«Нефтчи» очко йўқотди, «Насаф» мағлубиятга учради
7–10 ноябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
28-тур баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Хоразм» 0:2 «Сўғдиёна»
«Бухоро» 1:1 «Нефтчи»
«Қизилқум» 2:1 «Андижон»
«Насаф» 1:2 «Машъал»
«Қўқон-1912» 0:0 «Пахтакор»
ОКМК 3:1 «Навбаҳор»
«Бунёдкор» 1:3 «Динамо»
«Сурхон» 1:0 «Шўртан»
Жами 8 та ўйиндан 3 тасида мезбонлар ғалаба қозонди, яна шунча баҳсда меҳмон жамоаларнинг устунлиги кузатилди. 2 та баҳс дуранг натижа билан якунланди. Келинг, энди эътиборга молик ўйинларга алоҳида тўхталамиз.
Қашқадарё дербиси
Турни бошлаб берган баҳслардан бирида томошабинлар Қашқадарё дербисига гувоҳ бўлишди. «Қарши марказий» стадионида бўлиб ўтган учрашувда «Насаф» клуби «Машъал» жамоасини қабул қилди.
Ўтган таҳлилларимизда «Насаф» жамоасини қийин тақвим кутмоқда ва бундай шароитда «Машъал» клубидан очко олиш жуда муҳим эканини таъкидлаган эдик. Аммо амалда тескариси рўй берди.
«Насаф» клубида ўтган ўйин билан солиштирганда 3 та ўзгариш амалга оширилди. Шала, Черан ва Муҳаммадиев бу гал захирада қолдирилди. Улар ўрнини Абдураҳматов, Ғайбуллаев ва Бозоровлар эгаллади. «Машъал» таркибида эса жиддий ўзгаришлар кузатилмади.
Ўйин жамоаларнинг фаол ҳужумлари билан бошланди ва голлар ҳам ўзини кўп куттирмади. 13-дақиқада «Насаф» жамоаси ҳисобни очди — гол Шароф Муҳиддинов ҳисобига ёзилди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, муборакликлар ҳисобни тенглаштиришди. Биринчи бўлим 1:1 ҳисоби билан якунланди.
Иккинчи бўлимда ғалабага интилган «Насаф» ҳужумларни кучайтирди. Тайм давомида «Машъал» посбони Достон Тўхтабоев бир неча бор жамоасини аниқ голли вазиятлардан қутқариб қолди. 85-дақиқада қарши ҳужумдан сўнг қаршиликлар жазоланди — «Машъал»нинг африкалик легионери Умар Аминӯ ҳал қилувчи голни киритиб, жамоасига ғалабани туҳфа этди.
Шундан сўнг ҳам «Насаф» жамоаси ҳужумларни тўхтатмади, аммо Рўзиқул Бердиев шогирдларига вақт етмади.
Шу тариқа «Насаф» муҳим ўйинда мағлубиятга учради. Ушбу мағлубиятнинг бадали чемпионлик имкониятидан маҳрум бўлиш билан якунланиши эҳтимоли катта.
«Нефтчи» Бухорода очко йўқотди
Виталий Левченко шогирдлари бу гал жиддий синовга дуч келишди. Чемпионлик пойгасининг сўнгги палласида кўплаб жамоалар очко йўқотиб, совринсиз қолганини Суперлигада кўп гувоҳ бўлганмиз.
Бу сафар ҳам «Нефтчи» очко йўқотган бўлсада, «Насаф»нинг мағлубиятидан сўнг чемпионликка асосий даъвогарликни сақлаб қолди. Жамоа кейинги турда ўз майдонида Навоийнинг «Қизилқум» клубини мағлуб этса, сўнгги тур олдидан чемпионликни расмийлаштириши мумкин.
Бухорода бўлиб ўтган ўйинда ҳисоб 51-дақиқада Владимир Йовович томонидан очилди. Одатда ёпиқ ўйинларда 1 та гол натижани ҳал қилган ҳолатларни кўп кўрамиз. Аммо 58-дақиқада Икром Алибоевнинг қизил карточка олиши ва «Нефтчи»нинг майдонда бир киши кам қолиши «Бухоро»га фурсат яратиб берди.
82-дақиқада мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди — гол муаллифи жамоанинг сўнгги ўйинлардаги етакчиларидан бири Доминик Бегич бўлди. Шу тариқа ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланди.
«Динамо»дан ғалаба
Вадим Абрамов бошчилигидаги «Динамо» совринлар учун курашдан четга чиқиб қолгандек эди. Бироқ бу турда гранд жамоаларнинг очко йўқотиши самарқандликларга имконият эшигини яна очди. Энди жамоа сўнгги 3 турда ғалаба қозона олса, 2-ўрин учун ҳам даъвогар бўлиши мумкин.
«Олимпия» стадионида бўлиб ўтган ўйинда «Бунёдкор» футболчиси Имеда Ашортия 43-дақиқада ҳисобни очди. Бу голга самарқандликлар Жаҳонгир Абдусаломов, Дмитрий Плетнёв ва Фирдавс Абдураҳмонов томонидан киритилган 3 гол билан жавоб қайтаришди.
Мухлисларнинг стадионларга ташрифи
28-тур ўйинларини жами 29 668 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу эса ҳар бир учрашувни ўртача 3 709 нафар футбол ихлосмандлари кузатганини англатади.
Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — «Қўқон-1912» ва «Пахтакор» ўйини бўлди. Ушбу беллашувни кўриш учун «Қўқон марказий» стадионига 8 571 нафар мухлис ташриф буюрди.
Энг кам томошабин йиғган ўйин эса «Бунёдкор» ва «Динамо» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган мазкур учрашувни жами 432 нафар мухлис жонли томоша қилди.
Кейинги тур
Ўзбекистон Суперлигасида 29-тур учрашувлари 19–22 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Қуйидаги баҳслар кутилмоқда:
«Шўртан» — «Бухоро»
«Сурхон» — ОКМК
«Пахтакор» — «Насаф»
«Машъал» — «Навбаҳор»
«Динамо» — «Қўқон-1912»
«Андижон» — «Хоразм»
«Сўғдиёна» — «Бунёдкор»
«Нефтчи» — «Қизилқум»
Муҳаммадамин Зуҳриддинов
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг