Нодирбек Якуббоев ҳиндистонлик шахматчига қўл бермагани учун танқидларга учради
Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Якуббоев «Tata Steel Chess 2025» турнири доирасидаги баҳсда ҳиндистонлик шахматчи Ваишали Рамешбабу билан ўйин олдидан қўлини сиқиб қўймагани сабабли ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамалар сабаб бўлди ва танқидларга учради.
Ушбу ҳолат турнирнинг 4-тури доирасидаги баҳсда кузатилган. Одатда шахматчилар ўйин бошланишидан олдин бир-бирларининг қўлини сиқиб қўйишади. Аммо Якуббоев Ваишали узатган қўлни сиқиб қўйишни истамаган.
Нодирбек ушбу ҳолатга муносабат билдирар экан, бу иш ўзининг эътиқоди билан боғлиқлигини таъкидлаган.
«Ҳурматли шахматчилар, Ваишали билан ўйинда бўлган вазиятни тушунтирмоқчиман. Аёллар ва ҳиндистонлик шахматчиларни ҳурмат қилган ҳолда, диний сабабларга кўра бошқа аёлларга тегмаслигимни ҳаммага билдирмоқчиман», — деб ёзади Якуббоев ўзининг Х тармоғидаги саҳифасида.
«Мен Ваишали ва унинг укасини Ҳиндистондаги энг кучли шахматчилар сифатида ҳурмат қиламан. Агар мен уни хатти-ҳаракатим билан хафа қилган бўлсам, кечирим сўрайман. Мен қилишим керак бўлган нарсани қиламан. Бугун мен бу ҳақда Ирина Булмагага айтдим. У бунга рози бўлди. Аммо ўйин залига келганимда, ҳакамлар ҳеч бўлмаганда имо-ишора сифатида Намасте қилишим кераклигини айтишди. Дивя (аввал ҳам шундай ҳолат бўлгани назарда тутилмоқда – таҳрир.) ва Ваишали билан бўлган ўйинларда ўйин олдидан уларга бу ҳақда гапира олмадим. Шу сабабли ҳам ноқулай вазият юзага келди», деб қўшимча қилади у.
Бу эса баъзи ҳиндистонликлар томонидан кескин равишда қораланиб, унинг тармоқдаги муносабатида ҳақорат ва тазйиқлар қолдиришмоқда. Хусусан, улардан бири «Сенда спорт маҳорати йўқ ва сенинг муносабатинг кўнгил айнитади», деб ёзиб қолдирган. Аҳамиятлиси шундаки, ўзбекистонлик айрим Х фойдаланувчилари ҳам Нодирбекни ушбу ҳаракати учун қоралаб, ҳамюртининг аввал аёл шахматчилар билан қўл бериб ўйинни бошлаган расмларини жойлашган.
Шунга қарамасдан, изоҳларда спортчимизнинг ҳаракатини сиёсийлаштирмасликни ва нотўғри талқин қилмасликни англатувчи изоҳлар ҳам қолдирилмоқда. Хусусан, Х фаолларидан бири Равшан Бурхонов Нодирбекни танқид қилувчиларга «Агар Нодирбек меҳрибонлик билан Ваишалига меҳмондўстлиги учун мол гўштидан тайёрланган бифтек таклиф қилса ва Ваишали диний эътиқоди туфайли рад этса, Ваишалининг рад этишини ҳурматсизлик деб ҳисоблайсизми?», дея изоҳ қолдирган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шахматчиларнинг ўйин олдидан қўл бериши қатъий белгилаб қўйилган қоида эмас. «FIDE Laws of Chess» (Халқаро шахмат ташкилотининг қоидалар тўплами)нинг 11.1-қоидасида шундай дейилди: «Ўйинчилар шахмат ўйинини обрўсизлантирадиган ҳеч қандай ҳаракат қилмасликлари керак». Бу ерда аниқ қандай ҳурмат кўрсатиш кераклиги эса айтиб ўтилмаган.
ФИДЕ ҳозирча ҳолат юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирмаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг