “Яланғоч одам” “Эски дўкон”, “Мужик нимани хоҳлайди?” сингари ҳажвияларини маза қилиб ўқиганман. Бу асарларда айрим кишилар феъл-атворидаги салбий жиҳатлар аёвсиз танқид остига олинган, уларнинг асл башаралари очиб берилгани эътиборингизни жалб этади. “Ҳозир нима кўп, тўйлар кўп. Қариндош-уруғ, ошна-оғайнилардан Худо берган – никоҳ тўйидан чиқиб, суннат тўйига, ундан чиқиб Пайғамбар ёши, мучал тўйига бўзчининг мокисидай югураман. Айниқса рўза олдидан ҳамма бараварига келишиб олгандай қичаб қолади. Эрталаб тўй, тушда тўй. Бормасанг астойдил хафа бўлишади”. Муаллиф “Эски дўкон” ҳажвиясида кишилар ҳаётидаги айрим иллатларни ана шу йўсинда танқид қилади.
У олий ўқув юртида олган билимлари ҳали етарли эмаслигини яхши билар, яна ўқиш иштиёқида эди. Шу боисдан бир неча йил Россиянинг Ленинград шаҳридаги ўқув юртларидан бирида таълим олди. У ерда ўқиш билан бир қаторда чет эл классикларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилишни ҳам унутмади. Корней Чуковский, Агния Барто, Майкл Розен, Роберт Луис Стивенсон асарларини ўзбек тилига ўгирганлиги диққатни жалб этади. Шоир яна ўнлаб хорижий болалар шоирлари ва адибларининг сара асарларини ўзбек ўқувчиларига тақдим этганлиги мақтовга сазовордир. Айниқса Пушкин, Лермонтов, Гейне ва Мандельштам шеърлари унинг юрагига олов қалади. Ва улардан маҳорат сирларини ўрганиб, лирик сатрлар тизди.
Жимжима ўринлар пинжидан олдим,
Термулган бемаъно чирик кўзларни.
Ва бедард йўлчининг қўйнида кўрдим,
Занг босган нафсига шерик сўзларни.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Носир Тоировнинг таъкидлашича, Нуруллоҳ Остон болалар учун “Султон Жалолиддин. Шайх Кубро” тарихий достонини ёзиб, нашрга тайёрлади. Асар болаларда келажакка умид ва ишонч уйғотади, уларни тарих зарварақларидан хабардор қилади, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялайди. Нуруллоҳ Остон болалар шеъриятида сўз ўйинига, буюмлар билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратади. Бу шеърлар тасаввурга эрк беради, бола онгини маънавий бойитишга, фикрлашга, ўзини кучли ҳис қилишига, улғайишига хизмат қилади. У фақатгина ўйинчоқлар, табиат, одамлар дунёсини очиш билан чекланиб қолмайди, уларнинг митти қалбига ўз шеърлари орқали ахлоқий ғояларни сингдиради. Унинг кескин ва шаддод, ўйинқароқ шеърлари болаларни ижод эркинлигига, қувонч ва шодликка ундайди. Шоир ижодида “Ҳурватан” номли тўплами алоҳида ўрин тутади. Ватан қисмати, бутун бошли халқ қисмати, шоир ана шу қисмат залворини ҳар бир сўзда ҳис қилади.
Нурулла Остоннинг талабалик йилларидаги хотиралар ҳақида яқин дўсти, курсдошларидан бири, бугунги кунда адиб Жумақул Қурбонов алоҳида таъкидлаб ўтадики, талабалик йилларимда шоир дўстларим Очил Тоҳир, Нурулла Остон, Жамол Сирожиддин, Асрор Нурбоевлар билан бир ижарада бирга турардик. Дарсдан бўш пайтларда мен ҳикояларимни, шоирлар эса шеърларини кўтариб, таҳририятлар эшикларини тақиллатиб чиқардик. Бирон газета ё журналда бир машқимиз босилиб чиқса, кўчамизда байрам бўлиб кетарди. Лекин бундай ҳол ойда-йилда бир мартагина бўларди, холос.
–Босмаса босмасин, – фиғони фалакка чиқиб, қалингина шеър дафтарини столга қарсиллатиб урарди Нурулла. – Энди редакциясига қадамимни ҳам босмайман! Газета ўзингники бўлмаса, бирон нарсанг ҳам чиқмас экан!
–Ана энди ўзингга келаяпсан, шоир, – деди гапга қўшилмай, четда китоб ўқиб турган Асрор. – Кел, ўзимиз газета чиқарамиз. Шунда ҳар сонда сенинг шеъринг билан Жумақулнинг ҳикояси босилади...
Шу-шу ижарахонамизнинг деворий газетаси ташкил қилинди. Ҳар ўн-ўн беш кунда янгиланиб турадиган бу газетанинг ҳар сонида Нурулланинг шеъри босилиб турса-да, барибир унинг кўнгли тўлмасди.” Нимага ҳикоянг бунча узун?! Газетанинг ярмини эгаллаб олибди! деб менга ташланиб қолса, “Шеърни ҳам аччиқ ичакдай чўзибсан, қара, учта шеърим сиғмай қолди” деб Очил билан ғижиллашарди.
Бу болалик, талабалик хотиралари бугунги кунда таниқли ижодкорлар-Нурулла Остон, Очил Тоҳир ва Жумақул Қурбоновнинг характерига хос хусусиятларни англаб олишимизга кўмакка келади.
У ўзбек шеъриятига Назар Шукур, Чори Аваз, Жамол Сирожиддин, Яҳё Тоға, Ғулом Фатҳиддин, Чоршам сингари истеъдодли шоирлар билан бир вақтда кириб келди. Бу авлод вакилларининг аксарияти шеърдек муқаддас неъматга янгича ёндашдилар. Бутунлай ўзгача овоз билан куйлай бошладилар. Энг асосийси, улар поэзия атмосферасига янгича нафас олиб киргани эътиборингизни жалб этади.
Йиллар қайга оқар қайғулим,
Тун бағрида вужудим сим-сим.
Ўрик гули ёнган кечада
Сени излаб боғларни кездим.
Муаллиф рус тилида ёзилган айрим асарларни ўзбек тилига таржима қилганлиги диққатингизни жалб этади. Шоир ана шу йўл билан жаҳон классик адибларининг болалар учун яратган асарларини ҳам ўзбек ўқувчисининг маънавий мулкига айлантирган.
Нуруллоҳ Остон таниқли шоир ва таржимон бўлиш билан бир қаторда жамоат ишларида ҳам фаол.У бир неча йиллар Самарқанд вилоят партия қўмитасида матбуот бўйича секторига раҳбарлик қилди. Кейин Ўзбекистон телевидениесининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири вазифасини ҳам адо этди.” Самарқанд” газетасининг талабчан бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатди. Сўнг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ишлади.Кейинги йилларда эса “Халқ сўзи” газетаси маънавият бўлимининг мудири сифатида анча фаол.Таниқли шоир турли мавзуларни кўтариб чиққани учун минглаб газетхонларнинг ҳурмат ва эътиборини қозонган. Ҳамкасбларидан атоқли шоир Ўткир Раҳмат,Шуҳрат Жабборов ва бошқалар билан маслаҳатлашган ҳолда маънавиятга, ҳар хил мавзуларга доир қизиқарли ва мазмунли материаллар эълон қилаётир.
У ўз ижоди ҳақида қуйидагиларни айтди.
– Ҳеч кимни тан олмай юрганимда болалар шоири Турсунбой Адашбоев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси орқали мен ҳақимда мақола ёзиб, қаердалигимни суриштирган. Кейин билсам, у киши менинг болалар учун ёзган шеърларимни тўплаб, “Шарқ” нашриётига китоб қилиб чиқариш учун берган экан. Менинг маънавий устозим эса Ҳаким Назир деб ҳисоблайман. Сабаби, 1991 йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинаётганимда уюшма раиси Одил Ёқубов комиссия аъзоларига қараб: қани кимда Нуруллоҳ Остоновга савол бор, деб сўраганида атоқли адиб Ҳаким Назир ўрнидан туриб шундай деган: “Мен бу болани танимайман, биринчи кўришим. Лекин исм-фамилиясини айтишганидан кейин эсимга келди: унинг болалар учун ёзган шеърларини ўқиганман, менга жуда маъқул бўлган” деди. Шундан кейин мени Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилишган.
Таниқли адиб Нуруллоҳ Остоннинг ёниқ сўзи болаларга аталган шеърларида, турли жанрлардаги юзлаб асарларида ҳамиша балқиб туради.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг