Нима учун Туркий Кенгаш Туризм вазирларининг йиғилиши айнан Қўқон шаҳрида ўтказилмоқда?

2020 йилнинг 23 июнь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК)нинг Туризм вазирларининг V йиғилиши коронавирус пандемияси сабаб видеоконференция шаклида ўтказилди, унда Бош вазир ўринбосари — Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.
Тадбир давомида «Замонавий Ипак йўли» қўшма туристик маҳсулот лойиҳасига Ўзбекистоннинг шаҳарлари ва манзилларини киритиш масаласи муҳокама қилиниб, ТТДҲК Туризм масалалари бўйича вазирларнинг навбатдаги — VI йиғилишини 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди.
Шу боис жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Фарғона водийсида жойлашган Қўқон шаҳрида Туркий Кенгаш Туризм вазирларининг VI йиғилиши ўтказилиши белгиланди.
Нима учун айнан Қўқон шаҳри деган савол туғилиши мумкин? Бунга сабаблар талайгина.
Қўқон шаҳри Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, у қадимдан илм-фан, маданият ҳамда ҳунармандчилик маркази ҳисобланган.
XVIII асрдан бошлаб Қўқон водийнинг сиёсий, иқтисодий, адабиёт ва маданият марказига айланди. Қўқонда яратилган адабий мерос ўзбек халқининг ноёб дурдонасига айланган. Машраб, Хувайдо, Маҳзун, Амирий, Нодира, Увайсий ва яна 200дан зиёд ўзбек мумтоз адиблари шу муҳитнинг маҳсулидир. Ҳозирги ўзбек адабий тили ҳам Қўқон адабий муҳити негизида шаклланган.
Бу даврдаги таълим тизими ҳам ҳавас қилса арзигулик эди. XIX охирига келиб биргина Қўқоннинг ўзида 620 маҳалла масжиди, 240 та бошланғич мактаб, 52 та мадраса, 23 та қорихона мавжуд эди.
Профессор Х.Н.Бобобековнинг «Қўқон 2000» номли китобида келтирилган маълумотларга кўра, 1878 йилда Қўқон шаҳрининг саводхонлик салоҳияти 53 фоизни кўрсатган ва бу кўрсаткич ўз даврида дунёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланган.
Бундан ташқари, Қўқон «шоирлар шаҳри» деб ҳам аталган. ХВИИИ асрнинг биринчи ярмида Қўқон шаҳридаги ҳар бир маҳаллада камида 3 нафардан, жами 720 дан ортиқ шоир яшаб ижод қилган ва улар ўз даврида шаҳарни «назм маркази»га айланишига ҳисса қўшишган.
Яна бир эътиборга молик жиҳат — Ўзбекистондаги илк 13 академик ва Фанлар Академиясининг 4 нафар президенти айнан Қўқон шаҳридан.
Ўзбек миллий ҳунармандчилик намуналари ва амалий санъати усталари ҳам айнан Қўқон атрофида бирлашди, гуркираб яшнади ва энг муҳими, шу кунларга қадар сақланиб қолди. Хусусан, ёғоч ўймакорлик, кулолчилик, кандакорлик, меъморчилик, ипакчилик, читгарлик ва бошқа ўнлаб ҳунар турлари Қўқон хонлиги даврида ўз тараққиёт чўққисига чиқди. Уларнинг маҳсулотлари дунёнинг ўнга яқин давлатига олиб чиқиб сотилар эди.
Шундай экан, ушбу нуфузли халқаро тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг