Назардан четда қолаётган Назартепа

14:08 19 Февраль 2026 Жамият
403 0

Касби туманининг энг олис ҳудудларидан бири бўлган Назартепа маҳалласининг тарихи ўтган асрнинг 60-70 йилларига бориб тақалади. Ўша вақтда Қарши чўлининг ўзлаштирилиши муносабати билан бу ерда кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиб, Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари ишчи кучи сифатида кўчириб келтирилган.

Дастлаб тўқсонга яқин оила келиб яшай бошлаган бўлса, кейинчалик маҳалланинг ҳудуди ҳам, аҳоли сони ҳам йил сайин ошиб борди. Айни пайтда келиб бу ердаги 1027 та хонадонда 6300 нафардан ошиқ киши истиқомат қилмоқда. Шунга монанд ҳудудда йўл, электр таъминоти, оқова сув ва энг асосийси, бандлик билан боғлиқ муаммолар салмоғи ҳам ўсиб кетгани бор гап.

Биргина ишсизлик муаммосини олайлик. Маҳаллада истиқомат қилаётган 6300 нафар аҳолининг 2673 нафари иқтисодий фаол қатлам вакиллари ҳисобланади. Айни пайтда уларнинг маълум қисми ҳудуддаги ижтимоий соҳа ташкилотлари – мактаб, боғча, тиббиёт пунктида, қўшни ҳудудлардаги ташкилотларда ишлашади. Шунингдек, киракашлик, устачилик, савдо-сотиқ, чорвачилик ва шу каби фаолият турлари ортидан яхши даромад топиб, фаровон турмуш кечираётган оилалар бор.

Аммо 6 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада битта блок ғишт ишлаб чиқарадиган ҳамда битта профилдан эшик-ром ясайдиган кичик цехни айтмаса, одамларга иш таклиф этиши мумкин бўлган йирикроқ ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш субъекти мавжуд эмас. Натижада айни пайтда 130 га яқин киши иш излаб хорижга кетган. Яна 110 нафар киши эса ишга муҳтож сифатида рўйхатда турибди. Ҳали бу фақат расмий рақамлар. Ҳақиқий рақамлар эса бундан бир неча баробар юқори. Нега дейсизми?! Унда эшитинг.

Масалан, биргина 2025 йилда маҳаллада турли дастурлар доирасида 37 нафар ишсиз фуқарога 533 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиб, улар “бандлиги таъминланган”лар сафига ўтказилган. Яна тўққиз нафар фуқарога электр скутер, 2 нафарига тикув машинаси берилиб, табиийки, улар ҳам “ишсизлар” рўйхатидан ўчирилган ва ўзини ўзи банд қилганлар сафига қўшилган.

Тўғри, мазкур кичик имкониятдан фойдаланиб ҳам маълум бир соҳада ишни йўлга қўйган, ҳақиқатан даромад топаётганлар бор, аммо нечтадан битта. Бироқ аксарият аҳоли вакиллари имтиёзли кредит ёки иш қуролига эга бўлгани билан амалда ундан фойдаланиб, даромад топаётгани йўқ.

Мисол учун, шу маҳаллада яшовчи Фарида Рўзиевани олайлик. У уч нафар фарзанднинг онаси. Оиланинг ёлғиз боқувчиси. Ўтган йили аёлга битта тикув машинаси берилиб, ўзини-ўзи банд қилганлар қаторига ўтказилган. Аммо бу билан оиланинг иқтисодий аҳволи ўнгланиб қолгани йўқ.

– Профессионал тикувчи бўлмасам-да, тикиш-бичиш қўлимдан келади, – дейди у. – Лекин ҳали тикув машинасидан фойдалана олганим йўқ. Тадбиркорлик, нимадир тикиб, уни реализация қилиш ҳам осон эмас. Ҳозир шунинг ҳаракатидаман.

Маҳалла аҳли ихтиёрида 94 гектар томорқа ер майдони мавжуд. Бироқ сўнгги йиллардаги сув танқислиги ҳисобига, ариққа сув келмай қўйган. Натижада томорқалардан ҳам кутилган даромадни олиб бўлмаяпти. Қишда лой, ёзда тупроқ кўпчийдиган тупроқ йўллару электр таъминотидаги узилишлар ҳам маҳалла аҳлининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Узоқ йиллар давомида назардан четда қолиб келган Назартепада муаммолар кўп.

Шу боисдан ҳам Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги ПФ-143-сонли фармони, ПҚ-330 сонли қарори асосида жорий этилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига энг оғир тоифадаги ҳудудлар қаторида Назартепа маҳалласи ҳам киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 199-сонли мажлис баёни билан эса дастурга киритилган маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг йўналишлари, молиявий манбалари аниқ белгилаб берилди. Дастурга кирган ҳар бир маҳаллага республика ташкилотлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари номма-ном бириктирилиб, ушбу масъулларга ҳар ойда камида бир маротаба ўзига бириктирилган маҳаллага шахсан бориб, ўрганишлар ўтказиш ҳамда ишларни белгиланган тартибда ташкил этиш вазифаси юклатилди. Жумладан, Назартепа маҳалласига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов бириктирилди.

Албатта, бу режалар маҳалла аҳлида истиқболдаги катта ўзгаришларга, ҳудуддаги илдиз отиб кетган муаммолар бирваракайига ижобий ечим топишига умид, ишонч уйғотгани бор гап. Аммо орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, Дастурда кўзда тутилган ишларнинг ярми ҳам бажарилмади. Биз маҳалла фаоллари билан учрашиб, Дастурда белгиланган ишлару уларнинг натижалари ҳақида сўрадик.

– “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ҳудуддаги 2,6 километр йўлга асфальт қоплама, 5,3 километр тупроқ йўлга эса шағал ётқизиш, аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш, электр таъминотини яхшилаш бўйича бир қатор ишларни белгилаб олгандик, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Йигитали Пиримқулов. – Шундан ўтган йил давомида 4 та артезиан қудуқ қазилиб, аҳоли томорқаларининг 60 фоиздан ошиқ қисмига сув етказиб берилиши таъминланди. Шунингдек, битта трансформатор ҳамда 120 та симёғоч янгиланиб, 60 та хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди.

Назартепада бутун бошли дастур ижроси доирасида амалга оширилган ишлар шулар. Йўл, ҳудудда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервиснинг ривожланиши, аҳолининг фаровон турмуш-тарзи учун шарт-шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳамон ўша-ўша. Муаммолар ҳаққоний ўрганилиб, уларни тизимли ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилгани йўқ.

  • Маҳаллага Дастур ижроси бўйича шахсан масъул этиб бириктирилган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов эса шу вақтга қадар Назартепага бирор маротаба ҳам келиб, ҳолатни ўрганмаган.
  • Ҳар ҳолда маҳалла раиси Ибрагим Шукуров ва бошқа фаоллар бир маротаба вазирлик масъуллари, бир неча маротаба Қашқадарё вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси раҳбари ва мутахассислари келиб, иш олиб борганини айтишган бўлса-да, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўзи бириктирилган маҳаллага ҳечқурса бир бор шахсан келиб, ҳолатни ўргангани, муаммоларни ҳал этиш чораларини кўрганига оид бирор далил тақдим этишолмади. Бандлик вазирига бириктирилган маҳаллада ишсизлик энг оғир муаммога айланган. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?