Навоийда депутатлар айрим ҳоким ёрдамчилари фаолиятини танқид қилди

18:05 25 Январь 2023 Жамият
639 0

Фото: Халқ сўзи

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги қирқ олтинчи сессиясида давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича Республика Президентининг Навоий вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Файзулла Қувондиқов ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда таъкидланишича, МФЙларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари қисқа вақт ичида ўз зиммаларидаги вазифага масъулият билан ёндашиб, аҳоли ва ҳокимнинг ҳудуддаги чинакам ёрдамчисига айланишмоқда.

— Бироқ айрим маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари масъулиятни ҳис этмагани аҳолининг ҳақли эътирози ва такрорий мурожаатлар ошишига олиб келмоқда, — деди маърузачи Ф. Қувондиқов. — Хусусан, Кармана туманидаги «Хончарбоғ» МФЙда яшовчи ишсиз фуқаро Суръат Умрзоқов имтиёзли кредит асосида мототцикл олиш борасида икки бор мурожаат қилишига қарамасдан, мурожаати қаноатлантирилмаган. Шунингдек, Қизилтепа туманидаги «Узилишкент» МФЙ ҳоким ёрдамчиси А. Бобомуродов ишсиз фуқаро Шаҳзод Нуриллаевнинг мотокултиватор олиш учун кредит масаласидаги мурожаатига ўтган йилнинг октябрь ойидан буён ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатмай келган.

Сессияда ўз ишига совуққонлик билан қараётган мутасаддилар фаолиятидан ўнлаб мисоллар депутатлар эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, Навбаҳор туманининг «Меҳнат» МФЙда яшовчи Г.Шодиева 2022 йил 20 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб, «ёлғиз аёллиги, эгизак фарзандларни тарбиялаётганлиги, турмуш шароити оғирлиги сабабли субсидияга тикув машинаси сўраб, МФЙга мурожаат қилганлигини, аммо натижа бўлмагани учун амалий ёрдам сўраётганлигини» баён этган. Ҳақиқатан ҳам, бу аёлнинг мурожаати ҳоким ёрдамчиси томонидан рад этилиб, уни кўриб чиқиш муддати асоссиз равишда узайтирилган. Навбаҳор туман Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази эса унга тушунарсиз ва юзаки жавоб хати бериш билан кифояланган.

— Бу каби ҳолатларни Учқудуқ туманида ҳам кузатиш мумкин, — дейди Ф. Қувондиқов. — Мисол учун, туманнинг «Йўлчилар» ОФЙ Юксалиш кўчаси 23-уйда яшовчи Муаттар Насвалиеванинг куёвига сартарошлик фаолияти учун субсидия сўраб қилган мурожаатига жавобан туман Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази томонидан 45 кун ўтиб, тушунтириш бериш билан чегараланилган.

Сессияда муҳокамадаги масала бўйича жойларда қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳам қайд этилаётгани очиқланди. Хусусан, Хатирчи туманидаги Қўрғонча ва Фидокор маҳаллаларида ҳоким ёрдамчиларининг «йўл харитаси»да белгиланган иш билан таъминлаш борасидаги вазифалари фақат қоғозда бажарилган, холос. Худди шундай, туманнинг «Бўғирдоқ», «Бунёдкор», «Қуччи», «Новжа», «Пахтакор», «Худдон», «Хўжақулобод» МФЙларда ҳоким ёрдамчилари фаолиятидан аҳоли норози.

Сессияда депутатлар вилоятда ўтган йили ташкил этилган 120 минг иш ўрнини солиқ идораларидаги ҳисоботлар билан солиштириш орқали аниқлик киритиш таклифини маъқулладилар.

Шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер