Ҳисор геология экспедицияси 2025 йилда олтин ва бошқа фойдали қазилмаларни аниқлаш бўйича фаолиятини кенгайтирмоқда (+Фоторепортаж)

Фото: Даврон Эрназаров
Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида — Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларининг тоғли ҳудудларида геологик изланишлар олиб бориб, фойдали қазилмалар бўйича муҳим натижаларга эришмоқда. Экспедиция фаолияти давомида бир қанча маъданли ва номаъдан конлар топилган, уларнинг захиралари аниқланиб, Давлат захиралар балансига топширилган. 2025 йил учун жами 24 та лойиҳа доирасида геологик қидирув ишлари амалга оширилмоқда.
Қашқадарё дала экспедицияси томонидан 7 та лойиҳа доирасида иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳалар олтин, вольфрам, рух, графит ва калий тузлари каби фойдали қазилмаларни излаш ҳамда баҳолаш ишларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятида жойлашган Мадмон майдонидаги Акба олтин конида 2019–2024 йилларда олиб борилган изланишлар натижасида 13 тоннадан ортиқ саноатбоп олтин захираси аниқланиб, Давлат захиралар балансига киритилди. Айни пайтда бу кон атрофида янги захираларни аниқлаш мақсадида изланишлар давом этмоқда.
Сурхондарё дала экспедицияси эса 17 та лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Улардан 7 таси давлат бюджети ҳисобидан, 10 таси эса Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг махсус маблағлари асосида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларда норуда фойдали қазилмалар, қурғошин-рух, мис ва олтин маъданлашувини ўрганиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Ишлар тоғли, мураккаб шароитли ҳудудларда, ер усти ва ер ости лаҳмлари ҳамда бурғилаш йўли билан бажарилмоқда.
2025 йил давомида Ҳисор МГҚЭ бўйича умумий ҳисобда 31 970 м³ ер усти тоғ лаҳмлари, 2900 п.м ер ости лаҳмлари ва 72 000 п.м бурғилаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Режалаштирилаётган захира ҳисоб-китобларига кўра, йилда олтин – 157 тонна, кумуш – 190 тонна, мис – 270 минг тонна, қўрғошин – 42 минг тонна, рух – 48 минг тонна, вольфрам – 8,5 минг тонна, литий – 5 минг тонна ва кўмир – 6000 минг тоннага кўпайтирилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, фойдали қазилмалар прогноз захиралари бўйича ҳам юксалиш режалаштирилган. Жумладан, олтин – 215 тонна, кумуш – 250 тонна, мис – 400 минг тонна, қўрғошин – 56 минг тонна, рух – 60 минг тонна, вольфрам – 8,5 минг тонна, литий – 5 минг тонна ва ноёб металлар 2,4 минг тоннага етказилиши мақсад қилинган.
Жами 131 та лойиҳа доирасида геология-қидирув ишлари олиб борилиши белгиланган бўлиб, улардан 50 таси давлат бюджети ҳисобидан, 24 таси «ОКМК» АЖ маблағлари, 63 таси эса «НКМК» АЖ ҳисобидан молиялаштирилади. Ушбу лойиҳалар республика фойдали қазилмалари базасини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳсин Умурзоқов/Даврон Эрназаров,
"Халқ сўзи".
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг