Нотариуслар АҚШда ватандошларимиз билан учрашувлар ўтказмоқда

12:57 26 Февраль 2026 Жамият
484 0

Айни кунларда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди.

Ташриф Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Сафардан кўзланган асосий мақсад — АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар билан бевосита мулоқот ўтказиш, уларни нотариат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий хизматлар ва яратилган янги имкониятлар билан таништиришдан иборат.

23-24 февраль кунлари нотариусларимиз иштирокида Нью-Йорк ва Филадельфия шаҳарларида очиқ мулоқотлар ўтказилган эди.

Навбатдаги учрашув 25 февраль куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда нафақат Вашингтонда, балки Канадада яшовчи юртдошлар ҳам видеоконференция орқали онлайн тарзда иштирок этди.

Учрашув давомида иштирокчиларга нотариат соҳасидаги сўнгги ислоҳотлар ва янгиликлар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди. Айниқса, нотариал ҳаракатларни масофадан туриб, онлайн видеоконференция орқали амалга ошириш имконияти ватандошларда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур янгилик вақт ва ортиқча харажатларни тежаш, шунингдек, муҳим масалаларни тезкор ҳал этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, ишончномалар расмийлаштириш, турли розилик аризалари, мерос масалалари, АҚШда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг Ўзбекистонда тан олинишига доир саволларга мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Учрашув якунида ватандошлар яратилган имконият ва қулайликлар учун Ўзбекистон раҳбарияти, адлия ва нотариат соҳаси вакилларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?