Назария ва амалиёт уйғунлиги
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сўнгги йилларда мамлакатимиз саноати, қурилиш индустрияси ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларини малакали мутахассислар — муҳандис-техниклар билан таъминлаш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнларда юртимиздаги нуфузли олийгоҳлардан бири бўлган Фарғона политехника институти фаол иштирок этиб келяпти, десак, айни ҳақиқат.
Айни пайтда институт факультетларида 600 нафардан ортиқ юқори малакали педагоглар талабаларга билим бераётир. Таълим ва фан уйғунлигини таъминлаш, илмий тадқиқот ишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор, албатта.
2023-2024 ўқув йилида олийгоҳнинг элликдан ортиқ бакалавр таълим йўналишига қўшимча тарзда замонавий — биотиббиёт муҳандислиги, сунъий интеллект, банк иши ва аудит, йўл ҳаракатини ташкил этиш, транспорт логистикаси, қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, молия ва молия технологиялари, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергия манбалари, ахборот тизимлари ва технологиялари, телекоммуникация технологиялари каби долзарб соҳаларда малакали мутахассислар тайёрлашга киришилди.

Хорижий давлатлардаги нуфузли ОТМлар ва халқаро ташкилотлар билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорликлар натижасида иқтидорли талабаларга таълимнинг маълум қисмини хорижий давлатларда давом эттириш имконини берувчи “ECTS”га асосланган кредит-модул тизими жорий этилди.
Назария билан амалиётни қўшиб олиб боришга асосланган янги лойиҳалар ёшларга илм-фан сирларини мукаммал ўрганиш имконини бермоқда.
Институтда олиб борилаётган ислоҳотлар нафақат ички, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам юқори талаб бўлган малакали мутахассислар тайёрлашга йўналтирилмоқда. Шу боис ҳозирда 110 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари, йигирмадан ортиқ халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилди. АҚШ, Италия, Франция, Германия, Корея, Япония, Россия Федерацияси, Латвия, Португалия, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия каби давлатлардан келган салоҳиятли профессор-ўқитувчи ва мутахассислар талабаларга сабоқ бермоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Институт жамоасининг хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорликлари натижасида “Times Higher Education” халқаро рейтинг ташкилотининг “THE Impact Ranking” йўналиши рейтингида эътироф этилиб, умумий рейтингда “1001+” поғонадан жой олишга эришилди.
Институтда ахборот-ресурс маркази фондини янги ўқув, илмий, бадиий адабиётлар билан бойитиш, марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга муҳим йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Шу боис айни кунда 300 000 та китоб фондига эга бўлган замонавий Ахборот-ресурс маркази фаолиятт тубдан янгиланди.
Ўтган йилнинг биринчи ярмида қиймати 89 млн. сўм бўлган 285 номдаги ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан бойитилган бўлса, йилнинг иккинчи ярмига келиб 368 млн. сўм маблағ йўналтирилган ҳолда 457 номдаги мутахассислик фанлари бўйича хорижий ўқув адабиётлар 881 нусхада сотиб олинди. Натижада профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг замонавий адабиётлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайди.
Бугунга келиб, 600 нафарга яқин талабага хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган, 12 мингга яқин доимий аъзоларига эга Ахборот ресурс марказининг 5 та ўқув ва электрон заллари замонавий талаблар асосида жиҳозланган ва тўлиқ Wi-Fi интернет тармоғига уланган.

Институтда китобхон-ёшлар учун яратилган мухим шароитлардан яна бири — 280 ўринли “Renessans Hall” номи остида очиқ кутубхона фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Бу янги лойиҳа нафақат талаба-ёшларга балки, профессор-ўқитувчилар ва барча ходимларга ўз илмий-ижодий фаолиятларини янгича ташкил этиш имконини берди.
Институтда давлат хусусий шерикчилик асосида “Спин-офф” корхоналари ташкил этилгани, шунингдек, илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган жами 17 та марказ фаолияти йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Боиси ушбу марказлар бир пайтнинг ўзида бир неча кафедра ва “Спин-офф” корхоналарини қамраб олади. Яъни институтнинг бошқарув структурасида марказлар алоҳида ўрин эгаллаган бўлиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта кафедралардаги илмий-тадқиқот ишлари, малакавий амалиёт, стажировкалар марказда олиб борилади.
Бугунги кунда Марказ ва “Спин-офф” корхоналарига 343 нафар талаба жалб қилинган. Айни кунда марказ саъй-ҳаракати билан институт олимлари Фарғона вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи сой ва каналларга умумий қиймати 8 млрд. 569 млн. сўм бўлган гидроагрегат типидаги микроГЭС каскадларини ўрнатиш лойиҳаси устида иш олиб боришяпти.

Дарвоқе, Президентимизнинг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурга асосан, жорий йил давомида Фарғона политехника институти тасарруфидаги бинолар том қисмларига жами 740 кВт/с қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган.
Айни кунда қуввати 270 кВт/с қуёш панеллари ўрнатилиб, ички электр тармоғига уланди. Шунингдек, бош ўқув биноси, механика ва машинасозлик ҳамда компьютерда лойиҳалаш тизимлари факультетлари ўқув биноси, 1-,5-сонли талабалар тураржой биноларида муқобил энергиядан фойдланиш йўлга қўйилди. Қувонарлиси, замонавий қурилмаларни ўрнатиш, тизимга улаш, ишга тушириш билан боғлиқ барча жараёнлар устоз-мураббийлар, талаба-ёшлар томонидан амалга оширилди.
Энг муҳими, бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги энергия тизимларининг умумий ва техник салоҳиятини баҳолаш билан бир қаторда, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини турли иқлимий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда қисқа ва узоқ муддатли илмий башоратлашга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Институт ҳудудида ўрнатилган актинометрик ва метрологик станция ёрдамида ҳудуд учун ўртача соатлик, ўртача кунлик актинометрик ва иқлимий маълумотлар базаси яратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Фарғона политехника институти жамоаси замон билан ҳамнафас, десак муболаға эмас. Зеро, ушбу таълим муассасасида амалга оширилаётган ишлар, талабаларга яратилаётган қулайликлар, тизимда эришилаётган муваффақиятлар ана шундан далолат беради.
Шодиёр МУТАҲАРОВ
(“Халқ сўзи”).
Монтаж ва тасвирлар устаси
Акмал Муҳаммадиев (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида қисқа фурсатга тўхтаган Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони билан учрашув ўтказди
- Шимол ёғдуси — мўжиза эмас даҳшат. Қуёшда X тоифали кучли чақнаш содир бўлди
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг