Навоийда қўғирчоқ театри очилади

13:43 19 Август 2022 Маданият
960 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунги жажжи авлод эртакларни қўл телефонидан тинглаб улғаймоқда. Нохуш томони йўқ, бироқ каттаю кичик тобора реалликдан йироқлашиб, «виртуаллашиб» бораётгани хавотирли.

Мамлакатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифларидан бирида шаҳарда қўғирчоқ театри ташкил этиб, бунинг учун янги бино қуриш ташаббусини илгари сурганида ўсиб келаётган авлод қалбида санъатга ошноликни болаликдан уйғотишдек эзгу мақсадни назарда тутган эди.

Шу асосда ўтган йилнинг 4 августида Навоий шаҳрида қўғирчоқ театри пойдевори қўйилиб, бир йил ичида 0,5 гектар ер майдонида 17 млрд. 463 млн. сўм маблағ эвазига 240 томошабинга мўлжалланган замонавий бино қурилиши олиб борилди.

— Мазкур маданият маскани қурилиши соҳада узоқ йиллик тажрибага эга жиззахлик мутахассислар томонидан амалга оширилди, — дейди Навоий вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Нодир Ниёзов. — Қурилиш материалларининг ҳар бири махсус лабораториядан ўтказилиб, иншоотнинг пишиқ ва пухталиги таъминланди. Айни кунларда иншоотда пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Навқирон шаҳар кўркига кўрк қўшаётган театр биноси остонасини ҳатлашингиз билан ўзингизни эртаклар оламига тушгандек ҳис этасиз. Гўзал тоғ табиати, мўъжаз шаршара, эртак қаҳрамонларининг 3 D форматдаги тасвирлари, фойедаги турли макетлар бунёдкорлик ишларига тажрибали рассом, ҳайкалтарош ва дизайнерлар жалб этилганлигидан далолат беради. Жажжи томошабинлар учун ташкил этилган алоҳида ўйин майдончаси ҳамда тамаддихона ота-оналар ва фарзандлар учун бирдек қулай. Театр биноси атрофини ободонлаштириш ҳамда доимий яшилликни таъминлаш мақсадида 215 метр чуқурликдан сув чиқарилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Иншоот мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги тантанасида фойдаланишга топширилади.

— Ушбу маскан нафақат болалар, балки биз педагоглар, ота-оналар учун ҳам байрамга ажойиб совға бўлмоқда, — дейди Навоий шаҳридаги 12 умумтаълим мактабининг директори Одилжон Бобоқулов. — Боиси ёш авлоднинг таълим-тарбиясида санъат, айниқса, театрнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Театр янги ўқув йилидан ўзининг дастлабки мавсумини бошлайди. Бунга Навоий шаҳар маданият бўлими қошидаги «Овунчоқ» қўғирчоқ театри жамоаси пухта ҳозирлик кўриб, учта эртак-спектакль премьерасини маромига етказишмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер