«Наврўз» IV халқаро марафонининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди

23:10 27 Март 2022 Спорт
606 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Пойтахтимизда 2019 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Наврўз» IV халқаро марафони ҳамда илк маротаба Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ярим марафони бўлиб ўтди. 

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Ушбу спорт байрами Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

ШҲТ халқаро ярим марафони даражасидаги нуфузли мусобақа юртимизда илк бор ташкил этилиши. Ушбу марафон AIMS халқаро тузилмасининг «А» таснифидаги сертификациясига эга. Бу ШҲТ ярим марафонида қатнашадиган профессионал спортчиларнинг иштироки, марафон трассаси, унинг ўтиш жараёни ва натижалари халқаро экспертлар томонидан баҳолаб борилишини англатади. Мазкур нуфузли мусобақани Халқаро енгил атлетика федерацияси ҳамда AIMSнинг техник экспертлари Илья Михайловский ва Адрианус Стевенслар баҳолаб боришди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Марафон баҳсларида турли йўналишларда қатнашиш учун жами 2 200 нафардан зиёд киши рўйхатда ўтишган эди. Бугун эса улар рўйхатдан ўтолмаган, аммо югуришга иштиёқманд кўплаб инсонлар ҳам қўшилди ва умумий ҳисобда ушбу халқаро марафонда 2 ярим минг нафардан зиёд инсонлар қатнашди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Иштирокчиларнинг 100 нафардан зиёдини профессионал спортчилар ташкил этган бўлса, қолгани ҳаваскор ва марафонга қизиқувчилардан иборат эди. Шунингдек, марафонда бир қатор хорижий давлат дипломатлари, чет эллик меҳмонлар, санъаткорлар билан бир қаторда спорт соҳасининг таниқли намоёндалари ва юлдузлари, жумладан, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Токио-2020 Олимпия ўйинлари ғолиблари Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов, ММА юлдузи Маҳмуд Муродов ва бошқалар, қолаверса югуриш билан шуғулланаётган фахрийлар ҳам қатнашди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Марафон баҳсларини бошқариб бориш учун республикамизнинг энг тажрибали 80 нафар ҳаками жалб этилди. Шунингдек, ҳакамларга марафон давомида 230 нафар кўнгиллилар ёрдам бериб боришди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Тошкент халқаро марафони бошланиши олдидан ўтказилган расмий очилиш маросимида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов сўзга чиқиб, ушбу марафоннинг аҳамияти, қолаверса югуришнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрнига тўхталиб ўтди ҳамда барча иштирокчиларга бўлажак мусобақаларда омад тилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Таъкидлаш керак, ушбу халқаро марафон нафақат профессионал спортчилар, балки ўз соғлиғи учун қайғурадиган барча ёшдаги югуриш ишқибозларини бир мақсад атрофида бирлаштириб, Ўзбекистондаги энг йирик ва муҳим спорт тадбирларидан бирига айланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Бу йилги марафон баҳслари бир нечта дистанцияда ташкил этилди. Иштирокчилар классик марафон (42 км 195 м.), ярим марафон (21 км 97,5 м), 10 км, экиден (жамоавий эстафета) ҳамда 3 км масофада ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.

Қуйида ғолиб ва совриндорлар билан танишинг:
Эркаклар:

1. Илья Тяпкин (Қирғизистон) – 2:21,42

2. Закирилло Маматқулов (Ўзбекистон, Фарғона вилояти) – 2:22,05

3. Владислав Мамедов (Ўзбекистон, Тошкент вилояти.) – 2:23,18

Аёллар:

1. Гулшаной Сатторова (Қирғизистон) – 2:34,50

2. Екатерина Тунгускова (Ўзбекистон) – 2:39,28

3. Тамилла Кучкарова (Ўзбекистон) – 3:11,23

Ярим марафон

Эркаклар:

1. Нурсултан Кенешбеков (Қирғизистон) – 1:04,28

2. Шоҳрух Давлатов (Ўзбекистон, Сурхондарё) – 1:04,40

3. Отабек Тошқувватов (Ўзбекистон, Самарқанд) – 1:07,58

Аёллар:

1. Азиза Мирзаакбарова (Ўзбекистон, Андижон) – 1:15,20

2. Мария Коробиская (Қирғизистон) – 1:16,47

3. Ситора Қурбонова (Ўзбекистон, Фарғона) – 1:24,43

10 км масофага югуриш

Эркаклар:

1. Бекзод Бойматов (Сурхондарё) – 35:03

2. Отабек Файзуллаев (Сурхондарё) – 35:47

3. Азизбек Насимов (Самарқанд) – 36:26

Аёллар:

1. Дилноза Усмонова (Андижон) – 43:29

2. Гўзал Муҳаммадвалиева (Наманган) – 44:22

3. Фарида Тўлқинбекова (Андижон) – 44:53

Эслатиб ўтамиз, марафон баҳсларида эркаклар ва аёллар ўртасида 1-5-ўринларни эгаллаган иштирокчилар пул мукофотига сазовор бўлишди. Жумладан, 1-ўрин соҳиби 30 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

10 км масофага ўтказилган пойгада эркаклар ва аёллар ўртасида 1-3 ўринларни эгаллаганлар эса мос равишда 3 миллион (1-ўрин), 2 миллион (2-ўрин) ҳамда 1 миллион (3-ўрин) сўм миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритишди. Шунингдек, марафон масофасини белгиланган вақт ичида босиб ўтган иштирокчилар марра медалига сазовор бўлишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер