Нега қадимий ёдгорликлар учун «Тез ёрдам» хизмати йўқ?

Қадимий шаҳарларимиз, жумладан Бухорода техноген жараёнларда зарар кўрган, ташқи таъсирлар оқибатида емирилиш ҳолатлари кузатилаётган маданий мерос объектлари сони анчагина. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига вилоятдан жами 829 та тарихий ёдгорлик киритилгани ҳам кўп нарсани англатади.Бу ёдгорликларни асраб – авайлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борадаги фикр – мулоҳазаларимизни асрлар ва наслларнинг бебаҳо мулки саналган Исмоил Сомоний мақбараси мисолида баён қилмоқчимиз.
«Бухоронинг девори менман»
Тарихдан яхши маълум: Сомонийлар (819 – 1005 йиллар) даврида илм-у фан, адабиёт гуллаб–яшнади. Давлатчилик тараққий этди. Хусусан, шу сулола вакили, Фарғонада туғилган ва 874 йилда Бухорога келган Исмоил Сомоний ҳукмронлик қилган паллада оламшумул ишлар амалга оширилди.
Манбалар, жумладан, Муҳаммад Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида бу амирга дахлдор кўпгина маълумотларни учратиш мумкин. Унинг элпарварлиги, довюраклиги, жўмардлигини кўрсатувчи бир далил билан кифояланмоқчимиз.
Биласиз, Бухоро атрофи шаҳарни ёвлардан ҳимоя қилиш мақсадида девор билан ўраб олинган. Шу деворни тез–тез таъмирлаш эҳтиёжи туғилар, бу жуда катта кучни талаб қиларди. Одамлар «Деворни таъмирламоқ лозим», дея мурожаат этишганида Исмоил Сомоний «Бухоронинг қалъа девори мен бўламан. То тирик эканман, Бухорога ҳеч қандай ёв кира олмайди», деган экан.
Чиндан ҳам у ҳукмронлик қилган йилларда бирор бир душман Бухорога юриш қилмоққа журъат этмаган.
– Халқ орасида Исмоил Сомонийга тааллуқли турли ривоятлар, ҳикматли сўзлар учрайди, – дейди меҳнат фахрийси, китоб тарғиботи жонкуярларидан бири Раҳмат Ғаниев. – Ота-боболаримиз орқали оғиздан оғизга етиб келган «Мулк аз илму ҳунар, Бе ҳаф аз мероси падар», яъни «Илм-у ҳунардан топган мулкинг отангнинг меросидан афзалроғдур», деган ҳикматни Амир Исмоил айтган экан. Бу билан у илм-у ҳунар битмас–туганмас хазина эканлигини таъкидлаган. Ушбу сўзларни унинг бўлғуси авлодларга даъвати деб қабул қилсак тўғри бўлади.
Исмоил Сомоний мақбарани ким учун қурган эди?
Исмоил Сомоний отаси учун ҳеч қаерда муқобили бўлмаган маҳобатли мақбара қурдиради. Пишиқ ғиштдан барпо этилган бу мақбарани китобга, китоб жавонига ўхшатганлар ҳам йўқ эмас. Тақдирнинг ёзиғини қарангки, бевақт қазо қилган неварасининг жасади ҳам шу мақбарага қўйилади.
Пешанасида нима ёзилганини бандаси билмайди. Исмоил Сомонийнинг ўзини ҳам вафотидан сўнг шу мақбарага дафн этишади.
Яна Наршахийга мурожаат қиламиз: ”Амир Исмоил бемор бўлиб бир неча вақт ётди... Охири икки юз тўқсон бешинчи йил сафар ойининг ўн бешинчисида (907 йил 25 ноябрь) Исмоил Сомоний вафот этди. У йигирма йил Хуросон амири бўлди. Худойи таоло уни раҳмат этсин, негаки унинг даврида Бухоро пойтахт бўлди...”
Даҳма нега мақбара тўрида эмас?
Афсуски, манбаларда Исмоил Сомонийнинг жанозаси билан боғлиқ маълумотлар учрамайди. Маҳобатли мақбара эса бизнинг кунларимизга қадар етиб келди. Бу гўзал иншоотнинг қурилганига минг йилдан ошганини, боши не–не талотўплардан соғ–омон қолганини назарда тутиб, ҳар қанча шукрона қилсак арзийди. Чунки нуқул ғиштдан бино этилган бу ўзига хос санъат асари ота–боболаримизнинг билими, салоҳияти, ўткир ақл-заковатидан дарак бериб турибди.
– Бу гўшани зиёрат қилгани минглаб кишилар келишаётгани, мақбара хорижий сайёҳларнинг ҳайрат-у таҳсинига сазовор бўлаётгани гувоҳиман, – дейди Раҳмат Ғаниев. – Сайёҳларнинг айримлари «Даҳма нега мақбара тўрида эмас, шундоқ кириш жойда турибди», дея таажжубланишади. Гидларнинг баъзилари шу савол берилганида умумий гапдан нарига ўтишмайди.
Чиндан ҳам даҳма нега хилхона тўрида эмас? Биз шу савол билан Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраевга мурожаат қилдик.
– Аввало айтиш керакки, ҳудудда тантанавор гумбазли мақбаралар барпо этиш услуби Исмоил Сомонийдан бошланган, – дейди олим. – У вафот этганидан кейин ҳам одамлар ўз арз-у ҳолларини баён этмоқ учун шу мақбарага келишган, уларга қулай бўлиши учун даҳма мақбаранинг кириш қисмига қўйилган, деган фикрлар йўқ эмас. Қолаверса, отаси ҳам шу мақбарада дафн этилганини эътибордан четда қолдира олмаймиз. Отага ҳурмат нуқтаи назаридан ҳам унинг қабри мақбара тўрига қўйилмагани эҳтимолдан холи эмас...
Мақбара таъмирга муҳтож (ми?)
Яқинда айрим нашрларда ушбу мақбаранинг қаровсиз ётгани таъкидланиб, ҳатто уни «қулаб тушай деб турибди» дея ёзишди.
Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудовнинг маълум қилишича, бу жумла ноўрин ишлатилган. Ўрганиш жараёнида мақбара ғарбий қисми девонинг пастки 8 квадрат метр қисмида шўрланиш ҳолати кузатилган. Мақбарани 2021 йилда реставрация қилиш кўзда тутилмоқда.
Шерзод Маҳмудовнинг фикрига қўшилган ҳолда вилоятда кейинги бир–икки йил давомида кўплаб тарихий обидалар таъмирланганини таъкидлаган бўлур эдик. Лекин бу ушбу йўналишдаги ишлар рисоладагидек дегани эмас. Яна Исмоил Сомоний мақбарасига қайтамиз.
– Яқинда гумбаз қисмидаги бир ғишт кўчиб мақбара том қисмига тушиб кетди, – дейди Раҳматжон ака. – Синчиклаб қараган киши буни дарҳол пайқайди. Афсуски, маданий мерос бошқармасининг тезкор бригадаси йўқ. Биласиз, беморларга «Тез ёрдам» зудлик билан бирламчи ёрдам кўрсатади. Бебаҳо маданий ёдгорликларимизда юзага келадиган шунақанги ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш учун ҳам «Тез ёрдам» хизмати керак. Акс ҳолда...
Бу фикрда жон бор. Биз Раҳмат ака билан мақбара олдида суҳбатлашгандан сўнг уч–тўрт кун ўтиб яна шу обидани кўргани бордик ва кўчиб тушган ғишт ўрни ҳалигача доғ каби турганини кўрдик.
Хулоса ясаш ўзингизга ҳавола.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг