Назария ва амалиёт уйғунлиги

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида таълим жараёнлари ва курсантларга яратилган шарт-шароитлар ҳавас қилса арзигулик. Бунда, табиийки, давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишга доир қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, десак, айни ҳақиқат.
Академияга уюштирилган пресс-тур давомида ОАВ вакилларига мазкур ўқув муассасасида яратилган қулайликлар, унинг фаолияти, дарс жараёнлари, келгусидаги режалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
— Ҳозирда Академияда кундузги таълим бакалавриат йўналишида тўққизта ихтисослаштирилган, шу билан бирга, магистратура ҳамда таълимнинг сиртқи йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаб келинмоқда, — дейди ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Ҳотамов. — Таълим жараёни кадрларни мақсадли касбий тайёрлашга қаратилиб, биринчи босқичда мутахассислик ҳамда юридик фанларни ўқитиш, жанговар ва жисмоний жиҳатдан тайёрлаш чуқурлаштирилган ҳолда ўтилади. Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида модулли ўқитиш тизими жорий қилинган бўлиб, таълимнинг 60 фоизи назария, 40 фоизи амалий машғулотлар билан олиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, курсантлар амалиёти учун Криминалистик-эскпертиза кафедраси қошида олтита энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ўқув-амалиёт лаборатория хоналари ташкил этилган. Ўқув тезкор-тергов бўлими ташкил этилгани эса курсантларнинг тўғридан-тўғри пойтахт ҳудудида содир бўлган ҳуқуқбузарликларнинг терговга қадар текширув жараёнларида бевосита иштирок этиб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Курсантлар дарсдан кейинги бўш вақтларини қандай ўтказади, деган саволимизга ҳам пресс-тур давомида жавоб олдик. Хусусан, бу борада 280 мингдан ортиқ илмий, бадиий, хорижий нашрлар фонди мавжуд бўлган ахборот-ресурс маркази, 3 та спорт зали ҳамда ёпиқ сув ҳавзаси, замонавий инвентарлар билан жиҳозланган тренажёр заллари курсантлар ихтиёрида. Эътиборлиси, курсант қизларни оилага тайёрлашда ҳам касб-ҳунарга йўналтирувчи турли ўқув курслари ташкил қилинган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Академия тингловчиларининг раҳбарлик кўникмаларини ошириш ва хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида бугунги кунга қадар Россия, Туркия, Хитой, Беларус, Қозоғистон каби давлатларнинг ўттизга яқин турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бундан ташқари, тўққизта халқаро ташкилот билан ҳам ўзаро алоқалар йўлга қўйилган.
Айни чоғда, ёшлар билан мақсадли ишлаш ҳам ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Академия курсантлари сўнгги уч йилда Ўзбекистон, Осиё, жаҳон миқёсидаги нуфузли танлов ва мусобақаларда қатнашиб 56 та олтин, 30 та кумуш, 40 та бронза медалларига сазовор бўлишгани фикримиз тасдиғидир. Курсантларнинг замонавий билимларни пухта эгаллашга иштиёқини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ички ишлар вазири стипендияси, Жалолиддин Мангуберди ҳамда Чўлпон стипендиялари, шунингдек, “Иқтидорли курсант”, “Академия аълочиси” кўкрак нишонлари таъсис этилган.
Умуман олганда, пресс-тур давомида шунга амин бўлдикки, бугун ИИВ Академияси мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун замонавий фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли ҳамда малакали кадрлар тайёрлашда ўзига хос янгича ёндашувлар асосида фаолият олиб бормоқда.
Манзура МАТРАСУЛОВА,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетининг 2-босқич талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг