Навоийда донорлар сафи 202 нафарга етди

16:51 19 Сентябр 2024 Жамият
325 0

Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи”. Қоннинг тирик организмдаги аҳамиятини ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. У танадаги барча органлар фаолиятини ҳаётий озуқалар билан таъминлаб, кўп қон йўқотилишининг асоратларини фақат қон қуйиш билангина бартараф этиш мумкин. Шунда ҳам қон қуйишга муҳтож бўлган кишига унинг ўзигагина хос гуруҳ ва фактордаги қондан фойдаланилади. Бахтга қарши кўпинча кутилмаган вазиятларда қонга эҳтиёж туғилиб, унинг ўрнини бирор дори-дармон ёки восита боса олмас экан, барқарор захирасини яратиш ҳаётий зарурат.

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, тиббиёт муассасаларини барқарор қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 кишига камида ўнтани ёки аҳоли сонига нисбатан 1% ни ташкил этиши керак, — дейди Навоий вилояти қон қўйиш станцияси бош врачи Барот Нормуродов. — Албатта, бу аҳолидан тиббий маданият билан бирга саховатпешалик ва елкадошлик каби инсоний фазилатлар, жамиятдаги кучларнинг бу йўлда бирдамлигини ҳам талаб этади.

Вилоятда “Юксалиш” Халқаро ҳаракати Навоий вилояти бўлинмаси томонидан “Биз донормиз” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар шулар жумласидан бўлиб, унинг уюшқоқлик билан ўтказилиши яхши самара берди.

— Акция доирасида ҳудудий бўлинмамиз Навоий вилояти қон қўйиш станцияси билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, вилоятдаги донорлар сафига қўшимча кўнгиллилар жалб этилди, — дейди “Юксалиш” Халқаро ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Алижон Жалилов. — Натижада вилоятимизда донорлар сони 202 нафарга ошиб, ҳар куни йигирма литрдан зиёд қон топширилди.

Таъкидлаш жоиз, вилоятда донорлар сони ҳали ЖССТ тавсиясидан ҳали анча кам. Табиийки, ушбу ҳолат кутилмаган вазиятларда шифокорларни ҳам, беморларни ҳам бирдек танг аҳволга солиб қўйиши ҳамда ундан ҳеч ким истисно эмаслиги бор гап. Модомики, ҳар бир инсон ҳаётида қон ва қон препаратига ўзи ёки қариндошлари эҳтиёж сезганда фавқулодда тангликнинг олдини олишда улар қалбида инсоний туйғуларни уйғотиш, бировнинг дардига малҳам тутиш энг улуғ савоб эканлигини уқдириш, табиийки ҳафталиклар билан чегараланиб қолмаслиги керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер