Навоийда навоийхонлик давом этмоқда

14:45 09 Февраль 2022 Жамият
763 0

Фото: Халқ сўзи

Сўнгги йилларда Навоийнинг бой ижодий меросини ўрганишда шоир номи билан аталувчи вилоятда ҳам янгича ёндашувлар жорий этилиб, турли танлов ва навоийхонлик кечалари туфайли Ҳазрат ғазалларини ёд олибгина қолмай, балки улардаги ҳар бир сўзнинг изоҳи ва мазмунини илмий асослаётган иқтидорли ёшлар кашф этилмоқда. Шунингдек, вилоятда «Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий анжумани ташкил этиш анъанага айланиб, унда нафақат қўшни мамлакатлар, балки Европа ва Америка қитъасининг ҳам навоийшунос олимлари иштирок этиши йўлга қўйилди.

— Ўрта асрларга қадар мусулмон мамлакатларида диний адабиётда араб, бадиий ижодда форс тили ҳукмронлик қилган бўлса, ҳазрат Навоий ўз ижодий фаолияти билан бу анъана барҳам топишини бошлаб берди, — дейди афғонистонлик навоийшунос Нурилло Аминяр. — Ҳазрат туркий (ўзбек) тилни дағал тил, унда нозик ҳис-туйғуларни нафис тарзда ифодалаб бўлмайди, деган ғайриилмий фикрлар ҳукмрон бир шароитда бу тилни ҳимоя қилиш учун кураш байроқдори сифатида майдонга чиқди. Туркий тилнинг бойлигини, қудрат усалобатини, унинг чексиз имкониятларга эга эканлигини ҳам манзум, ҳам мансур асарлар ёзиб, исботлаб берди.

 

 

Бугун мутафаккир шиор таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан Навоий шаҳрида ҳам кенг мундарижага эга тадбирлар ўтказилди. Дастлаб вилоят фаоллари, турли корхона ва ташкилотлар вакилларидан иборат жамоатчилик, ижодкорлар шоирнинг шаҳар марказидаги муаззам ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳазрат сиймосига эҳтиром бажо келтиришди.

Шундан сўнг шаҳардаги «Фарҳод» маданият саройида Алишер Навоий ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқ ва куйлардан тузилган концерт дастури намойиш этилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?