Нукус яшил ва кўркам шаҳарга айланмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Қорақалпоғистон деганда бу ерда амалга оширилаётган ишлардан хабардор бўлмаганлар хаёлига дастлаб қуриган Орол денгизи, қумлик, саҳролар келиши мумкин. Лекин қуриган денгиз тубида яшил қопламалар барпо этилаётганидан бутун дунё хабардор бўлаяпти, десак муболаға эмас. Мўйноқ, Бўзатов ва Тахтакўпирдаги таъбир жоиз бўлса оламшумул бунёдкорлик ишлари ҳудуддаги аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга қаратаётган эътибори натижасида саҳродаги Нукус бугун яшил шаҳарга айланмоқда.
Йигирманчи аср охирида йирик саноат, илм-фан ва маданият маркази, дўстлик ва биродарлик шаҳри номини олган Нукус шаҳри бугун янада бетакрор қиёфа касб этиб, кўркам ва яшил шаҳарга айланиб бормоқда.
Нукус шаҳри мамлакатимиздаги марказий шаҳарлар орасида ёш ва кўркам шаҳарлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 11 сентябрдаги фармони асосида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси ва шаҳарнинг 70 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳри “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Нукус шаҳрининг ташкил топганига 90 йил тўлмоқда. Тўқсон йил тарих учун жуда қисқа давр. Лекин, ҳозир шаҳарда бир-биридан кўркам иншоотлар, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, замонавий турар-жойлар қад ростлаган. Албатта, бу янгиланишлар шаҳарни бир неча йиллар олдинги кўриниши билан таниш бўлганларнинг ҳайратини ошириши шубҳасиз. Айниқса, меҳмонлар ва Нукусга илк бор ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар томонидан Нукус — яшил шаҳар,— деган таърифлар айни вақтда кўпаймоқда.
Шаҳар атрофидаги йўл бўйларида “Қорақалпоқйўлкўкалам” унитар корхонаси томонидан яшил ҳудудлар ташкил қилинмоқда. Биргина жорий йилги баҳор мавсумида Нукус шаҳар ҳудудидаги А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 765 километридаги “Клевр” кўприги атрофига 20 минг дона шарқ туяси, давлат аҳамиятидаги “Нукус -Чимбой-Тахтакўпир” автомобиль йўли ҳудудларига мингдан ортиқ катальпа, қарағаш ва бошқа турдаги манзарали дарахт ва буталар экилди.

Эътиборлиси, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар ноанъанавий усулда экилди. Улар юқоридан қараганда қорақалпоқ халқининг тарихи ва миллий нақшларини кўринишида экилган бўлиб, бугун барқ уриб ўсаётган дарахтлар кўриниши шаҳримиз меҳмонларининг диққатини тортмоқда. Йўл бўйларига ушбу услубда экилган дарахт кўчатлари «Қора уй» ва қорақалпоқ миллий нақшлари ва пальма дарахти кўринишларини акс эттиради.
Биз, кўчатхонада ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, жараёнларни съёмка қилаётган пайтимиз тасодифан яқинда тайинланган Нукус шаҳар ҳокими Абатбай Данияров келиб қолди.

Булар бугунги кун қаҳрамонлари, - деди Абатбай Данияров кўчатхонада меҳнат қилаётган ишчиларга ишора қилиб. - Мана бугун шаҳримиз маҳалла раислари билан Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига амалга оширадиган ишларимизни келишиб олдик. Шунда ҳар бир маҳалладан камида иккита намунали “яшил кўча”лар қилиб, уларга манзарали кўчатларни экишни белгилаб олдик. Бу ерга келишимни боиси ҳам кузда экиладиган кўчатларимиз захираси ва бугунги парвариши билан танишишдан иборат эди. Шаҳримизни обод ва яшил шаҳар қилиш йўлида барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак, ишчиларимизга қулай шароитлар яратсак, албатта мақсадимизга етамиз, - деди шаҳар ҳокими қисқа суҳбатимиз давомида.
Дарвоқе, Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси жамоаси зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда 52 та махсус техникалар, кўчма техникалардан самарали фойдаланиб келинмоқда. Яқинда шаҳар бўйлаб бошқарманинг 24 нафар участка бошлиқларига электро-велосипедлар берилди.

Эътиборлиси, кўплаб ишчи ходимларнинг велосипед ва бошқа зарур техникалар билан таъминланиши Нукусни яшил шаҳарга айлантиришга, ишларни янада самарали олиб боришга улкан ҳисса қўшаётир.
Бир сўз билан айтганда шаҳар мақомини олганига 90 йил тўлган Нукус - бугунги кунда шаҳримиз меҳмонлари ва чет эллик сайёҳлар томонидан “яшил шаҳар” дея этироф этилмоқда. Биз, бу эътирофларга сабаб бўлган омилларни ва амалдаги ишларни ўз нуқтаи назаримиз билан ифода этишга ҳаракат қилдик. Айни кунларда эса, яшиллик яратувчилари бу эътирофларни ҳаётий ҳақиқатга айлантириш, Нукусни янада яшил маконга айлантиришдек, улкан мақсади кўзлаб, куч ва шижоат билан меҳнат қилишмоқда.







Ғайрат Отажонов,
“Халқ сўзи”
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг