Навоийликлар япон мўъжизаси сирларини ўрганмоқда

13:18 21 Ноябрь 2024 Жамият
224 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Иқтисодий барқарорликда япон мўъжизаси ҳамон кўпчиликни ҳайратга солади. Ахир, иккинчи жаҳон урушидан тинка мадори қуриган, табиат табиий қазилма бойликлардан сиқиб қўйган кунчиқар юртнинг қисқа фурсатларда дунёнинг энг ривожланган етти мамлакати қаторидан ўрин олиши ҳеч муболағасиз чинакам мўъжиза эмасми?

— Япония иқтисодиёти барқарорлигининг асосий омили унинг мутлақо кичик бизнес равнақига таянганлигида, — дейди Навоий вилоят “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” МЧЖ бош мутахассиси Суҳроб Иззатуллаев. — Мамлакат ялпи ички маҳсулотида уларнинг улуши 53 фоизни ташкил этиб, йирик компанияларнинг қарийб 99 фоизи кичик ва ўрта бизнесга соҳасига мансуб. Мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ярмидан кўпи экспорт қилинади. Ҳатто қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳам 55 фоизга яқини хорижда ўзининг доимий харидорига эга. Япон иқтисодиётининг ҳар қандай инқирозга қарши иммунитетга эгалиги боиси ҳам шунда.

Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришда япон тажрибасини иқтисодиётимизга татбиқ этиш фойдадан холи эмас.

— Япония давлат тажрибаси асосида тадбиркорларимиз замонавий билим кўникмаларга эга бўлиш учун “Ямагата” Университетининг U-HOPE ўқитиш дастури доирасида вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида ҳамда маҳаллаларида марказ ходимлари томонидан 1331 нафар тадбиркор офлайн, 547 нафар тадбиркор онлайн ўқитилди, — дея давом этади С. Иззатуллаев. — Вилоятимиздан менторликка номзод Илҳом Ҳамроев Япониянинг Ямагата университетида U-HOPE ўқув дастури доираси ўқув курсларини муваффақиятли якунлаб, менторлик ҳуқуқини берувчи олтин сертификатни қўлга киритди.

Менторларга келгусида вилоятнинг 11 та туман ва шаҳарларида 1 нафардан жами 11 нафар салоҳиятли тренерларни тайёрлаш вазифаси юклатилган. Шундан сўнг, улар ҳудудлардаги тадбиркорларни доимий равишда ўқитиб боради.

Марказ томонидан тадбиркорларга бизнес режа, молиявий ҳисоботлар, экспорт-импорт амалиётлари, мулкларни баҳолаш, суғурталаш ва нотариал хизматлардан фойдаланиш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорларга бепул юридик хизматлар ва комплекс консультация хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Жумладан, жорий йилда бизнес режа тайёрлашда 925 нафар, молиявий ҳисоботларни тайёрлашда 365, экспорт-импорт амалиётлари бўйича 2, баҳолаш, суғурталаш ва нотариал хизматлардан фойдаланишда 19 нафар тадбиркорнинг муаммолари марказ томонидан кўмак кўрсатилиши натижасида ижобий ҳал этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?