“Насаф”нинг янги ўйинчилари жамоатчиликка таништирилди

17:16 09 Февраль 2024 Спорт
402 0

Қашқадарё вилоят мусиқали-драма театрида “Насаф” футбол клуби аъзоларини тақдирлаш ҳамда клубнинг янги ўйинчиларини кенг жамоатчиликка таништиришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, “Насаф” жамоаси ўтган йили ўз тарихидаги энг самарали мавсумлардан бирини ўтказди. Хусусан, жамоа Ўзбекистон суперлигасида кумуш медалларни қўлга киритди. Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Осиё чемпионлар лигаси баҳсларида қийин гуруҳдан чиқиб, плей-оффга йўлланмани қўлга киритди.

Бу йил эса жамоанинг мақсадлари янада юқори. Жамоа мавсумни 14 февраль куни ОЧЛ 1/8 финали доирасидаги БААнинг “Ал Айн” клубига қарши кечадиган ўйин билан бошлайди. Шунингдек, Ўзбекистон суперлигасида ўзининг илк чемпионлигини қўлга киритишни, Ўзбекистон кубоги баҳсларида эса чемпионликни муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилишган.

Шунга мувофиқ, мавсумлар оралиғида жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штаби муносиб тайёргарликни амалга оширди. Трансферлар бозорида фаоллик кўрсатди. Хусусан, “Локомотив”дан дарвозабон Зафар Сафаевни, “Нефтчи”дан ярим ҳимоячи Шароф Муҳиддиновни, “Қизилқум”дан ярим ҳимоячи Ислом Кенжабоевни, Қозоғистоннинг “Шахтёр” клубидан ярим ҳимоячи Темур Чогадзени (Грузия), Албаниянинг “Партизани” жамоасидан ярим ҳимоячи Виктор да Силвани (Бразилия), “Навбаҳор”дан ҳимоячи Игор Голбанни, Грузиянинг “Динамо Тбилиси”сидан ҳужумчи Зоран Марушични (Сербия) ва “Ордабаси” (Қозоғистон)дан ҳужумчи Бобир Абдухолиқовни ўз сафига қўшиб олди.

Тантанали маросимида “Насаф”чиларга Ўзбекистон суперлигаси кумуш медалларини Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, клуб президенти Шуҳрат Асланов топширди ва жамоага янги мавсум ҳамда халқаро майдондаги кейинги ўйинларда ҳам омад тилашди. Шунингдек, жамоа таркибига келиб қўшилган янги футболчилар кенг жамоатчиликка таништирилиб, уларга клуб рамзий либослари топширилди.

Таниқли санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури тадбирга янада ўзгача шукуҳ бағишлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?