Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети битирувчиларига диплом топширилди

19:26 19 Июль 2023 Жамият
620 0

Фото: Халқ сўзи

Университети мамлакатимиз кончилик ҳамда кимё, энергетика саноати учун малакали мутахассислар тайёрлайдиган нуфузли олий ўқув юртларидан бири саналади. Илм даргоҳи рейтинг бўйича республикамиз олий ўқув юртлари орасида бешинчи ўринни банд этиб, қарийб 8,5 минг талабани ўз бағрига олган. Бу 2000 йил билан солиштирганда уч баравардан кўп демакдир.

Шу давр ичида таълим муассасасининг илмий салоҳияти ҳам ошиб, бугун университетнинг 300 кишилик педагогик жамоасининг 29 нафари докторлик 121 нафари эса фан номзоди илмий даражасига эга.

Университетнинг 19 гектарлик ҳудудида олтмиш фоиз майдонни лабораториялар эгаллаган. Бу назарий билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳамда турли илмий изланишлар натижаларини синовдан ўтказишда ҳам қулайликлар яратади.

2021 йили “Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти раҳбариятининг ташаббуси билан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳудудида тўлиқ қуёш энергиясидан фойдаланиб, ер ости сувларини тоза ичимлик сувига айлантириб берувчи янги намунадаги сув тозалаш қурилмаси яратилди.

— Ҳаётимнинг университетда таҳсил олган тўрт йилини энг бахтли онларим деб ҳисоблайман, — дейди кон муҳандиси мутахассислигини эгаллаган Мухлиса Очилова. — Таълим олиш билан бирга турли танлов ва фан олимпиадаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритдим. Шу боис илмий изланишларни давом эттириш ниятидаман.

Университетнинг 2022-2023 ўқув йилини Мухлиса қатори бакалавриат йўналишида 689 нафар, магистратура йўналишида эса 88 нафар йигит-қиз тамомлаб, уларга мутахассислик дипломлари тантанали топширилди.

Ёш мутахассисларни “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ Бош директори Қувондиқ Санақулов қутлаб, уларнинг келгуси ҳаётида муваффақиятлар тилади. Изланувчан ва юқори салоҳиятга эга мутахассислар учун комбинат эшиклари ҳар доим очиқлигини таъкидлади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер