Нукус давлат педагогика институтининг 90 йиллиги нишонланди
Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикасидаги илк олий таълим муассасаси Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг 90 йиллигига бағишланган анжуман ўтказилди.
Тадбир институт тарихи, эришган ютуқлари, жамоанинг илмий-педагогик йўналишда амалга ошираётган ишларининг кўргазмаси билан бошланди. Иштирокчиларга олий таълим муассасаси ҳаётидан тайёрланган видеофильм намойиш этилди.
Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, педагогика институтининг ташкил этилганига 90 йил тўлиши муносабати билан барчани табриклади. Институтда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, илм-фан, таълим ва ёшлар тарбиясида ўз вазифаларини фидокорона бажариб келаётган бир гуруҳ педагог ходимларга фахрий унвон ва кўкрак нишонларини топширди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистонда педагогика институти очилишининг тарихий аҳамияти, ҳозирги даврда таълим соҳасига кадрлар тайёрлашнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумотлар берди.
Таъкидланганидек, 1934 йилда Қорақалпоқ давлат ўқитувчилар институти ташкил этилган. Институт мамлакатимизнинг ҳақиқий маънодаги илм-фан, таълим, маърифат марказига айланди. Бу ерда дастлабки йилларда бир йиллик ҳамда икки йиллик ўқув курсларида таҳсил олган ёшлар халқимизнинг саводхонлик даражасини ошириб, уларни ёруғ ҳаётга йўналтиришда бор куч-ғайратини, билим ва тажрибасини сафарбар қилди. Шу билан бирга, институт битирувчилари халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб, республикамизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди.
— Институтда ўқиб билим олган битирувчилар орасидан 6 нафар академик ва 5 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони етишиб чиққан, — дейди Нукус давлат педагогика институти ректори вазифасини бажарувчиси Қувондиқ Қодиров. — Хусусан, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Алланияз Ўтениязов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов, Хива шаҳридаги «Меҳрибонлик уйи» директори бўлиб ишлаган Вера Пак, дунёга машҳур археолог олим Ғайратдин Хўжаниёзовга давлатимизнинг энг олий даражадаги «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги ушбу таълим марказининг қанчалик улуғ ва табаррук эканлигини кўрсатиб тургандек, назаримизда.
Шу билан бирга, илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган академиклар Марат Нурмуҳаммедов, Сабир Камалов, Амин Бахиев, Жуманазар Базарбаев, Ҳусниддин Ҳамидов ва Абатбай Даулетов ушбу даргоҳда таълим олганлиги институт жамоаси учун катта фахр-ғурур бағишлайди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги қийинчиликларга қарамай институт ўз фаолиятини давом эттириб, ижтимоий ва иқтисодий тармоқлар учун олий маълумотли кадрлар тайёрлади.
1944 йилда ҳукумат қарори асосида ушбу таълим маскани Қорақалпоқ давлат педагогика институти деб номланадиган бўлган.
Урушдан кейинги йиллар институт тарихида тараққиёт даври бўлиб, республикамизнинг таълим соҳасидан бошлаб барча соҳаларига мутахассислар тайёрлаб берди.
Мустақиллик йилларида институт нафақат Қорақалпоғистон, республикамизнинг барча вилоятлари, ҳаттоки Марказий Осиё давлатларининг халқ таълими тизимига юқори билим ва кўникмаларга эга педагог кадрлар тайёрлайдиган илм-фан ва таълим марказига айланди.
Ҳозирги вақтда институтда 11 факультет, 2 бўлим, 32 та кафедра бўлиб, жами 26 та бакалавр таълим йўналиши ва 19 та магистратура мутахассислигида 17 мингдан зиёд ёшлар таълим олмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги қарори асосида Элликқалъа тумани ва унга яқин ҳудудларда истиқомат қиладиган талабаларнинг билим олиши, Қорақалпоғистоннинг жанубий туманлари ҳамда Хоразм, Бухоро вилоятлари учун педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида институтнинг Элликқалъа педагогика факультети ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги натижасида давлат бюджети ҳисобидан 76 миллиард сўм маблағ ажратилиб, институт учун 2 минг ўринли янги ўқув биносининг қуриб битказилиши ва фойдаланишга топширилиши, шу билан бирга, моддий-техник базани такомиллаштириш мақсадида ўқув бинолари таъмирланиб, янги лабораториялар, спорт мажмуалари ҳамда талабалар турар жойларининг қурилаётганлиги республикамиздаги биринчи таълим муассасасининг 90 йиллик тўйига, таълим муассасасига номи берилган буюк мумтоз шоиримиз Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Институтда таълим сифатини ошириш, кадрлар тайёрлашнинг янги усулларини жорий этиш мақсадида халқаро нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан самарали алоқалар ўрнатилди.
Бугунги кунда дунёнинг «ТОП-1000»лик рўйхатига кирувчи 62 та олий таълим муассасаси билан шартнома ва меморандумлар тузилган бўлиб, шундан 15 та олий таълим муассасаси QS (Quacquarelli Symonds World University Ranks), THE (Times Higher Education) ҳамда ARWU (The Academic Ranking of World Universities) халқаро рейтингларидан жой олган.
Нукус давлат педагогика институтининг 90 йиллигига бағишланган асосий тантанали тадбирдан кейин анжуман иштирокчиларига институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли ҳамда иқтидорли талабалари, шунингдек, санъат усталарининг ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг