Сифатсиз ва ноқонуний бинолар қачон барҳам топади?

10:48 22 Октябр 2025 Жамият
164 0

Бугун юртимизнинг исталган шаҳар ва қишлоғига борманг, янги қурилаётган, таъмирланаётган замонавий бино ва иншоотларни кўрасиз. Янги уйлар, равон йўллар, мактаб ва боғчалар, шифо масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, йирик завод ва корхоналарнинг барчаси фаровонликдан, аҳоли учун юқори турмуш шароити яратилаётганидан нишона, албатта. Аммо айрим қурилиш объектларида “Мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш тутилаётгани ачинарлидир. “Бирники мингга мингники кўпга” деганларидек ҳозир кўпчилик замонавий биноларнинг сифатсизлигидан ташвишга тушмоқда. Сифатсиз қурилишлар асосан давлат объектлари ҳамда қўштирноқ ичидаги тадбиркор – қурувчилар қураётган кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектларида кузатилмоқда.

Самарқанд вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси томонидан ўтказилган назорат ва мониторинг тадбирлари давомида бир қатор шундай ҳолатлар қайд этилгани фикримизни исботлайди. Масалан, Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудудида янгидан қурилаётган бинода текширув ўтказилганда жиддий қоидабузарлик аниқланди. Қурилиш жараёнида шаҳарсозлик нормалари қоида талаблари қўпол равишда бузилган, яъни базальт қопламаси деворга ёпиштирилганда орқа қисмига тўлиқ клей суртилмаган. Объект ҳудудида қурилиш маданиятига ҳам риоя этилмагани боис майдон қурилиш чиқиндилари билан тўлган. Қурилишларда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан қурилиш ташкилоти масъулларига тушунча берилиб, нуқсонлар жойида тузатилди. Бундай камчиликлар инспекция назорати ёки буюртмачи эътиборидан четда қолса нима бўлади?

– Самарқанд шаҳри Семурғ маҳалласидаги Буюк Ипак йўли кўчасида жойлашган 11-сонли кўп қаватли уйнинг 54-хонадонда мулкдор томонидан уйнинг таянч конструкцияси бузилганлиги аниқланди, – дейди Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси раҳбарининг ўринбосари Акобир Чоршанбоев. – Ҳолат юзасидан мулкдорга нисбатан МЖТКнинг 159-моддаси тегишли қисми билан маъмурий жарима қўлланилиб, ўзбошимчалик билан бажарилган қурилишларни ўз ҳолатига қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Ноқонуний қурилишларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар яхши йўлга қўйилмаганлиги ёки бепарволик оқибатида вилоятда ноқонуний қурилишлар сони ҳам йил бошига нисбатан 95 тага ошиб, 440 тага етди. Инспекция томонидан бор-йўғи 112 та ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича судларга даъво ариза киритилган. Судлар томонидан 45 та объектни буздириш бўйича қарор чиқарилган бўлса-да, Мажбурий ижро бюроси томонидан объектларда ҳалича бузиш ишлари бошланмагани савол остида қолмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик соҳасида давлат назоратини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспексия ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг “Маҳаллаларда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига оид қонун бузилишларни олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ҳамда ваколатли органларга хабар бериш ҳақида”ги қўшма қарор қабул қилинганидан кейин ҳам ноқонуний қурилишлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Наҳот бунга мутасаддилар томошабин бўлиб турса? Ҳудудлардаги қурилиш бўлимлари томонидан объектлар устидан етарли назорат ўрнатилмаган. Биргина Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими томонидан Зиёкорлар маҳалласида “Yuksel Group Sam” масъулияти чекланган жамиятига якка тартибда уй-жой қуришга рухсат берилган. Бироқ, етарли назорат йўқлиги сабабли фуқаро томонидан якка тартибда эмас, балки кўп қаватли уй-жой қурилмоқда. Ҳали фойдаланишга топширилмаган 41 та объект электр, газ, сув таъминотига уланиб, тўлақонли фаолият кўрсатаётганлиги аниқланган. Нима сабабдан электр, газ ва сув таъминоти корхоналари уларнинг тармоққа уланишига рухсат берган? Рухсат бермаган бўлса, нега тармоққа уланиши ҳолатига кўз юмиб келинмоқда? Самарқанд шаҳар Нарпай кўчасидаги “Селхозтехника” ва Кимёгарлар шаҳарчаси 29-даҳасидаги “Хуршид Барака Сервис” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қурилган кўп қаватли уй-жойларда аҳоли яшаб келмоқда. Бундай ҳолатларни кўрган бошқа қурувчилар ҳам объектни топширмасдан, давлатга солиқ тўламасдан ҳам фаолият кўрсатса бўларкан, деган хаёлда бинони ҳалигача топширмасдан юрибди.

Бугунги кунда қурилиш муддати тугаган 644 та объект фойдаланишга топширилмаган. Бунинг оқибатида давлат бюджетига ҳам солиқ тушумлари ундирилмаяпти. Хўш, бунга ким жавобгар? Ҳозирда бундай ҳолатлар бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан қаттиқ назорат ўрнатилган. Камчиликларни бартараф этиш бўйича берилган вазифалар ижроси юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. Лекин сифатсиз ва ноқонуний қурилишлар қачон барҳам топади? Бундай ачинарли вазиятларга мутасаддилардан муносабат кутамиз!

Абдулазиз Йўлдошев,

«Халқ сўзи».

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?