Нодавлат телеканалларда давлат улуши сақланиб қолган

23:09 03 Сентябр 2024 Илм-фан
423 0

Мустақиллик йиллари мамлакатда фаол амалга оширилган эркинлаштириш сиёсати натижасида нодавлат телеканаллар ҳам фаолият юрита бошлади. Оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларга оид қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ҳуқуқий замини мустаҳкамланди. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида» ги, «Ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги Қонунлари соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Давлат томонидан нодавлат телеканалларни ташкил этиш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлашнинг муҳим йўналишига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар натижасида оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, ижтимоий муҳит яратилди. …Ҳозирги кунда юртимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради». Дарҳақиқат, 2023 йилги статистик маълумотларга кўра, мамлакатда 18 та нодавлат телеканал, 19 та радиоканал, Ўзбекистон кабел телевидениесига аъзо бўлган 100 та электрон ОАВ (шундан 52 таси хорижий каналлар) мавжуд. Энг муҳими, нодавлат телеканалларнинг вужудга келиши телеканаллар ўртасида рақобат муҳитини юзага келтирди.

Ўзбекистонда илк нодавлат телестудия «СТВ» номи билан Самарқанд шаҳрида ташкил этилган.

Қорақалпоғистон Республикасида эса 1997 йил 22 апрелдан Тўрткўл телевидениеси тижорат телевидениеси сифатида ташкил этилди. Бу бўйича Тўрткўл туман ҳокимининг қарори қабул қилиниб, 54 фоиз улуш туман ҳокимлигида қолдирилди.

Дастлабки вақтлари 46 фоиз улушга эга таъсисчиларнинг шахсий маблағлари эвазига фаолият бошлаган телеканал ҳудуддаги фаол ишлаб чиқариш корхона-ташкилотлар билан тижорат шартномаси асосида кўрсатувлар тайёрлаб, иқтисодий имкониятларини тиклаб олди. Аммо бу узоққа чўзилмади. 2018 йили иқтисодий инқироз туфайли телеканал қарздорликни тўлиқ қоплаш шарти билан бошқа таъсисчилар қўлига ўтди. Маълумотларга қараганда, телеканал иккинчи таъсисчилар қўлига ўтганда 51 фоиз улуши Тўрткўл туман ҳокимиятига тегишли бўлган. 2022 йил октябрь ойида телеканал 100 фоиз хусусийлаштириб олинган.

Қорақалпоғистондаги нодавлат телеканалларнинг бири 2010 йил 2 сентябрда Амударё туманида бутун ҳудудни қамраб олувчи –«АТВ» нодавлат телеканали ташкил қилинган.

2020 йилдан Қорақалпоғистон миқёсида эфирга узатила бошланган «Амударё ТВ»–«АТВ» телеканали бошқа нодавлат телеканаллар каби реклама ҳисобига молиявий жиҳатдан мустақил бўлди. 51 фоиз таъсисчи улуши билан фаолият олиб борган мазкур телеканал 2023 йил август ойидан эса тўлиқ хусусийлаштирилди.

Пойтахт Нукус шаҳрида фаолият бошлаган «Жаслар ТВ» телеканали 2018 йил 21 январдан ўз теледастурларини эфирга узатишни бошлаган.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, «Жаслар ТВ» телеканали нодавлат телеканал сифатида қайд этилган. Аммо ташкил топгандан буён 51 фоиз таъсисчи улуши сифатида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига тегишли.

Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунининг 2-моддасида Нодавлат нотижорат ташкилотига қуйидагича таъриф берилган: Нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Айнан ушбу қонуннинг 7-моддасининг 7-хатбошисида уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш ҳуқуқига эканлиги кўрсатилган. Шу нуқтаи назаридан нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида эътироф этилади.

Ушбу қонуннинг «Нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш» деб номланган 15-моддасида бир неча хатбошиларда кўрсатиб ўтилган. Яъни:

-Нодавлат нотижорат ташкилоти унинг муассислари (аъзолари) қарори асосида қонунчиликка мувофиқ тузилади.

-Нодавлат нотижорат ташкилотларининг уюшмалари (иттифоқлари) камида иккита нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан тузилиши мумкин.

Энди ушбу қонуннинг олдинги версиясига (08.05.1999 санаси ҳолатига) ҳам эътибор қаратамиз. Чунки телеканаллар олдинги версияси амалда бўлган. Унда ҳам 15-моддасида айнан нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш масаласи қайд этилган:

-Нодавлат нотижорат ташкилоти унинг муассислари (аъзолари) қарори асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.

-Нодавлат нотижорат ташкилотларининг уюшмалари (иттифоқлари) камида иккита нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан тузилиши мумкин. Демак мазкур қонуннинг олдинги ва ҳозирги версиясида ҳам нодавлат ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилиши кўрсатилган.

Мазкур қонунларда нодавлат ташкилотини тузишда давлат ташкилотининг иштироки кўрсатилмаган.

Бугун Конституция ўзгарди, қонунлар ўзгарди. Балки бугун нодавлат сифатида рўйхатга олинган телеканаллардаги давлат улушини бекор қилиш вақти келгандир?

Зеро, Янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

Конституциянинг «Оммавий ахборот воситалари» деб номланган XV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган.

Ўзбекистонда олиб борилаётган либераллаштириш сиёсати нодавлат телеканалларининг ташкил этилиши ва кўпайишига сезиларли ҳисса қўшди. Шу орқали янада ранг-баранг ва рақобатбардош медиа ландшафти ҳосил бўлди.

Оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватловчи қонунчилик базаси ушбу каналларнинг фаолият юритиши ва ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди. «СТВ», «Тўрткўл телевидениеси», «АТВ» ва «Жаслар ТВ» мисолларида нодавлат ОАВнинг хусусийлаштириш ва реклама йўли билан операцион қийинчиликларни енгиш ва иқтисодий мустақилликка эришишдаги салоҳияти ҳамда чидамлилиги намоён бўлди.

Давлатнинг ортиқча аралашувларсиз, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш имконияти нодавлат телеканалларининг асосий характери эканлигини ҳисобга олсак, юқорида қайд этилганидек, агарда 51 фоиз улуши давлат тасарруфидаги ташкилотга тегишли бўлган телеканал нодавлат телеканал дейиш учун етарли эмас. Шу сабабли ҳам нодавлат телеканалга айлантириш йўлида «Жаслар ТВ»нинг катта улушини сотиши ёки ўтказиб бериши лозим.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва нодавлат телеканалларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш орқали Ўзбекистон ўз медиа секторини янада мустаҳкамлаши, жамиятни янада хабардор ва фуқароларнинг фаол бўлишига ҳисса қўшиши мумкин.

 

Перхан Алламбергенова,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети докторанти,

Ўзбекистон Республикаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?