Навоийда иссиқлик энергияси, табиий газ таъминотида қиш мавсумига тайёргарлик кўрилди

10:49 28 Октябр 2021 Жамият
944 0

Фото: Халқ сўзи

Айни кунларда Навоий шаҳрининг гоҳ у, гоҳ бу ҳудудидаги кўп қаватли уйларида иссиқ сув ва табиий газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Ташвишли ҳол, албатта.

Бироқ шаҳар аҳли бунга кўниккан ва табиий қабул қилмоқдалар. Боиси ҳар йили айни шу кеча-кундузда куз-қиш мавсумига тайёргарлик сўнгги паллага кириб, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси, табиий газ таъминотида тармоқлар юқори босим остида ишлашга ўтказилади. Аниқланган камчиликлар бартараф этилади. Бир сўз билан айтганда, мутахассисларнинг қўли-қўлига тегмайди. Дахлдор корхоналарда иш вақти узайтирилган тартиб жорий этилган. Ҳаракат серқатнов кўчаларда ярим тунда ҳам тармоқларни таъмирлаш ишлари амалга оширилаётганини кўриш мумкин.

- Куз-қиш мавсумини беташвиш ўтказиш мақсадида «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали томонидан белгиланган вазифалар ўз вақтида амалга оширилиб, 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари якунланди, - дейди филиал матбуот котиби Зебо Қутлиева. - Мавсумга тайёргарлик даврида ўтган йили газ босими меъёрдан пасайиши кузатилган ҳудудларда мавжуд сабаблар туман ва маҳаллалар кесимида ўрганилиб, жорий йилда уларни бартараф қилиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тан олиш керак, йилдан-йилга табиий газ истеъмолчилари сонининг ортиб бориши ўтган куз-қиш мавсумида кўпгина ҳудудларда, айниқса, газ тақсимлаш қурилмаларидан узоқда жойлашган хонадонларда газ босимининг пасайишига сабаб бўлди. Бундай ҳолатлар Кармана туманининг Варқ, Каловот, Бешеент, Кўҳнақўрғон ва Гулобод каби маҳаллаларида кўпроқ кузатилди. Шу боис жорий йил мавсумига тайёргарлик жараёнида мазкур ҳудудларда қувурлар ва газ тақсимлаш қурилмалари тўлиқ тафтишдан ўтказилди. Хусусан, 66,8 км газ қувурлари босим остида зичлиги синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланди. 89,6 км ер ости газ қувурлари эса прибор усули билан газ сизиб чиқиш ҳолати мавжуд ёки мавжуд эмаслиги текширилди. Тадбирлар жараёнида Қизилтепа туманида 10 та, Кармана туманида эса 3 та ҳудуд газ қувурларида аниқланган газ сизиб чиқиш ҳолатлари бартараф этилиб, вилоят бўйича 3 минг 638 дона газ тақсимлаш қурилмасида аҳолига газ етказишда хавфсизлик чоралари кўрилди.

Қўшимча қилиш жоиз, ўтган мавсумда Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор ҳамда Хатирчи туманларидаги табиий газ босими пасайиши кузатилган аҳоли пунктларида 13 дона газ тақсимлаш қурилмаларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 1,9 км газ қувурлари кўрикдан ўтказилди.

Куз-қиш мавсумида табиий газ бориши қийин бўлган ҳудудлар истеъмолчиларини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш режасига кўра, 2021 йилнинг тўртинчи чораги давомида жами 4315 тонна 300 кг, 2022 йилнинг биринчи чораги давомида эса 4206 тонна 900 кг суюлтирилган газ етказиш чоралари белгиланди.

Носоз, ностандарт, қўлбола газ жиҳозларидан фойдаланиш оқибатида содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида филиалнинг сервис хизматини ривожлантириш бўлими ходимлари вилоятдаги кўп қаватли уйларнинг 23 263 та хонадонида, шунингдек, 90 691 та ҳовли хонадонларида мавжуд бўлган газ жиҳозларини техник кўрикдан ўтказишди. Шунингдек, 1469 та улгуржи истеъмолчининг 3530 та газ жиҳози ҳам техник кўрикдан ўтказилиб, хавфсизлиги таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда мавсумга тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилди. Кунлар эса совий бошлади, остонада қиш. Унга тайёр бўлсак, қиш ҳар қанча қировли бўлмасин, зийнатли кечади.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер