Навоий пахтазорларида янги авлод пахта териш машиналари

13:43 03 Октябр 2024 Жамият
226 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган JOHN DEERE CP570 русумли юқори унумли пахта териш машинаси бир сутка давомида 40 гектар майдондаги пахтани йиғиштириб олиш иш унумдорлигига эга. Шу билан бирга, ушбу комбайн терилган хом-ашёни пахта даласининг ўзидаёқ тойлаб, транспортировка учун қулайлик яратади. Айтишларича, ушбу янги авлод пахта териш машиналари дунёнинг тўртта давлати (жумладан Ўзбекистон)да ишлатилиб, ўз функциялари билан соҳанинг фахрийларини ҳайратга солмоқда.

— Ушбу машинада биринчи навбатда ишлаётган кишининг манфаатлари, саломатлиги устувор тутилган, — дейди соҳа фахрийси Карим Носиров — Механизатор кабинасига чанг ҳам, шовқин ҳам кирмайди. Сенсорли дисплей панель ёрдамида бошқарувчи барча жараёнларни ўз назоратида ушлаб туради. Юқори қувватли диодли ёриткичлар куну тун ишлаш имкониятини яратади.

JOHN DEERE CP570 пахта териш машинаси «Навбаҳор текстиль» МЧЖ томонидан харид қилинган бўлиб, туманга жорий йилда келтирилган тўрт агрегатнинг бири. Сўз пахтачиликда қўл меҳнатига барҳам бериш хусусида кетаркан, бу борада ҳудудда изчиллик билан иш олиб борилиб, туман агросаноати парки бугун 14 дона пахта териш машиналарига эга бўлганлигини таъкидлаш жоиз. 2023 йил бошида эса бу рақам бор-йўғи бир донани ташкил этарди.

Сўнгги авлод техникаларининг оппоқ булутлар устида эмас, оппоқ далаларда сузиб юрганига не етсин!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?