Нодирбек Абдусатторов яна бир йирик турнирда иштирокини бошлади

16:58 17 Май 2025 Спорт
245 0

Бугундан Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида нуфузли «Sharjah Masters 2025» шахмат турнири ўз бошланди. Турнирда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган кучли шахматчилар иштирок этмоқда.

Кеча Руминиянинг Бухарест шаҳрида ўз якунига етган «Superbet Chess Classic» турнирининг сўнгги турида қатнашган гроссмейстеримиз Нодирбек Абдусатторов дам олишга улгурмасдан, бугун янги мусобақанинг илк турида доналар суришни бошлайди.

У турнирда биринчи рақам остида таснифланган бўлиб, бугунги 1-турда Ҳиндистон вакили Панаяппан Сетхураман билан қора доналарда баҳс олиб бормоқда. Учрашув Тошкент вақти билан соат 17:00да бошланган.

Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 73 минг АҚШ долларини ташкил этади. Нодирбек Абдусатторовдан ташқари «Sharjah Masters» турнирида яна уч нафар гроссмейстеримиз — Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Нигҳматовлар ҳам қатнашяпти.

Улар ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб боришади. Турнир швейсарча тизимда ўтказилади ва жами 9 турдан иборат бўлади. Ҳар бир партияга 90 дақиқа асосий вақт ва ҳар бир юришга 30 сониялик қўшимча вақт белгиланади.

Иштирокчилар орасида Нодирбек Абдусатторовдан кейин иккинчи рақамли фаворит сифатида нидерландиялик кучли гроссмейстер Аниш Гири қайд этилган. Бу эса турнир даражаси ва рақобат кучини янада оширади. «Sharjah Masters» бугунги кунда Осиё ва Европа шахматчилари учун энг муҳим халқаро майдонлардан бирига айланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?