Навоийда фестиваль иштирокчилари "Хайрлашмаймиз, учрашгунча!" дея унга якун ясашди

23:15 18 Июнь 2021 Жамият
1010 0

Сўнгги уч кун ва уч тун навқирон Навоий «Ўзбекистон Ёшлари бирлашайлик!» шиори остида ўтаётган фестиваль шукуҳи оғушида бўлди. Фестиваль иштирокчилари дастлаб, шаҳар марказидаги Алишер Навоий ҳайкалини зиёрат қилиб, пойига гулу гулчамбарлар қўйдилар.

Фестивалнинг дастуридан ўрин олган элликка яқин лойиҳа асосида шаҳарнинг етти нуқтасида марафон, кўрик танлов, турли спорт мусобақалари, халқ ўйинлари, кўргазмалар, баҳс-мунозара, мушоира ва учрашувлар ташкил этилди. Уч кун давомида ўтказилган тадбирларга вилоятнинг 300 мингга яқин ёшлари қамраб олинди. Ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига алоҳида эътибор қаратилиб, фестиваль доирасидаги тадбирларга «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» ҳамда «Темир дафтар»га киритилган оила фарзандлари, ишсиз ёшлар, профилактика-пробация ҳисобига олинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар кенг жалб қилинди.

Халқ таълими бошқармаси тизимидаги таълим муассасалари фестиваль дастуридан ўрин олган аксарият тадбир ва кўргазмаларнинг ижодкори, десак муболаға эмас. Айтайлик, биргина Кармана туманидаги 30-мактаб жамоаси еттита лойиҳа бўйича ўз ишланма ва иқтидорларини намойиш этишган бўлса, олис Томди, Учқудуқ ва Конимех туманларининг чекка овулларидаги таълим даргоҳлари ёшлари ҳам ўзларининг турли йўналишларда эришган ютуқларини, авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий қадрият ва анъаналарини тенгдошлари эътиборига ҳавола қилдилар.

Шаҳарнинг «Илм-маърифат» боғида ташкил этилган ёш ижодкорларнинг «Дуэль» лойиҳаси айниқса, каттаю кичикнинг бирдек эътиборини тортди. Унинг доирасидаги мушоирага Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тойирнинг ташрифи чинакам шеърхонлик байрамига айланиб кетди.

Шунингдек, ушбу боғда ташкил этилган «Шоир ва ёшлар учрашуви» лойиҳасида навоийлик ёш ижодкорлар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, шеър ва адабиёт ихлосмандлари шоир ижодининг энг сўнгги намуналаридан баҳраманд бўлдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Мушоира уюштиришиб, устоз шоирни баҳсга чорлашди. Ёшлар ўз машқларидан ўқишиб, устознинг тавсия ва оқ фотиҳаларини олишди. Куй-қўшиқ ва тароналар учрашувга файз бағишлади.

Ёшларнинг катта авлод билан мароқли учрашувларидан яна бири НКМК Бош директори Қувондиқ Санақулов билан «Замонамиз қаҳрамонлари» лойиҳаси асосида бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Қаҳрамонлари Қ. Санақулов ва Ф. Сойибовлар ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилишган бўлса, навоийлик яна бир Қаҳрамон кончи Анатолий Паниннинг фестиваль иштирокчиларига тилаклари видео орқали етказилди. Учрашувда юртнинг фидойи фарзандлари мамлакатимизда қаҳрамонлик учун ҳар бир ўғил-қизда имконият мавжудлиги хусусида сўзлаб, бунинг йўли, меҳнат, изланиш ва қатъият эканлигини уқдирдилар.

Фестивалда вилоят ҳокими, вилоят прокурори, ИИБ бошлиғи, ДХХБ бошлиғи, Божхона бошқармаси, Солиқ бошқармаси бошлиқлари кубоклари учун спортнинг волейбол, гандбол, мини-футбол турлари ҳамда "Street workout“, ”Cybersport" кўринишлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилди.

Фестивалнинг тунги дастурларидан мамлакатимиз санъат усталари ва бадиий жамоаларининг гала концерт дастурлари ўрин олиб, шаҳар марказидаги «Ёшлар кўли»да устида фестиваль баҳона қурилган саҳнадан «Баҳор» симфоник оркестри ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов жонли ижрода куйлаб, барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

— Ҳар қандай фестиваль жамоа якдиллиги, бирдамлиги ифодаси, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи, сенатор Жамшид Ходжаев. – Албатта, унинг самарасини ўз атрофига қанча ёшларни бирлаштиргани эмас, балки кейинчалик иштирокчилар қалбида ёққан фаоллик, дахлдорлик оловининг тафти давомийлиги билан белгиланади. Шу боисдан фестивалга якун ясалар экан, хайрлашмаймиз, балки учрашгунча, деб қоламиз. Сабаби иштирокчи ёшларнинг ҳаёт йўли ҳали жуда кўплаб тадбирлар, синовлар ва тантаналарда кесишади.

Фестиваль ёшларнинг севимли хонандалари иштирокидаги гала концерт, «Дронлар шоуси» ҳамда байрам мушакбозлиги билан ниҳоясига етди.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?