Навоийда «Президент арчаси» тадбири юқори савияда ташкил этилди
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Болажонлар орзиқиб кутадиган “Президент арчаси” Навоий вилоятининг шаҳару туманларида қад ростлаганига икки ҳафтадан ошди. Турфа ранг чироқ ва тақинчоқлар билан зеб берилган бу арчалар ҳар куни жажжиларнинг хушнуд қуршовида. Турли гирляндлардан таралаётган нур кўнгилларни равшан этиб, мурғак қалбларга мунавварлик ато этади.
Президент арчасининг асосий шодиёналари бу йил ҳам муҳташам “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтди. Бу ерда шифтга қадар бўй чўзган арча атрофида болакайлар эртаклар сеҳрли оламига сайр қилди. Театрлаштирилган томошаларда бевосита иштирок этиб, янги йилга ўзлари тайёрлаган дастурларни намойиш этишди.
Ушбу байрам дастури халқимизнинг инсонпарварлик, саховатпешалик каби умуминсоний қадриятларини ўзида мужассам этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Байрам дастурида фаол иштирок этган болакайлар рағбатлантирилди. Вилоят ҳокими Н.Турсунов болаларни Янги 2025 йил байрами билан самимий табриклаб, уларнинг тарбияси, таълим олиши, қувончи, соғлиги, комил инсон бўлиб вояга етиши, касб-ҳунарни мустаҳкам эгаллаши ва ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши давлатимиз сиёсатида энг устувор вазифалардан бирига айлангани, бу борада кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилгани хусусида тўхталди.
Оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, юртимиз тинчлиги йўлида жонини фидо қилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандларига давлатимиз раҳбарининг совғалари топширилди.
Байрам театрлашган саҳна кўринишларига уланиб, қорбобо, қорқиз ва эртак қаҳрамонлари иштирокидаги байрам томошаси болажонларга унутилмас лаҳзаларни ҳадя этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг