«Нигоҳ» ижодий лойиҳаси – театр саҳнасида янги нафас

22:17 18 Сентябр 2025 Маданият
218 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

«Нигоҳ» ижодий лойиҳаси ҳақида гап кетганда, аввало, мамлакатимизда театр санъатини қўллаб-қувватлаш ва уни янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни эсламаслик мумкин эмас. Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрда қабул қилинган ПҚ–399-сон қарорида театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш, улар фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш вазифаси белгилаб берилган эди. Шу асосда, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия ва Композиторлар ҳамда бастакорлар уюшмасининг қарори, шунингдек, Президент Администрациясининг топшириғига мувофиқ, «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Бу ташаббуснинг энг асосий ғояси — режиссёр, драматург, композитор ва рассомнинг бир мақсад йўлида ижодий ҳамкорлигини таъминлашдир.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Лойиҳа ёш ижодкорларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли. Театр саҳналарида юксак савиядаги асарлар сони ва сифатини ошириш, уларни халқаро майдонда рақобатбардош қилиш, замон талабига жавоб берувчи спектакллар яратиш – бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бири. «Нигоҳ» айнан шу мақсадларни ўз олдига қўйган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Жорий йил 16–18 сентябрь кунлари Тошкент вилоятининг Заркент қишлоғида жойлашган «Паркент» ижод уйида 10 та жамоа ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Ҳар бир жамоа режиссёр раҳбарлигида драматург, рассом ва композитор билан бирга ишлаб, янгича ғояларни тақдим этди. Асарлар махсус баҳолаш комиссияси томонидан кўриб чиқилди. Комиссия таркибига санъат ва маданият институти профессорлари, Композиторлар уюшмаси, Бадиий академия аъзолари ва тажрибали мутахассислар жалб этилди. Уларнинг асосий эътибори – асарнинг мазмун жиҳатдан замон билан ҳамнафаслиги, жамият ривожига дахлдорлиги ва ижодий ечимларнинг янгилигида бўлди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Натижада 5 та жамоа ғолиб деб топилди. Улар «Нигоҳ» нодавлат нотижорат бирлашмаси томонидан моддий рағбатлантирилади. Энг муҳим томони шундаки, иштирок этган барча асарлар республика театрларида саҳналаштириш учун тавсия этилди. Бу, ўз навбатида, ёш ижодкорларнинг илк қадамлари театр саҳнасидан жой олишини таъминлайди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Лойиҳада иштирок этган драматург Гўзалой Матёқубова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди: «Драматург учун энг катта синов – бу саҳна қонуниятларига мос ёзиш. Чунки ёзувчи қоғозда эркин, аммо саҳнада ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат ўйланган бўлиши керак. Шу жиҳатдан режиссёрнинг талаби, композиторнинг мусиқий ечими, рассомнинг саҳна кўриниши мени янада ўйлантирди. Бу қийинчилик ҳам, бир пайтнинг ўзида катта тажриба ҳам бўлди. Асаримизни тўлиқ саҳнада кўришни орзу қиламан. Шунингдек, янги мавзулар устида ишлаш ниятим бор. Хусусан, замонавий қаҳрамонлар, уларнинг шахсий ва ижтимоий ҳаётидаги зиддиятларни ёритишга қизиқаман. «Нигоҳ» лойиҳаси менга шу ишни давом эттириш учун катта куч ва ишонч берди».

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Шу билан бирга, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова ҳам лойиҳанинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди: «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси ҳақиқатан ҳам ёшлар учун катта мактаб бўлди. Ҳаракатдан тўхтаб, изланишдан узоқлашиб қолган айрим иқтидорли йигит-қизларни ҳам бу ташаббус озгина бўлсада қўзғатди, уларни ижодий майдонга чорлади. Энг муҳими, бу лойиҳа орқали ёшлар бир мақсад атрофида жипслашишди, ҳамфикр ва ҳамнафас бўлишди. Театрнинг келажаги айнан шу жипсликда, ижодий ҳамкорликда намоён бўлади, деб ўйлайман. Ёшлар ўз қуввати, истеъдоди ва куч-ғайратини бирлаштирса, албатта, халқимиз юрагига етиб борувчи саҳна асарлари юзага келади».

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Албатта, ҳар қандай ижодий ташаббуснинг қиймати унинг амалий натижасида кўринади. «Нигоҳ»нинг натижаси эса яқин вақтларда театр саҳналарида намоён бўлади. Асарлар саҳналаштирилиши билан нафақат томошабин, балки кенг жамоатчилик ҳам уларнинг мазмун ва санъат томонидан қимматини баҳолайди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

«Нигоҳ» ёшлар ижодига йўл очадиган, миллий театримиз учун янги нафас бўладиган майдон сифатида катта аҳамиятга эга. Бу ташаббус орқали санъатимизда замонавий қаҳрамонлар, замон руҳи билан уйғун саҳна асарлари пайдо бўлади. Энг муҳими, ижодкорлар моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиб, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имкониятига эга бўлади.

Акрам Хамрақулов,

Юнус Бўриев,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?