Навоий шаҳрини хотин-қизлар жиноятидан холи ҳудудга айлантирса бўладими?
Иллюстратив фото
Дабдурустдан эшитган одам бу гапга аниқ жавоб беришга қийналади. Боиси ижтимоий тармоқлар бўрттириб, ошириб-тошириб эълон қилаётган маиший можароларнинг бир қисми хотин-қизлар билан боғлиқ. Шундан бўлса керак, алоҳида бир ҳудудни бир жинс жиноятидан муҳофаза қилиш осон иш эмас. Лекин уриниб кўрса фойдадан холи бўлмайди, назаримда.
— Ҳаммаси вилоятимизда ўтказилган ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматининг “Оила хотиржамлиги – халқ тинчлиги” форумидан бошланган эди, — дейди Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ катта инспектори, подполковник Маҳлиё Мирзаева. — Ўшанда вилоят ўзини ўзи бошқариш органларидаги маҳаллалар бешлигининг ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳамда оилавий ажрим ва низоларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш таклифи илгари сурилган эди.
Шу асосда Навоий вилоятида хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг таҳлилларидан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Навоий вилоят ҳокимлигининг қўшма қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан тасдиқланган Йўл харитасида Навоий шаҳридаги 36 та маҳаллага корхона ва ташкилотлар бириктирилиб, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ва профилактика инспекторлари томонидан шаҳар ҳудудида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди.
Таъкидлаш жоиз, бундай “вазифалар белгилаш”, “бириктириш” каби тадбирлар аслида янгилик эмас. Бу сафар эса бириктирилган корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳалла бешлигига шаҳар ҳудудида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, уларни қийнаётган ижтимоий-маиший муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларга давлат кўмаги кўрсатилиши каби масалаларда бирваракайига амалий ишлар ҳам олиб борилди.
— Вилоят ИИБ ва тизимдаги бўлинмалар ходимлари томонидан “Навоий тажрибаси”ни яратиш борасида “Навоий шаҳрини хотин-қизлар жиноятидан ҳоли ҳудудга айлантирайлик” шиори асосида олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида шаҳар бўйича 779 та кўп қаватли уй ва 59 248 та хонадон деярли тўлиқ ўрганиб чиқилди, — дея давом этади М. Мирзаева. — Мазкур ўрганишларда аҳолининг 1951 та муаммолари аниқланди. Шундан, 332 таси бандлик билан боғлиқ бўлса, 316 таси тиббий йўналишдаги муаммолар, 22 таси мавжуд уй-жойларни таъмирлаш, 142 таси уй-жой таъминоти, 586 таси моддий таъминот, 22 таси оилавий низо, 13 таси оиладаги носоғлом муҳит сабаб бўлаётган омиллар, 203 таси ижтимоий хизматлар билан боғлиқ, 9 таси тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари, 306 таси бошқа ҳолатлар билан боғлиқ муаммолар эканлиги аниқланди. Ҳар бир муаммо ечими бўйича аниқ муддатли ва манзилли вазифалар белгиланди. 100 га яқин муаммо жойида ҳал қилинди. Жумладан, ҳимоя ордери берилиши, низоли оилалар муҳокамаси, оила аъзоларидан бирининг мажбурий даволанишга юборилишига эришилди. 102 та муаммо эса маҳалла ҳудудида аниқланиб, уларнинг ҳал этилиши бўйича тегишли ташкилотларга маълум қилинди.
Шунингдек, ўрганишларда 496 нафар турли профилактик ҳисоб тоифасига мансуб шахслар хусусида тўлиқ маълумот олиниб, уларнинг 94 та муаммоси аниқланди. Шундан, 24 та муаммо ИИБ ходимлари томонидан жойида бартараф этилди.
Хулоса сифатида таъкидлаш лозим, олиб борилган тадбирлар натижасида 2023 йилнинг 5 ойида Навоий шаҳридаги 36 та маҳалладан 15 тасида хотин-қизлар томонидан жиноят содир этилмади. Демак, қолган йигирма биттасида ҳам бунга эришиш, шаҳарни эса хотин-қизлар жиноятидан холи этиш учун имкониятлар мавжуд.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг