Навоийда иккита тиббиёт биноси фойдаланишга топширилди

11:17 26 Июль 2024 Жамият
167 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалининг Ангиография бўлими биноси фойдаланишга топширилди. Ангиография қон ва лимфа томирлари касалликларини, шунингдек, мия, юрак, ўпкадаги касалликларни қон томирларидаги ўзгаришларга қараб аниқлашда қўлланилади. Замонавий ангиография қон томирига радио-шаффоф контраст моддани киритиш ва рентгенографияга асосланган флюороскопия каби усуллардан фойдаланган ҳолда тасвирлаш орқали амалга оширилади.

Мазкур бўлим Швейцариянинг «Daytech» компанияси билан ўзаро келишув асосида 530 минг долларлик ангиография қурилмаси билан жиҳозланган. У юрак-қон томир ва соҳадаги бошқа турли касалликларни эрта аниқлаш ҳамда олдини олишга хизмат қилади. Қурилмадан нейрохирургия, неврология, кардиология, қон-томир жарроҳлигида, урология ва терапияда фойдаланиш мумкин.

Вилоятнинг Нурота туманида туғруқ комплекси тўлиқ қайта таъмирланиб, барча қулайликларга эга ҳолда топширилди.

— Марказимиз 2001 йилда қурилган бўлиб, йилига 1800 дан зиёд туғруқ ва юзлаб мураккаб акушерлик-гинекология операциялари ўтказилади, — дейди бўлим шифокори Моҳигул Жабборова. — Тўлиқ реконструкциянинг амалга оширилиши кўрсатилаётган тиббий хизматимиз сифатини янада ошириш имконини тақдим этади.

Реконструкциядан сўнг муассасада гинекология бўлими, туғруққа тайёрлаш бўлими ва туғруқхона бўлими фаолияти давом эттирилиб, янги туғилган чақалоқларда касалликлар аниқланса, шу жойнинг ўзида уларни даволаш имконияти бир қадар кенгайтирилди. Шунингдек, мажмуада скрининг маркази, УТТ, ЭКГ, рақамли рентген аппарати, барча таҳлилларни амалга ошириш имконини берувчи замонавий лаборатория ҳамда таҳлилларни электрон тарзда шифокорларга юбориш, республика шифохоналари билан видеоконференция алоқа ўрнатган ҳолда ташхис қўйиш ва бошқа тиббиёт амалиётларини бажариш имконияти яратилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер